Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:20

Туққан аёлга суюнчи берган Қирғизистон парламенти спикерини сайловдан четлатиш талаби янгради


Жўғўрқу Кенеш спикери Дастан Жумабеков
Жўғўрқу Кенеш спикери Дастан Жумабеков

Қирғиз Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 16 сентябрда бўлиб ўтадиган мажлиси кун тартибига комиссия аъзоларидан бирининг “Қирғизистон” партияси кўрсатган номзод Дастан Жумабековни сайловдан четлатиш тўғрисидаги таклифи киритилмади.

МСК аъзосининг фикрича, Жўғўрқу Кенеш спикери Дастан Жумабековнинг 14 сентябрь куни кўзи ёриган ёш аёлга суюнчи бергани овоз сотиб олишга уринишдир.

4 октябрда бўлиб ўтадиган Қирғизистон парламенти сайловига мамлакатда расмий қайддан ўтказилган 200 дан ортиқ партиядан 16 таси қатнашмоқда.

Номзоди Жўғўрқу Кенеш депутатлигига “Қирғизистон” партиясидан кўрсатилган Дастан Жумабеков парламентнинг ҳозирги спикеридир. У 14 сентябрда Талас вилоятига қилган сафари чоғида чақалоғига Дастан исмини қўйган ёш аёлга 50 минг қирғиз сўми (тақрибан $600) бераётгани акс этган суратлар ўша куниёқ ижтимоий тармоқларда яшиндай тарқаб, қизғин муҳокамалар объектига айланди. Эртасига суратлар тармоқдан ўчирилди.

Спикернинг матбуот котиби Жўўмарт Максатбеков аёлга пул берилганини Озодлик радиоси қирғиз хизматига тасдиқлаб, бундай деди:

“Дастан Жумабеков янги спикер иш бошлагунига қадар Жўғўрқу Кенеш раиси сифатидаги ваколатларини бажараверади. У Талас вилоятида спикер сифатида амалий сафарда юрибди. Ўғил кўрган аёл чақалоғига Дастанбек Аристанбековичнинг исмини қўйган экан. Шунинг учун молиявий ёрдам кўрсатди”.

Парламент спикери ва айни пайтда депутатликка номзод Дастан Жумабековнинг бу ишини муҳокама қилган қирғизистонликлар орасида спикер сайлов олдидан маъмурий ресурсдан фойдаланмоқда деганлар кўп. Бундайлар орасида МСК аъзоси Атир Абдрахматова ҳам бўлиб, унинг фикрича, спикер хизмат ваколатларини суиистеъмол қилди ҳамда сайловга оид қонунларни бузди:

“Агар у спикерлик ваколатларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб, пулни спикер фондидан берган бўлса, бу маъмурий ресурсдан фойдаланишдир. Агар сайловолди ташвиқоти пайтида ўз чўнтагидан берган бўлса, бу ҳолатда овоз сотиб олиш деб ҳисоблайман”.

Атир Абдрахматова
Атир Абдрахматова

Атир Абдрахматова спикернинг бу ҳаракати учун МСКга “Қирғизистон” партияси масъулиятини кўриб чиқиш ва Дастан Жумабековни сайловдан четлатиш масаласини кўриб чиқишни 15 сентябрда таклиф қилди ва шу куниёқ таклифи ўтмаганини Фейсбукдаги саҳифасида хабар қилди.

Бунинг ортидан Жўғўрқу Кенеш матбуот хизмати спикер аёлга пулни оиласи номидан суюнчи сифатида берди, деган мазмунда баёнот тарқатди.

4 октябрда бўлиб ўтадиган парламент сайлови олдидан ташвиқот кампанияси 4 сентябрда бошланган ва МСК депутатликка номзодлар хайрия ишлари билан шуғалланмаслиги, сайловчиларга пул тарқатмаслиги кераклиги тўғрисида расман огоҳлантирган. Қирғизистон қонунларига кўра, сайловолди кампанияси давомида кимгадир берилган моддий ёрдам овоз сотиб олиш сифатида малакаланади.

Фуқаролик жамияти вакиллари туққан аёлга давлат томонидан ҳозир берилаётган бир марталик ёрдам пули - 4 минг сўмни ($50) 50 минг сўмга ($600) етказиш “Қирғизистон” партиясининг сайлов олдидаги асосий чақириқларидан бири эканлигига эътибор қаратмоқда. Партия номзоди Дастан Жумабеков таласлик аёлга айнан шунча ақча берди.

Спикер Дастанбек Жумабеков Таласда кўзи ёриган аёлга суюнчи бераётган пайтда олинган сурат. Ижтимоий тармоқларда 14 сентябрда эълон қилиниб, кейин ўчирилган.
Спикер Дастанбек Жумабеков Таласда кўзи ёриган аёлга суюнчи бераётган пайтда олинган сурат. Ижтимоий тармоқларда 14 сентябрда эълон қилиниб, кейин ўчирилган.

Қирғиз Республикаси парламенти – 120 ўринли Жўғўрқу Кенешга навбатдаги сайлов 4 октябрда бўлиб ўтади. Сайловда ҳаммаси бўлиб 16 сиёсий партия иштирок этмоқда. Мамлакат қонунларига кўра, парламент сайлови партиявий рўйхатлар асосида бўлиб ўтади. Яъни сайловчилар номзодлар учун эмас, партиялар учун овоз беради. Сайлов натижаларига кўра, партиялар олган овозларига мутаносиб тарзда парламентдан ўрин олади. Сайловга қатнашганларнинг камида 7 фойизи овозини ололмаган партия ютқазган партия ҳисобланади ва унга парламентдан жой тегмайди.

XS
SM
MD
LG