Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:45

Маҳбусликдан президентликка: Қирғизистон президент сайлови ва референдумга ҳозирланмоқда


Ҳали-ҳануз Жапаровни қайси қудратли гуруҳлар қўллагани номаълум бўлиб қолмоқда.
Ҳали-ҳануз Жапаровни қайси қудратли гуруҳлар қўллагани номаълум бўлиб қолмоқда.

Қирғизистонда 10 январь куни ҳам президентлик сайлови, ҳам мамлакат президентлик тизимига қайтиши ёки йўқлигини аниқлаш учун муҳим умумхалқ референдуми ўтказилади.

Аммо сайловлар шошма-шошарлик билан ўтказилаётгани Қирғизистон расмийлари қабул қилган қарорларнинг қонунийлиги тўғрисидаги саволларни ўртага чиқармоқда.

Сайлов мамлакатда барқарорликни таъминламаслиги ва ҳатто келажакда жиддий муаммолар учун замин яратиши борасида хавотирлар ҳам бор.

Сайловлар Қирғизистонда 4 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловлари ортидан бошланган оммавий тартибсизликлардан 3 ой ўтиб ўтказилмоқда.

Норозилик тўлқинига президент Сўўрўнбай Жээнбековнинг укаси етакчилигидаги «Биримдик» ва Раимбек Матраимов оиласига мансуб «Мекеним Қирғизстан» партияларининг сайловда ғалаба қозонгани эълон қилингани сабаб бўлганди.

Норозиликлардан кўп ўтмай президент Жээнбеков истеъфо берди.

Бу билан Қирғизистонда учинчи марта оммавий норозилик тўлқини ортидан президент ва унинг ҳукумати ҳокимиятдан ағдарилди.

2005 ва 2010 йилларда ҳам мамлакат президенти лавозимидан четлатилган эди.

2020 йилги норозилик тўлқини ортидан турли мухолифат гуруҳлари бирлаша олмади ва натижада ҳокимият вакууми юзага келди.

Бу бўшлиқни 5 октябрда содир бўлган норозилик тўлқинида қатнашмаган гуруҳ тўлдирди.

Айнан шу гуруҳ якшанба кунига белгиланган сайлов ортида турибди.

Маҳбусликдан президентликка

Эркин ва демократик сайловлар ўтказиладиган ягона Марказий Осиё давлати бўлмиш Қирғизистонда президент бўлиш учун 17 номзод курашмоқда.

Аксар сайловчилар 5 октябрь куни қамоқхонада уйғонган Садир Жапаровни қўллайди.

Жапаров аввалроқ одам ўғирлашда айбдор деб топилиб, 10 йилга қамалган, қамоқдан бўшатилишидан олдин жазо муддатининг учдан бир қисмини ўтаб бўлган эди.

Қамоқдан бўшатилишидан икки ҳафта ўтиб Жапаров ҳам президент, ҳам бош вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Ҳали-ҳануз Жапаровни қайси қудратли гуруҳлар қўллагани номаълум бўлиб қолмоқда.

Шундай бўлса-да, уни жиноятчи гуруҳлар дастаклаётгани ҳақида шубҳалар мавжуд.

Амалдаги қонунларга биноан, вақтинча президент лавозимида ишлаётган шахс кейинчалик ушбу лавозимга сайланиш учун номзодини кўрсата олмайди.

Шу сабабдан 26 октябрь куни Жапаров президент ва бош вазир лавозимларини бўшатишини эълон қилди.

Президентликка номзодлар орасида ном чиқарган сиёсатчилар бор.

Уларнинг бири Адаҳам Мадумаров бўлиб, у 2011 ва 2017 йилги президент сайловларида ҳам номзодини кўрсатган эди.

Шунингдек, номзодлар орасида «Қирғизистон» партияси етакчиси Қанатбек Исаев, октябрь ойидаги ҳодисалар арафасида тузилган «Реформа» партияси етакчиси Клара Сооронқулова, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Абдил Сегизбаевлар ҳам бор.

Декабрь ойида бўлиб ўтган президент дебатларида деярли барча номзодлар Жапаров ва у тутган йўлни танқид қилдилар. Жапаровнинг ўзи эса банд эканлигини иддао қилиб, дебатларда қатнашмади.

