Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:52

Оқ уйнинг бўлажак матбуот котиби ва Россия пропагандаси


Псаки собиқ президент Барак Обама президентлиги даврида Давлат департаменти матбуот котиби ўлароқ ишлаган эди.
Псаки собиқ президент Барак Обама президентлиги даврида Давлат департаменти матбуот котиби ўлароқ ишлаган эди.

АҚШ президентлиги сайловида ғолиб чиққан Жо Байден Женнифер Псакини Оқ ой матбуот котиби этиб тайинлашини маълум қилди.

Псаки собиқ президент Барак Обама президентлиги даврида Давлат департаменти матбуот котиби ўлароқ ишлаган эди.

Ўшанда Псаки Россия ҳукуматига қарашли нашрлар ҳамда Интернетнинг рус тилидаги сегментида мунтазам троллинг қурбони бўлган эди.

2 декабрь куни Псаки Twitterда Россия пропагандаси ҳақида ёзди.

"Россия ташвиқоти нишони бўлмаганлар эътиборига, мақсад кучли хабарчиларни обрўсизлантириш ва жамоатчиликни чалғитиш учун нотўғри маълумот тарқатишдир. Кимки буни улашса, (ўз билган ёки билмаган ҳолда) ташвиқот машинасининг қўғирчоғига айланади", деб ёзди бўлажак котиб.

Псаки ўз твитида бир вақтлар Россия пропаганда машинаси нишони бўлган собиқ давлат Котиби Ҳиллари Клинтон ҳамда 2012–14 йилларда АҚШнинг Россиядаги элчиси бўлиб ишлаган Майкл Макфолни тег қилди.

Аммо Псаки Россия тарғиботи ҳақида ўз фикрини изҳор қилишга нима ундаганини очиқламади.

Аммо котиб твитидан бир кун олдин АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трампнинг матбуот котиби Псаки акс этган суратни улашган эди. Сурат ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамага сабаб бўлди.

2014 йилнинг январида Парижда олинган суратда Псаки, АҚШ давлат котиби Жон Керри, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва вазирлик матбуот котиби Мария Захаровани кўриш мумкин.

Дипломатлар Суриядаги бўҳронни муҳокама қилиш учун Парижга борган эдилар.

Суратда Псаки русларнинг миллий бош кийими бўлмиш ушанка, яъни қулоқчин кийиб олган.

Сурат ижтимоий тармоқларда кенг улашилди ва айрим нашрлар, жумладан, Fox News Псаки Совет Иттифоқи рамзи ҳисобланувчи ўроқ ва болта тасвири ёпиштирилган қулоқчинни кийиб, СССРнинг репрессив сиёсатларини қўллашини изҳор қилганини иддао қилди.

USA Today нашри ўтказган суриштирувга кўра, қулоқчинни Псакига Лавров совға қилган. Керри ҳам, ўз навбатида, Лавровга совға берган. USA Today мақоласида эътироф этилишича, Керри Лавровга Айдахо штати рамзига айланган иккита улкан картошкани совға қилган.

Қулоқчинни Москва ғараз ният билан совға қилганини кўрсатувчи далил йўқ.

Ўша пайтда Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам қулоқчин кийиб олган Псаки суратини эълон қилиб, Керри совға қилган картошкалар "зўр таассурот қолдирганини" билдирган эди.

Қолаверса, бугунга қадар суратни ҳеч ким, жумладан, АҚШ Давлат департаменти яширишга уринмади.

Захарова суратни 2018 йилнинг январида улашиб, "Ҳақиқий шедевр – сўзнинг барча маъносида. Ахборот уруши аскарлари", деб ёзди.

Париждаги учрашувдан икки ой ўтиб, Россия Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиб олди ва у ерда аксарият давлатлар ноқонуний деб топган референдумни ўтказди.

Россия, шунингдек, шарқий Украинада бошланган урушда россияпараст айирмачиларни қўллай бошлади. Натижада АҚШ – Россия муносабатлари кескин совиб кетди.

Байден президентлиги давомида ҳам икки давлат ўртасидаги алоқалар кескинлигича қолиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG