Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:35

Тўрткўлда милиция бўлимида комага тушган йигит вафот этди. Оиласи унинг қийноқдан ўлганини иддао қилмоқда


26 июль куни кома холатида Тўрткўл тумани касалхонасига олиб келинган Илҳомбой Саъдуллаев 11 август куни оламдан ўтди.
26 июль куни кома холатида Тўрткўл тумани касалхонасига олиб келинган Илҳомбой Саъдуллаев 11 август куни оламдан ўтди.

26 июль куни Тўрткўл туман милиция таянч пунктидан кома ҳолатида касалхонага олиб келинган 39 яшар Илҳомбой Саъдуллаев 11 август куни ўлди.

Саъдуллаевнинг турмуш ўртоғи Чамангул Ҳажиева Озодлик билан суҳбатда эри Тўрткўл туман Ибн Сино маҳалласи милиция таянч пунктига 26 июль куни соппа-соғ олиб кетилгани, милиция бўлимида уни калтаклаб, кома ҳолатига туширишганини иддао қилди.

Қорақалпоғистон республикаси Тўрткўл туман касалхонасининг Жонлантириш бўлими бошлиғи Абдурасул Ражаббоев беморнинг бош мия ёпиқ жароҳати туфайли ҳаётдан кўз юмганини билдирди.

Тўрткўл туман прокуратураси ўлим юзасидан терговга қадар суриштирув ўтказмоқда.

Жанжал

Чамангул Ҳажиеванинг айтишича, 26 июль куни эри Илҳомбой Саъдуллаев ичиб келиб, уйда жанжал кўтарган. Бақир-чақир овозини эшитган қўшнилар милиция чақирган.

- Оилада бўлиб турадику. Ичиб келди¸ жанжал чиқарди. Лекин менга қўл кўтаргани йўқ. Қўшнилар милицияга қўнғироқ қилишган экан, келишди. Милиция келгунича эрим босилиб қолган эди. Шунга қарамай машинага босиб олиб кетишди. Икки соатдан кейин, мени Ибн Сино милиция таянч пунктига чақиришди. Борсам комада ётибди. Ерда юзини пастга қаратиб ётқизиб қўйишибди. Калласига сув қуйилган. Оёғини таги қизарган, кейин касалхонада кўкарди. Калласининг орқа томони шиш эди. Милиция "ҳеч нарса қилмадик" дейди. Тез ёрдам чақиришган экан ¸мениям қўшиб касалхонага олиб кетишди.

Касалхонада кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай¸ Илҳомбой Саъдуллаев комадан чиқмаган ва 11 август куни вафот этган.

Тўрткўл касалхонасининг Жонлантириш бўлими бошлиғи Абдурасул Ражаббоев Озодликка Саъдуллаевнинг бош мия ёпиқ жароҳати оқибатида ўлганини айтди.

- Комада судороги тутиб олиб келинди. Бўйин қисми қирилган, чап полвон суяги тирналган. Маст бўлган экан-да шу куни. Калласи билан ерга тушганми, нима бўлганини билмаймиз. Аста-секин гематома кўпайиб, кўпайиб мияни қисади-да. Шу куни прокуратура келди. Ҳолатни ўрганиб кетди. Ҳозир прокуратура суриштиряпти, экспертиза қилишди.

Тўрткўл туман прокуратураси Илҳомбой Саъдуллаевнинг ўлими юзасидан терговолди суриштируви ўтказаётганини Озодликка тасдиқлади.

- Текширув бўляпти, экспертиза қилинди, ҳаммаси ўрганиляпти, - дея гапни қисқа қилди исмини очиқламаган прокуратура ходими.

Тўрткўл туман Ички ишлар бўлимининг ўзини Маҳмуд деб таништирган ходими ҳамкасбларининг Саъдуллаевга нисбатан куч қўллаганини кескин инкор қилди.

- Ҳеч ким урмаган. Лекин, мен сизга бу ҳақда ҳеч нарса айтолмайман, айниқса телефонда. Буни ҳозир прокуратура текширяпти, - деди ИИБ ходими.

Қийноқ иддаолари

Марҳум Илҳомбой Саъдуллаевнинг отаси Комил Саъдуллаев ҳам ўғли милиция бўлимига соппа-соғ олиб кетилганини айтади.

