Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:52

1991 йилдан бери Тошкентда ишлаётган америкалик инвестор шаҳар ҳокимидан товон ундира олмаяпти


Тошкент. Метронинг янги линиясини қуриш кўплаб иншоотларни бузиш эвазига амалга оширилди.
Тошкент. Метронинг янги линиясини қуриш кўплаб иншоотларни бузиш эвазига амалга оширилди.

Cўнгги беш кундан буён ҳеч қандай ўзгариш юз бергани йўқ. Тошкент шаҳри расмийлари Президент фармонларини ҳам, Вазирлар Маҳкамаси қарорларини ҳам эътиборга олмаяпти.

“Сўнгги беш кун” дер экан, иши 2018 йили тўхтаб қолган Altromark хорижий ширкати раҳбари корхонаси билан боғлиқ 2,5 йилдан буён ечилмаётган муаммолар тўғрисидаги мақола чиққанидан буён ўтган вақтни назарда тутмоқда.

Altromark раҳбари Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳанузгача товон тўлашга доир келишув тузилмаганни билдирди.

Nuz.uz 26 августда босган мақола Altromark билан боғлиқ шу сайтда ёритилган учинчи материалдир, бироқ Тошкент расмийлари шу пайтгача бу чиқишларга ҳеч қандай муносабат билдирган эмас.

Тошкент шаҳар, Яшнобод туманида 1991 йили очилиб, иши 2018 йили тўхтаб қолган Altromark масъулияти чекланган жамият -хорижий корхона (МЧЖ ХК) директори Сергей Александров корхонаси муаммолари моҳияти тўғрисида 31 августда Озодликка бундай деди:

“Ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келган, қарийб 2 млн доллар устав капитали бор, мамлакат бозорида 1991 йилдан буён мавжуд хорижий инвестор икки ярим йилдан буён ишсиз. Тошкент метроси қурилиши учун корхонамизни бузадиган бўлишди. Товон тўлаймиз ¸дейишди. Ваъда ишондик. Заводимизни бузишди. Охир-оқибат товон пулиям тўлиқ тўланмади. Завод ҳам йўқ”.

Altromark корхонаси ҳақда ва корхона билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўртасида 2,5 йилдан буён ҳал бўлмай келаётган муаммолар тўғрисида nuz.uz сайти қуйидаги видеосюжетида ҳикоя қилган.

Altromarkдан ногиронлар араваси, газ ҳисоблагич, ҳайинчалак, овоз кучайтиргич, махсус машина ва бошқалар...

Директор Сергей Александровнинг айтишича, 1991 йили Ўзбекистонда иш бошлаган Altromark корхонаси ўтган йиллар давомида жами 50 000 та ногиронлар араваси ишлаб чиқарган, улардан 800 таси ногиронлиги бор болалар ва катталарга бепул берилган.

1996 йили Altromark ҳукумат топшириғига биноан газ ва сув ҳисоблагичлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган ва шу кунгача 300 000 та ҳисоблагич ишлаб чиқарилган. Александровнинг айтишича, бу асбоблар носоз чиққани тўғрисида битта ҳам шикоят тушмаган.

Altromark ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар ногиронлар аравасию ҳисоблагичларгина эмас, корхонанинг бошқа турдаги маҳсулотлари билан унинг расмий сайтида танишишингиз мумкин.

Altromark бузиладиган бўлди

Тошкент метросининг янги линияси қуриладиган бўлди ва шу сабабли қурилиш ҳудудда бўлган бошқа иншоотлар қатори 2018 нинг февралида Altromark ҳам бузиладиган бўлди.

Бундан Altromark ваҳимага тушгани йўқ. “Чунки мамлакат қонунларига биноан бузиладиган иншоотларимиз учун товон тўланишига ишонардик” дейди Сергей Александров.

У яна Ўзбекистон президентининг “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини эслатди. Фармонга биноан:

"ер участкаларини олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилади".

Altromark қанча товонга умид қилган?

Сергей Александровнинг айтишича, корхонага қарашли мулк бузилаётган пайтда бир ҳисоб бўлган бўлса, бугунга келиб бошқа ҳисоб:

Altromarkнинг таъсисчилари ва раҳбарияти бузилган ишлаб чиқариш иншоотлари учун 2,994 млн. доллар ҳамда корхона учинчи йил бекор тургани учун 1,655 млн. доллар тўланиши, корхонанинг 2,9 гектарли ер участкасининг олиб қўйилган тақрибан 1,4 гектари ўрнига ер участкаси берилиши, корхона тасарруфида қолган ер участкасининг чегарасини аниқлаш учун қизил чизиқ тортиб берилиши лозим, деб ҳисоблайди.

Altromarkнинг сносга тушган мулки баҳоланди

Nuz.uz сайтининг ёзишича, товон тўлаш учун Altromarkнинг сносга тушган мулкини баҳолаш лозим эди ва Тошкент расмийлари мулкдорга бу ишни Hisob va biznes baholash МЧЖда қилишни тавсия қилган.

