Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:13

Вазирлар Маҳкамаси олдида тунаётган сардобаликларни ҳайдаш учун Сирдарёдан махсус гуруҳ келди (ВИДЕО)


Ҳукумат ваъда қилган ёрдам пулини сўраб Тошкентга, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов қабулига борган ва уч кундан буён Вазирлар Маҳкамаси олдида тунаётган сардобаликларни ҳайдаш учун Сирдарёдан ўттиз кишилик махсус гуруҳ келган.

3 октябрга ўтар кечаси Сирдарё вилоят ҳокимлиги ва ИИБсидан келганлар пойтахт марказида тўпланган сардобаликлар билан мулоқот қилишга уринган, бироқ талаби қондирилмагач арзчилар уйларига қайтишдан бош тортишган.

2 октябр куни Озодлик Сардоба сув омбори тошқинида уйлари вайрон бўлган саккиз киши ҳукумат ажратган 40 миллион сўмлик ёрдам пули ўзларига берилмагани даъвоси билан шикоят қилиб Тошкентга юриш қилгани, шаҳар марказидаги Вазирлар Маҳкамаси олдида тунаётгани ҳақда хабар берган эди.

Вазирлар Маҳкамаси биноси олдида тунаётган сардобаликлардан бири Одина Комилованинг айтишича, Озодлик хабари ортидан Сирдарё вилояти ҳокимлиги ва ИИБсидан ўттиз киши келиб, ярим тунда уларни тарқатишга уринган.

"Бизни Вазирлар Маҳкамасида ҳеч ким қабул қилмаганидан кейин, шу ерда тунаяпмиз. Кеча ярим тунда 30 киши Сирдарё ИИБ ходимлари, ҳокимликдан камералар билан келди. Бу ерда ётганларингни фойдаси йўқ, уйларингга боринглар деди. Борадиган уйимиз йўқ, дедик. Абдулла Арипов билан учрашмасдан ҳеч қаерга кетмаймиз, деяпмиз. Сирдарё вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш маркази бошлиғи Ўлмас Мамадалимов ҳам келди. У талабларинг ноқонуний, деяпти. Ноинсофлик қиляпсизлар деди. Булар яна ўйин қилиб, бизни Сирдарёга қайтишга кўндиришмоқчи бўлишди, лекин биз кўнмадик", - дейди Комилова.

Пулини ололмаган сардобаликлар Сирдарё ҳокимлиги расмийлари учрашди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:15 0:00

Сирдарёнинг Сардоба тумани, "Дўстлик" маҳалласидан бўлган 33 ёшли Одина Комилова сув омбори тошқинида уйи вайрон бўлиб, икки фарзанди билан кўчада қолганини айтади.

"Булар ўйин қилиб, ҳалигача ёрдам пули беришни чўзиб келишмоқда. Мен фаррош бўлиб ишлайман, зўрға икки боламни боқаман. Уйимиз вайрон бўлди. Ҳозир уни ўрнида кўп қаватли уй қуриляпти. Биз кўчада қолдик. Уй беришади, деб оғзаки айтишди, лекин ҳужжат йўқ", - дейди Комилова.

Сирдарё вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш маркази бошлиғи Ўлмас Мамадалимов 2 октябрь куни Озодликка сардобалик саккиз шикояти талабини ноқонуний, деб ҳисоблашини билдирганди.

“Май ойида махсус комиссия бу саккиз кишининг уйини рўйхатга киритмаган. Уйлар бўш турган деб кўрсатилган. Улар бу уйларда яшамаган. 40 миллион сўм одамларнинг вайрон бўлган жиҳозлари учун берилди. Булар эса ноқонуний нарсани талаб қиляпти. Бўш турган уйини одам яшади деб, ёлғондан даъво қиляпти. Улар Кабминга қатнайвериб, безор қилгани учун ҳомийлар ҳисобидан уларга ёрдам бермоқчи бўлдик. 40 миллион сўмлик тартибга тўғри келмагани учун бошқа протокол қилиб, ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳомийлар ёрдамида кўмак берамиз дедик. Лекин бунга рози бўлишмади. Улар талаб қилаётган нарса эса ҳеч қачон ҳал бўлмайди”, деди Ўлмас Мамадалимов 2 октябрь куни.

Аммо, шикоятчи Одина Камолова Сардоба сув омборидаги тошқин оқибатида унинг уйи вайрон бўлгани, бунинг учун ҳукумат товон бериши кераклигини таъкидлайди.

"Булар менга тошқин пайти у уйда яшамагансн, деяпти. Яшаганманми, яшамаганманми, мени уйим вайрон бўлди. Тошқин рўй беришига мен айбдор эмасманку," дейди Комилова.

Одина Комилова ўзи яшаган уй учун, Шуҳрат Йўлдошев ва Ихтиёр Очилов оналарининг уйлари учун, Музаффар Султонов ногирон опасининг уйи учун товон сўраб, курашиб келаётганини айтишди.

Шикоятчилар гуруҳи 17 сентябрь куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповга бешинчи марта арз қилиб борган пайти уларни ҳеч ким қабул қилмаган ва орган ходимлари тазйиғида яна Сирдарёга жўнатиб юборилганди.

Сардоба туманидаги "Дўстлик" маҳалласи 1 май куни Сардоба сув омборида юзага чиққан техноген фалокат оқибатида энг катта талафот кўрган ҳудудлардан биридир.

“Дўстлик” маҳалласи раиси Алишер Чинбоевнинг берган маълумотига кўра, маҳаллада жами 777та хонадон бўлиб, Сардоба омбори тошқинида уларнинг барчаси вайрон бўлган.

Ушбу маҳаллада яшовчи бошқа бир шикоятчилар гуруҳи - 28 та уй эгаси ҳам Тошкентга бир неча бор қатнади.

Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши ортидан яшаб бўлмас ҳолга келган уйлари ўрнида уй қуриб беришни талаб қилаëтган бу гуруҳ ҳам бир неча бор ИИБ томонидан олиб кетилди.

1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида¸ расмий маълумотларга кўра¸ 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган¸ 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси жорий йил 27 июлида терговнинг дастлабки хулосаларини эълон қилган.

Унда тўғоннинг ўпирилишига уч асосий омил сабаб бўлгани ўрганилаётгани айтилади.

Булар - лойиҳа ҳужжатлари, қурилиш ва эксплуатациядаги хато ва камчиликлар.

Маҳаллий матбуот ва ижтимоий тармоқларда терговнинг қанчалик холис ва шаффофлиги савол остига олинган.

XS
SM
MD
LG