Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:49

Қирғизистон: Овоз ўғирлаш, Россиянинг таъсири ва молиявий айбловлар манзарасида ўтаётган сайловлар (ВИДЕО)


Сайлов комиссияси аъзолари сайлов қутиларини ҳозирламоқда, 2 октябрь, 2020, Бишкек
Сайлов комиссияси аъзолари сайлов қутиларини ҳозирламоқда, 2 октябрь, 2020, Бишкек

Баҳсли сайловолди кампаниясидан сўнг, 4 октябрь куни қирғизистонликлар парламент сайловида овоз берди.

Бу галги сайлов компанияси овозларнинг ўғирланиши, Москванинг ўзи қўллаган сиёсий гуруҳларга таъсирига оид айбловлар фонида кечди.

120 ўринлик парламент - Жўғўрқу Кенеш учун 16 та сиёсий партия вакиллари курашмоқда.

Булар орасида ҳукумат тарафдори бўлган "Биримдик" ва "Мекеним Қирғизистан" партияларининг ғалаба қозониши кутилмоқда. Сайловда мухолиф "Ата Мекен" ва "Республика" партиялари ҳам бор.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссиясининг (МСК) маълум қилишича, рўйхатга олинган 3 ярим миллион сайловчидан 37 фоизи маҳаллий вақт билан соат 16:00га қадар овоз берган.

Шунингдек, соат 12:00 га қадар, сайловчиларнинг алоҳида автобусларда овоз бериг участкаларига олиб келинган ва алоҳида гуруҳларнинг овоз бериш жараёнини назорат қилгани устидан МСКга 21 та шикоят келиб тушгани маълум қилинди.

Овоз бериш участкалари эрталаб соат 8 да очилди, оқшом соат 8 да ёпилади.

Участкаларнинг 45 таси хориж давлатида жойлашган. Сайловни 43 давлат ва 33 халқаро ташкилотдан борган 270 дан ошиқ кузатувчи назорат қилмоқда.

Қуйида Озодлик радиоси қирғиз хизматининг сайловлардан ҳозирлаган жонли дастурини томоша қилишингиз мумкин:

Қирғизистон қонунларига биноан, Қонунчилик палатасида бир партия вакиллари 65 нафардан ортиқни ташкил қилмаслиги лозим.

Бошқа Марказий Осиё республикаларида қуйи палатадаги асосий ўринларни иқтидордаги партия вакиллари эгаллайди.

«Демократия ороли»

1990 йиллар бошидан бери Қирғизистон Марказий Осиёдаги «демократия ороли» ўлароқ кўриб келинади.

Қирғизистондаги сайловлар авторитар қўшниларидаги сайловлардан кескин фарқ қилади.

Аввалгилари каби, бу галги сайлов ҳам можаролар фонида ўтмоқда.

Сайлов кампанияси давомида ҳамда телевидение орқали кўрсатилган дебатларда президент Сооронбай Жээнбеков ва мамлакат ҳукумати вакиллари номига кескин танқидлар янгради.

Кичикроқ партиялар, Жээнбековга содиқ экани айтиладиган «Биримдик» партиясини ўз номзодларини тарғиб қилиш учун административ ресурслардан фойдаланишда айблади. Партия номзодлари орасида президентнинг укаси Асилбек Жээнбеков ҳамда жорий парламентнинг бир неча аъзоси бор.

«Мекеним Қирғизистан» партиясининг эса бадавлат Матраимовлар оиласига алоқадорлиги айтилмоқда. Матраимовлар сулоласининг энг йирик вакили Қирғизистон божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Раимбек Матраимовдир.

Ўтган йилнинг ноябрь-декабрь ойларида, йирик миқдорда пул ювиши ҳақидаги иддаолар билан, Матраимовга қарши норозилик акциялари бўлган.

Шунингдек, сайлов кампанияси давомида «Биримдик» партияси раиси Марат Аманқуловдан ҳам норози бўлганлар акциялар ўтказди.

Қирғизистон Россияга «қайтиш» ҳақида ўйлаб кўриши керак, мазмунидаги баёноти қайд этилган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиши ортидан, унга нисбатан жиддий эътироз уйғонганди.

Тармоқда кенг улашилган видеода Аманқулов, Москва етакчилигидаги Евросиё иқтисодий иттифоқи пировардида бир мамлакатга айланиши кераклигини таъкидлаган.

27 сентябрь куни юзлаб одам Бишкекда норозилик намойишига чиқиб, расмийлардан Аманқулов ва унинг партиясини сайловдан четлатишни талаб қилди. Сиёсатчининг ўзи эса айтган гаплари контекстдан юлиб олинганини таъкидлади.

Бишкекда бўлиб ўтган норозилик акциясидан бир кун олдин президент Жээнбеков Россия президенти Владимир Путин билан Сочи шаҳрида учрашди.

Учрашувда Жээнбеков турли «кучлар» икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ҳамда стратегик ҳамкорликни издан чиқаришга уриняпти, деб таъкидлади.

«Биз улар муваффақиятга эришишига йўл қўймаймиз, чунки Россия қўллови биз учун асосий жиҳат, бу жуда муҳим», - деди Қирғизистон президенти.

Муҳожирлар

Россияда қирғизистонлик юз минглаб муҳожир ишлайди.

COVID-19 пандемияси туфайли Россияда кўплаб муҳожир ишсиз қолди, натижада Қирғизистонга юборилаётган маблағ кўлами ҳам қисқарди.

Қирғизистоннинг ўзида эса ишсизлик кўлами ошди.

Сайлов арафасида Ўш вилояти Аравон туманида «Мекеним Қирғизистан» ҳамда «Биримдик» партиялари тарафдорлари ўртасида оммавий муштлашув бўлди.

20 сентябрь куни бўлган ҳодиса ортидан 12 одам касалхонага тушди. Полиция муштлашувда 100 га яқин одам иштирок этганини билдирди.

1 октябрь куни «Республика» партияси Ўзган туманида ўз фаолларидан бирини бошқа партия тарафдори пичоқлаб ўлдирганини иддао қилди. Шунингдек, партия Норин вилоятида яна бир аъзоси калтаклангани, Чуй вилоятида эса сайлов кампанияси расмийсига «босим ўтказилганини» билдирди.

«Республика» партияси эълон қилган билдирувда партия аъзолари ва тарафдорлари сайлов давомида тинимсиз босим ва зўравонликларга учрагани айтилади.

Бундан ташқари, бу сайлов Қирғизистон расмийларининг коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпайиши ҳақидаги огоҳлантирувлари фонида бўлиб ўтмоқда.

Сайловолди кампанияси давомида партиялар соғлиқни сақлаш расмийлари огоҳлантиришларини эътиборга олмай, кўп сонли одам иштирокида тадбирлар ўтказди.

XS
SM
MD
LG