Hisob va biznes baholash Altromarkнинг сносга тушган иншоотларини 23 млрд (тақрибан 2 млн 300 минг доллар) сўмга баҳолаган.

Altromark раҳбарияти бундай баҳони кам деб қабул қилмаган.

Тошкент раҳбарларининг Altromark раҳбариятига ваъдаси

2019 нинг 15 ноябрида Тошкент шаҳар, Яшнобод туман ҳокими Х. Тиллашайхов Altromark директори С. Александров билан учрашувда олиб қўйилаётган ер эвазига ер беришни, кўрилган зарарни қоплашни, қолган территория қизил чизиғини тортиб беришни ваъда қилади. Бироқ бу келишув оғзаки бўлган ва у юқоридаги видеода акс этган.

Сергей Александровнинг 31 августда Озодликка билдиришича, Тиллашайхов билан бўлиб ўтган учрашувдан 2 соат ўтиб, у Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан ҳам учрашган ва шаҳар ҳокимидан ҳам икки соат олдин туман ҳокимидан эшитгани ваъдани эшитган.

Ҳокимиятга ўзи танлаган Hisob va biznes baholashнинг ҳисоби ёқмади

Hisob va biznes baholash корхонаси чиқариб берган баҳони оз деб Altromark раҳбарияти ёқтирмаган бўлса, ҳокимият кўп деб ёқтирмади.

Масалани чуқур ўрганган nuz.uzнинг ёзишича, ҳокимлик мулозимларидан бири (nuz.uz унинг айнан ким эканлигини билишини ёзди) Hisob va biznes baholashга баҳони камайтиришни буюради. Hisob va biznes baholash баҳони икки марта ўзгартиради. “Боз устига ўша мулозим (исми бизга яхши маълум) берилиши керак бўлган тўловга оид дастлабки баҳони камроққа – 18 млрд сўм қилиб ўзгартирган” деб ёзди сайт.

Келишув имзоланмай 18 млрд сўм тўланди

Тошкент шаҳар ҳокими Ж. Ортиқхўжаев 2019 йил, 21 ноябрда Altromarkка товон сифатида 18 млрд сўм ажратиш тўғрисида қарор чиқаради. Олиб қўйилган ер эвазига ер ажратилмайди. Бой берилган фойдани қоплаш тўғрисида ҳам ҳеч нарса дейилмаган.

Ортиқхўжаевнинг қарори чиққан куннинг эртасига Яшнобод туман ҳокими Тиллашайхов ҳам Altromark юзасидан ўз қарорини чиқаради. Қарорда 18 млрд сўм тўлансин, бу ҳақда Altromark билан келишув тузилсин, дейилган.

Бироқ Сергей Александровнинг айтишича, ҳеч қандай келишув тузилмаган, пул эса, тушириб берилган.

Балога қолган Hisob va biznes baholash

18 млрд сўмни Altromarkка тўлаб берганидан сўнг кўп ўтмай, ҳокимлик “кўп тўлаб қўйганини” тушуниб қолади ва Hisob va biznes baholashнинг янги баҳоси пайдо бўлади. Бу гал Altromarkка тўланадиган пул 16,678 млрд. сўмни ташкил қилади ва Сергей Александровнинг айтишича, ҳокимлик орадаги фарқ - 1,34 млрд. сўмни Hisob va biznes baholashдан ундирмоқчи, бу ҳақда суд қарори ҳам мавжуд.

Altromarkнинг шу кундаги аҳволи

Корхона 2018 нинг февралидан буён ишламаяпти. 150 киши ишлаб келган корхонада иш жойлари йўқотилган. Замонавий технологиялар бекор турибди. Олиб қўйилган ер эвазига ер берилмагани учун янги маҳсулот ишлаб чиқариш номаълум муддатга кечиктирилган.

Мақолани тайёрлаш жараёнида на шаҳар ҳокимлиги, на Яшнобод туман ҳокимлиги ва на Hisob va biznes baholash телефонларини биров кўтарди.

Altromark муассислари кенгаши раиси Н. Малюганинг Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга очиқ хатини 2019 нинг 16 июлида, яна ўша муаллифнинг Президент Мирзиёевга ёзган хатини 2019 нинг 22 октябрида эълон қилган nuz.uz сайти ҳар учала материал юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига ижтимоий тармоқларда билдирилган фикрларни жамлаб байрамдан сўнг – 3 сентябрда мурожаат қилажагини Озодликка билдирди.

Nuz.uz Altromarkка доир 26 августдаги мақоласини мана бундай фикр билан якунлаган:

“Altromark МЧЖ ХК билан боғлиқ воқеа жаҳоннинг барча мамлакатларида Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ходимларидан мамлакатдаги инвестициявий муҳитнинг соғломлиги, коррупцияга қарши курашилаётгани ҳамда Қонуннинг руҳига ҳам, ҳарфига ҳам амал қилинаётганини эшитаётган чет элликларга сабоқдир”.

XS
SM
MD
LG