Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:28

Экспонатлари ўғирлангани айтилган Фарғона музейи директори ишдан бўшатилди


Фарғона тарихи ва маданияти давлат музейи
Фарғона тарихи ва маданияти давлат музейи

Республикадаги энг эски музейлардан бири бўлган Фарғона вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи директори Баҳодир Хошимов 8 сентябрда Фарғона вилоят прокуратураси тақдимномасига биноан ишдан бўшатилди.

Баҳодир Хошимовни ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ матнида «Жамият мулкига нисбатан ҳалол муносбатда бўлишига салбий таъсир кўрсатувчи омиллар кўпайгани» ва музейда «қонун бузилиш ҳолатларига мунтазам йўл қўйилгани» ишдан бўшатиш сабаби сифатида кўрсатилган.

Фарғона вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Б. Султонов имзолаган буйруқ матнидан (Озодликда буйруқ нусхаси бор) унга Фарғона вилоят прокуратурасининг жорий йил, 15 августда бошқармага келиб тушган тақдимномаси асос бўлгани тушунилади ва буйруқда «музей ичидаги талон-торожга мойил муҳит юзага келгани” таъкидланади.

Бундан олдин музей бош мухофизи Зумрад Аҳмедова музейга оид Кирим китобини уйда сақлаганлик ва қадимий қозихона ëзишмаларидан иборат осори атиқаларни сотганликда гумонланган эди.

2019 йилнинг 29 декабрида Фарғона шаҳар ИИО ФМБ “Қозихона хужжати Аҳмедованинг шахсий мулки бўлгани боис, бу ҳаракатларда жиноят аломати йўқ" деб топади.

Озодликда нусхаси мавжуд бўлган ҳужжатда бош мухофиз Зумрад Аҳмедова билан боғлиқ ДХХ Фарғона вилоят бошқармаси ўтказган тезкор тадбир тафсилотлари акс этган.

Музейдаги аҳвол юзасидан тақдимнома
Музейдаги аҳвол юзасидан тақдимнома

Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими бошлиғи¸ майор А. Сотволдиев имзо чеккан ва жорий йилнинг 31 январида Фарғона вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Султоновга жўнатилган тақдимномада музей экспонатлари сотилгани ҳақида гап боради.

“Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида Фарғона вилоят тарихи ва маданияти давлат музейига тегишли бўлган 26 варақдаги қозихона ҳужжатлари З. Аҳмедова тарафидан сотиб юборилгани аниқланган” дейилади ҳужжатда.

Айни ҳужжатда таъкидланишича¸ музейда сақланиши шарт бўлган музейга оид 5 дона Кирим китоби Бош мухофизнинг уйидан топилган.

Тақдимнома ортидан жорий йилнинг 11 февралида вилоят маданият бошқармаси Бош мухофиз билан меҳнат шартномасини бекор қилади.

Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг 20 майдаги очиқ мажлиси қарори билан Бош мухофиз ишга қайта тикланади.

Аммо музейда сақланиши зарур ва шарт бўлган китобларнинг нега Бош мухофиз уйида бўлгани ҳақидаги савол жавобсиз қолади.

Бу саволга жавоб топиш мақсадида шу кунларда музей коллекциясини инвентаризация қилиш бўйича ишчи гуруҳ фаолият олиб бормоқда.

Бу ишчи гуруҳнинг вазифасидан яхши хабардор санъатшунос Абдумалик Турдиевнинг Озодликка айтишича¸ музейдаги экспонатларнинг сохтасига алмаштирилгани ва ҳар бир экспонатнинг инвентар китобга мувофиқлиги текширилмоқда.

“Инвентар китобини қоидага зид тарзда уйида сақлаган Бош мухофиз Ахмедованинг адвокати инвентаризацияни тўхтатиш ва ишчи гуруҳ текширувига барҳам беришни сўради. Агар Аҳмедованинг қўрқадиган ери бўлмаса¸ нега у инвентаризацияни тўхтатишни талаб қилди. Холбуки инвентаризация жараëни Вазирлар маҳкамаси сўрови¸ Маданият вазирлигининг 01.11.10915 сонли хати асосида музей директори буйруғига биноан ўтказилмоқда. 2002 йилдан бери Бош мухофиз лавозимида ишлаëтган Зумрад Шарафиддиновна нега бу ишчи гуруҳнинг инвентаризация қилишидан хавотирланиб адвокат тутиб инвентаризацияни тўхтатишга урингани биз учун хавотирли сигнал” , - дейди санъатшунос.

Ўзбекистон маданият вазирлиги мулозими эса Озодлик билан суҳбатда Фарғона вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи экспонатларида камомад бор йўқлиги ва уларнинг сохталарига алмаштирилгани борасидаги иддаоларга инвентаризация тугаганидан кейин жавоб беришини билдирди.

Санъатшунос Абдумалик Турдиевнинг айтишича, Фарғона музейидаги 90 мингдан ортиқ экспонатларнинг маълум қисми сохтаси билан алмаштирилиб қўйилгани ҳақида жиддий гумон бор. Суҳбатдошга кўра¸ айниқса мато буюмлари коллекцияси билан боғлиқ муаммолар бор:

“Бу гумон ва саволларга ишчи гуруҳнинг якуний хулосасидан кейин жавоб чиқади. Бу ишчи гуруҳни тугатиш учун ëзиб-чизишлар эса музейда салбий атмосфера вужудга келтирди. 8 сентябрь куни музей директорининг ишдан бўшагани ҳақидаги ҳужжатда салбий муҳит ҳақида айтилди. Директор кетгани билан салбий муҳит яхшилангани ва экспонатларни қўриқлаш яхшилангани йўқ”.

Музей тарихи

Фарғонадаги музейга 1894 йилда асос солинган. Музейнинг ташкил этилиши­га доктор А. Смирновнинг шахсий коллекцияси ва шу йили ўтказилган Қишлоқ хўжалик кўргазмаси учун йиғилган ашёлар туртки бўлган.

Бугунги кунда музей фондларида турли даврларга мансуб буюмларнинг бой коллекцияси йиғилган. Умумий ҳисобда музей экспонатларининг сони 90 мингдан ортиқ. Улар ўнта бўлимга тақсимланган бўлиб, 700 дан ортиқ ноёб экспонатлардан таркиб топган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11-декабрдаги 975-сонли қарорига асосан Фарғона музейи “Фарғона вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи” номига ўзгартирилган.

XS
SM
MD
LG