Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:21

Марказий Осиё давлатлари уйғурлар борасида нега сукут сақламоқда?


Марказий Осиё ҳукуматлари Пекиннинг уйғурлар ва Шинжондаги бошқа озчиликларга қарши шафқатсиз кампанияси ҳақида сукут сақлаб келади.

Аммо Озодлик шарҳловчиси Брюс Панниернинг ёзишича, Қозоғистон ва Қирғизистон учун уйғурлар масаласига аралашмаслик тобора қийинлашиб бормоқда.

Тяньшань тоғларининг икки ёнида жойлашган Шинжон ва Қозоғистон билан Қирғизистонни бир неча минг йиллик маданий ҳамда савдо ришталари боғлаб туради.

Тоғнинг бир томонида содир бўладиган йирик ҳодисалар иккинчи томонига таъсир ўтказмай қолмайди.

1991 йилда Совет Иттифоқи қулаб, беш Марказий Осиё мамлакати мустақилликка эришганидан кейин бу ҳолатни яққол кузатиш мумкин бўлди.

1992 йилнинг 29 июлида Россиянинг «Независимая газета» кундалик нашри Қирғизистон пойтахти Бишкекда «Мустақил Уйғуристон учун» партияси йиғини бўлиб ўтгани ҳақида хабар қилди.

Йиғинда 270 га яқин одам қатнашди. Қатнашувчиларнинг аксари Қирғизистондан, аммо улар орасида Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркиядан келган вакиллар ҳам бор эди.

Партиянинг мақсади Шинжон ҳудудида мустақил Уйғуристон давлатини тузиш эди. Аммо партия вакиллари ўз мақсадларига халқаро қонунчилик доирасида эришишларини эълон қилдилар.

Ўш пайтда Хитой Марказий Осиё давлатлари билан дипломатик алоқалар ўрнатганига эндигина олти ой бўлган эди. Совет Иттифоқи Хитойни 20 йилдан ошиқ вақт давомида душман ўлароқ кўрсатиб келган эди. Қолаверса, марказий осиёликлар Хитой билан руслар келишидан олдинги муносабатларини яхши хотиралар билан эслашмасди.

1990 йиллар бошида Қозоғистонда чорак миллион, Қирғизистонда эса 50 мингга яқин уйғур бор эди.

Қирғизистонда «Мустақил Уйғуристон учун» партиясидан ташқари «Иттифоқ» ва «Қирғизистон уйғур бирлашмаси» каби бошқа ташкилотлар ҳам фаол бўлган.

Қўшни Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида эса «Уйғурлар бирлашмаси» ва бошқа уйғур гуруҳлар мавжуд эди.

Мазкур гуруҳ вакиллари мунтазам равишда акциялар ўтказдилар, Шинжонда муаммолар юзага келганда ёки Хитой расмийлари уйғурларга ёмон муносабатда бўлганда Бишкек ва Олмаотада матбуот анжуманларини уюштирдилар.

Бўлгинчилик хавотирлари

1996 йилнинг июлида Қозоғистондаги уйғур гуруҳлар Хитой хавфсизлик кучлари ҳамда «Шарқий Туркистон бирлашган инқилобий жабҳаси» деб номланган бўлгинчи гуруҳ ўртасида тўқнашувлар содир бўлганини хабар қилди. Бўлгинчи гуруҳ тўқнашувлар давомида 450 нафар Хитой аскари ва хавфсизлик кучлари ходимини йўқ қилганини иддао қилди.

Гуруҳ раҳбари Юсупбек Мухлисий 1960 йилдан бери Олма-отада яшаб келаётган эди.

1997 йилнинг февралида Хитой қўшинлари Ғулжа шаҳрида (хитойча номи-Инин) уйғур намойишчиларни ўққа тутди. Намойишчилар Хитойдан ажралиб чиқиш учун курашган 30 нафар уйғур қатл қилингани ҳақида хабар тарқалиши ортидан норозилик акциясига чиққан эди.

Расмий маълумотларга кўра, Ғулжада 9 нафар уйғур отиб ўлдирилган. Аммо фаоллар аслида 100 дан ошиқ одам ўлдирилганини айтиб келади. Натижада 1997 йилнинг март ойида Бишкек ва Олма-отадаги Хитой элчихоналари олдида норозилик чиқишлари бўлиб ўтди.