- Шу куни жанжал бўлганида "келинга азоб берма, қўй"¸дедим. Телефони SIM картасига пул қўймагани учун уруш чиқарган. Бақир-чақир қилаверганидан кейин¸ юзига икки шапалоқ ҳам туширдим. Лекин комага тушадиган ҳолатда эмас, албатта. Менинг ўғлимку барибир. Кейин учатскавойлар келди. Бўйнидан босиб олиб кетишди. Ўғлим ўз оёғи билан кетди. Келиним борса¸ уже комада. Ҳеч касал бўлмаган эди. Нима қилишди у ерда билмаймиз уни.

Чамангул Ҳажиева эрининг милиция таянч пунктида қаттиқ калтаклашгани унинг ўлимига сабаб бўлганини гумон қилади.

- Олдин ҳам шу таянч пукнтида қўшнимизни калтаклашганди. У ер жуда ёмон. Участкавойга борсам, "прокуратурага айтиб берибсан устимиздан, алкаш эрингдан қутқарганимизнинг раҳматими бу", дейди. "Эй", дедим, "сизлар қутқарсангизлар шунақа қилиб қутқарасизларми, қийнаб ўлдириб қутқарасизларми", дедим. Эр қаттиқ гапирган бўлиши, ичиб келган бўлиши мумкин, лекин бунинг учун уни уриш керак эмаску.

Зўравонлик ҳолатлари

Озодлик сўнгги бир ярим ой ичида ИИБ ходимлари фуқароларга куч қўллаши билан боғлиқ ўндан ортиқ ҳолатни ёритди.

Кучли резонанс уйғотган ҳолат июнь ойи бошида Андижонда рўй берди.

Андижонда ИИБ ходимлари 33 ёшли фуқарога куч қўллагани ва оқибатда 11 кун беҳуш, кома ҳолатда ётиб, сўнгра 11 июнь куни ҳаётдан кўз юмгани ижтимоий тармоқларни ларзага солди.

Бунинг ортидан ижтимоий тармоқларда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов истеъфоси ва вазирликни қайтадан ташкил қилиш талаб қилиш бошланди.

Олий мажлиснинг камида икки депутати ҳам Ички ишлар вазири Бобожонов истеъфосини талаб қилди.

Айрим депутатлар Ички ишлар вазирлигини тугатиш, керак деган таклиф билан ҳам чиқди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам июнь ойидаги селектор мажлисида Андижондаги қийноқларда ИИВ раҳбариятини айблаган эди.

"Нима учун тезкор-қидирув ва терговни назорат қилувчи прокурорлар, ички ишлар раҳбарлари бунга биз айбдормиз, деб чиқиб айтмайди. Ўша ходимларнинг билимини оширмадик, қонун билан ишлаш, одамлар билан муомала қилишга ўргатмадик, деб нима учун халқдан кечирим сўрамайсизлар? Бу каби нохуш ҳолатлар такрорланмаслиги учун қайси тизим ёки ҳудудий идора раҳбари аниқ режа ёки дастур ишлаб чиқди? Минг афсус билан айтиш керак, сизлардаги лоқайдлик ва билимсизлик ислоҳотларимизни обрўсизлантирмоқда", деган эди Мирзиёев.

"Жазосизлик"

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Тўрткўл туманидаги бўлими раҳбари Машарип Йўлдошев қийноқ қўллаган ИИБ ходимларининг аксар ҳолларда жазосиз қолаëтгани қийноқлар кучайиши ортидаги асосий омил деб билади.

- Айнан жазосизлик сабаб қийноқлар ҳозир ҳам давом этиб келяпти. Президент ҳам қийноқларни таг-туби билан йўқ қиламиз деган, лекин қийноққа солувчилар жазосиз қолаётган экан ёки енгилроқ жазо билан қутилиб қолаётган экан¸ бу муаммо давом этаверади.

Андижондаги ўлим ортидан шаҳар ИИБнинг уч нафар ходими мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, қонунга хилоф равишда ҳибсга олиш, гумонланувчини қийноққа солиш ҳамда шафқатсиз муомала қилишда айбланиб, қамоққа олингани хабар қилинган.

XS
SM
MD
LG