52 ёшдаги Жапаров ўз сайловолди кампанияси учун рақибларига таққослаган анча кўп маблағлари тўплади.

Katus нашри маълумотларига кўра, 25 декабрга қадар Жапаровнинг сайловолди фонди 47,4 миллион сўм (570 минг доллар) тўплаган. Бабиржан Толбаев эса 9,35 миллион сўм (112 минг доллар) тўплаган.

Қолган номзодларнинг барчаси сайловолди ташвиқот учун 5 миллион сўмдан (60 минг доллар) кам маблағ тўплаган.

Жапаров бу пулни «Қирғизистон халқи» берганини бир неча марта таъкидлади. Аммо айрим ҳисоботларга кўра, у тўплаган маблағнинг 30,9 миллион сўми атиги 10 киши ва иккита ширкатдан
келган.

Ноябрь ойи бошларида Жапаров ва унинг «Мекенчил» партияси аъзолари Қирғизистондаги мавжуд сиёсий бошқарув тизими самара бермаганини айтишди ва бошқарув битта одам қўлида бўлиши зарурлигини таъкидладилар.

Тез орада кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлган конституция лойиҳаси ишлаб чиқилди. Таклиф қилинаётган ўзгаришлар маъқулланса, президент давлат ва ҳукумат бошлиғига айланган бўлар эди.

Шу билан бирга, мансабдорларни ишдан бўшатишни тавсия қилиши мумкин бўлган ва парламент ва ҳукумат ҳисобот берадиган Халқ Қурултойи деб номланувчи янги ижроия кенгаши яратилган бўлар эди.

"Хонституция"

Янги конституцияга қаршилар бундай қонун авторитаризмни қонунийлаштиришини айтиб, уни «хонституция» деб атадилар.
Бишкекда 22 ноябрдан бери ҳар якшанба янги конституция лойиҳасига қарши тинч норозилик намойиши бўлиб ўтмоқда.

10 декабрь куни Қирғизистон парламенти конституцияни ўзгартириш масаласида референдум ўтказиш қарорини қабул қилди. Депутатлар янги конституция лойиҳасининг турли жиҳатлари бўйича келиша олмадилар.

Шу сабабдан эртанги сайловда қирғизистонликлардан фақат президент ёки парламент бошқарув тизимидан бирини танлаш сўраладиган бўлди.
Конституциянинг янги нусхаси бўйча кейинчалик алоҳида референдум ўтказилиши кутилмоқда.

Бу орада ҳуқуқшунослар октябрь ойидан бери қатор қонунлар бузилганини айтишмоқда.

Уларнинг сўзларига кўра, 28 октябрь куни мандати тугаган парламент референдум каби муҳим масалалар ҳақида қарор чиқаришга ҳақли эмас.

Қолаверса, Олий суднинг Жапаровга қўйилган одам ўғирлаш айбловини бирданига бекор қилгани ҳам кўплаб савол туғдирди.

Бу орада Жапаровнинг таниш-билишларини ҳокимиятга олиб келмаслик ваъдаларига қарамай, ҳукуматни ағдаришга уринишда айбланиб ўзи билан судланган Талант Мамитов амалдаги президент, Қамчибек Ташиев эса Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинланди.

Бу учаласини афв этган судья Қурманқул Жулушев эса 21 октябрь куни бош прокурор этиб тайинланди.

Пировардида, популист Жапаров президент сайловида ғалаба қозонишини кутиш мумкин.

Шунингдек, президентлик бошқарув шаклига ўтиш таклифи ҳам сайловчилар томонидан маъқулланишини кутиш мумкин. Сабаби Жапаров президентлик бошқарув тизимига ўтишни кўп сонли тарафдорлари орасида фаол тарғиб қилди.

Аммо Жапаровнинг ҳокимият тепасига кўтарилишда ва ҳокимият тепасига келганидан кейин амалга оширган ўзгаришлари нақадар қонунийлиги ҳақида жуда кўп савол бор.

Шу сабабдан Жапаровнинг тезлиги секинлашиб, мамлакатдаги йирик иқтисодий ва сиёсий муаммолар фонида унинг рейтинги туша бошлаганидан кейин, мамлакат янги бир сиёсий инқирозга юз тутишини кутиш мумкин.

XS
SM
MD
LG