1997 йилнинг 25 мартида Қозоғистон Хавфсизлик Кенгаши котиби Бексултан Сарсеков Олмаотада бўлиб ўтган матбуот анжуманида Қозоғистон Шинжонда содир бўлаётган «ҳодисалардан» ҳамда Хитой ҳукумати уйғурларга қарши кўраётган «кескин чоралардан» хавотирда эканини изҳор қилди.

Аммо Сарсеков Қозоғистон ва Хитой ўртасида 1996 йилда имзоланган шартномага биноан, икки тараф қўшниси ҳудудидаги бўлгинчи ҳаракатларни қўлламасликка келишиб олганини, шу сабабдан Шинжондаги ҳодисаларга Қозоғистон аралашмаслигини таъкидлади.

Хитой 1 миллион уйғурларни қамоқ-лагерларда сақлаётгани ҳужжатлаштирилган
Хитой 1 миллион уйғурларни қамоқ-лагерларда сақлаётгани ҳужжатлаштирилган

Айтиш жоизки, ўша пайтда Қозоғистон ҳукумати Россияга яқин шимолий ҳудудларидаги бўлгинчи казаклардан хавотирда эди.

Сарсеков тилга олган шартнома аслида 1996 йилнинг апрелида Шанхай шаҳрида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия ва Хитой ўртасида имзоланган чегара шартномаси эди. Уни имзолаган давлатлар ўзларини «Шанхай бешлиги» деб атадилар. Уюшма бугунга кунда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти деб номланади.

Қозоғистон ва Қирғизистондаги уйғур гуруҳлар шартнома имзоланиши ортидан Хитой расмийлари Шинжонда уйғурларни оммавий тарзда ҳибсга ола бошлаганини хабар қилди.

Икки давлат расмийлари чегара шартномасига биноан, Шинжондаги уйғур бўлгинчиларга ёрдам бермаслик мажбуриятини зиммаларига олган эдилар. Аммо улар ўз ҳудудларида Хитойга қарши намойишларга тўсқинлик қилмадилар.

Оз сонли уйғурлар гуруҳи 1997 йилнинг апрель ва июль ойларида Олма-отадаги Хитой элчихонаси олдида намойишга чиқди. 1998 йилнинг январида мухолифатчи «Азат» ҳаракати ҳамда «Азамат» партияси матбуот анжумани ўтказиб, 1997 йилнинг декабрда 13 нафар уйғур фаол қатл этилганини қоралади.

1999 йилнинг ноябрида ўнлаб уйғур Олма-отадаги Ўзбекистон элчихонаси олдида акция ўтказиб, президент Ислом Каримовни Хитойга сафари давомида уйғурлар масаласини кўтаришга чақирди.

Бу орада Шинжондаги муаммо Қозоғистон ва Қирғизистонга ёйилди.

2000 йилнинг сентябрида Олмаотада амалга оширилган хуруж ортидан икки нафар полиция ходими нобуд бўлди, тўрт одам жароҳат олди. Тез орада тўрт гумонланувчи отиб ўлдирилди. Ўша пайтда Қозоғистон ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаётган Қасим-Жомарт Тоқаев гумонланувчилар хитойлик уйғурлар эканини айтди. Қозоғистондаги Хитой элчихонаси гумонланувчилар ўлими билан якунлаган амалиётни тўлиқ қўллашини изҳор қилди.

Халқаро танқидларга қарамасдан, бу пайтга келиб Қозоғистон уйғурларни Хитойга қайта юбора бошлаган эди.

Қирғизистон ҳам Шинжондаги можародан четда қолмади. 2000 йилнинг мартида «Иттифоқ» раиси Нигматулла Базаков Бишкекдаги уйи яқинида отиб ўлдирилди. 1998 йилда уйғурлар лидерларидан бири ўлдирилган эди. 2001 йил яна бир уйғур суиқасд қурбони бўлди.

2000 йилнинг майида Бишкекдаги «Достуқ» меҳмонхонаси олдида шинжонлик расмий ҳайъат аъзоси отиб ўлдирилди, бошқа икки аъзоси жароҳатланди. Ўша куни, асосан, шинжонлик савдогарлар ишлайдиган улгуржи бозорда ёнғин чиқди.

2002 йилнинг июнида Бишкекда хитойлик юқори лавозимли дипломат отиб ўлдирилди.

2003 йилнинг 27 мартида 21 йўловчи билан Бишкекдан Шинжонга отланган автобус ҳужумга учради ва ундаги йўловчилар отиб ўлдирилди, автобусга эса ўт қўйилди.

Бу пайтга келиб Марказий Осиёга Хитой маблағлари оқиб кела бошлаганди. 2008 йилги глобал молиявий бўҳрондан кейин эса минтақа ҳукуматлари улар учун иқтисодий таянчга айланган Пекинга қарам бўлиб қолди.

Бир неча йил олдин Шинжонда уйғурларга қарши бошланган янги кампания ҳақида хабар тарқаларкан, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳукуматлари лом-дим демади.

Аввалига уйғурларга қарши камститишлар, хусусан, уларнинг кийим, соқолига қарши чоралар ҳақида хабар қилинди. Кўп ўтмай, уйғурлар «қайта тарбиялаш лагерларига» юборилаётгани, этник хитойлар билан оила қуришга мажбурланаётгани, зўрлашлар, қийноқлар, мажбурий стерилизация қурбони бўлаётгани ҳамда Шинжондан Хитойнинг бошқа ҳудудларига мажбурий кўчирилаётгани ҳақида хабар қилинди.

Хитой ҳукуматининг уйғурларга қарши кампанияси кенгайиб, бошқа туркий мусулмон халқлар, жумладан, Шинжонда яшаб келаётган 1,5 миллион қозоқ ҳамда 200 мингдан ошиқ қирғизни нишонга ола бошлаганди.

Қозоғистон ва Қирғизистонда айримлар нима учун ўз ҳукуматлари Хитой расмийлари билан учрашувларда ушбу масалани кўтармаётгани ҳақида сўрай бошлади.

Келиб чиқиши шинжонлик Серикжан Билаш каби шахслар «Отаюрт» гуруҳига асос солди. Гуруҳ Хитой ҳукумати Шинжонда қозоқлар ва бошқа озчиликларга қарши кўраётган чораларни фош қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.

Қозоғистон расмийлари мамлакат фуқаролигини олган Билашни сукут сақлаш ҳақида огоҳлантирдилар.

Унга хитойликларга қарши миллий нафрат уйғотиш айби қўйилди. Аммо аҳоли Билаш ёнини олгани учун, расмийлар уни жаримага тортиш билан чекланди. Шунингдек, унга етти йил давомида сиёсий фаолиятга қўл урмаслик мажбурияти юкланди.

Бу орада Билаш гуруҳидан ажралиб чиққанлар тузган «Отаюрт эриктилари» гуруҳи рўйхатга олинди. Ушбу ҳаракат Шинжондаги ҳодисалар ҳақида анча мўътадил мавқени эгаллади.

Жорий йилда Билаш YouTube каналида видеолар эълон қила бошлаши ортидан Қозоғистон расмийлари уни яна жаримага тортди.

Мамлакатда ҳануз ўндан ошиқ Шинжондан Қозоғистонга қочиб келган этник қозоқлар бўлиб, расмийлар жамоатчилик босими туфайли уларни Хитойга қайта юбормади.

Келиб чиқиши шинжонлик, аммо Қозоғистон ёки Қирғизистон фуқаролигини олган ўнлаб одам эса, Хитойга қисқа муддатга бориб, ортга қайтмади.

Улар қисмати ҳақида вақти-вақти билан ҳар икки мамлакат матбуотида хабарлар чоп этилиб туради.

1 миллиондан ортиқ мусулмон Шинжондаги «сиёсий қайта тарбиялаш лагерлари»да ушлаб турилибди. Буни тасдиқловчи кўплаб гувоҳ ва далил бўлишига қарамасдан, Пекин бу айбловларни рад этади. Лагерларда нафақат уйғурлар, балки этник қирғизлар ва қозоқлар ҳам сақланаётганига шубҳа йўқ. Улар қисмати ҳақида Қирғизистон ва Қозоғистон халқи бир кун хабар топиши аниқ.

Ўша кунлар келганда, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳукуматлари Хитойнинг Шинжондаги кампаниясига қарши кескинроқ мавқени эгаллашга мажбур бўладилар.

XS
SM
MD
LG