Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:37

Навальний тарафдорлари намойиши куни ушланган ўзбекистонлик талаба бадарға қилинмоқда


Навальнийни дастаклаш учун шу йил 23 январида Қозон шаҳрида ўтказилган акциядан лавҳа.
Навальнийни дастаклаш учун шу йил 23 январида Қозон шаҳрида ўтказилган акциядан лавҳа.

Қозон давлат тиббиёт университетининг талабаси, ўзбекистонлик Андрей Лагунин мухолифатчи Алексей Навальнийни дастаклаш учун шу йил 23 январида ўтказилган акция куни кўчада ушлангани важидан Россиядан бадарға қилинмоқда. Бу ҳақда “Вечерняя Казань” нашри хабар қилди.

Лагуниннинг иддаосига кўра, у қўлга олинганлар орасига тасодифан тушиб қолган – 19 ёшли талабанинг намойишда қатнашиш нияти ҳам бўлмаган, шунчаки у полициячилар одамларни тутиб кетаётган кўчага билмасдан кириб қолган, холос.

Лагунин судда ўзининг айбсизлигини исботлай олмаган ва унга 10 минг рубль жарима солинган. Шундан сўнг талабани полиция бўлимига чақиришиб, унга Россияга кириш тақиқлангани ҳақида ҳужжат топширишган.

Миграция масалалари бошқармасида Лагунинга уч кун ичида Россия ҳудудини тарк этиши лозимлиги тушунтирилган.

Аввалроқ Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияда юрган ўзбекистонликлардан мамлакатнинг турли шаҳарларида бўлиб ўтаётган намойишларда иштирок этмаслик ҳақида огоҳлантирганди.

4 февраль куни Агентлик Телеграм каналида жойланган хабарномада Россия Федерацияси қонунларига риоя этиш ва одамлар кўп тўпланаётган жойларга бормасликни сўралган.

“Бу каби расман рухсат берилмаган тадбирларда қатнашиш чет эл фуқаролари учун Россия Федерацияси қонунларига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилиш ёки давлатдан мажбурий чиқариб юборишга олиб келиши мумкин”, дея эслатилган агентлик хабарномасида.

Жорий йилнинг 23 январидан бошланган Навальний таарфдорлари намойишлари Россиянинг 100 дан зиёд шаҳарларига ёйилган. Уларда ўн минглаб одам иштирок этган, камида 5 минг киши ҳибсга олинган.

Норозилик акциялари бошланишига 17 январь куни мухолифатчи Алексей Навальнийнинг ҳибсга олингани сабаб бўлган.

Алексей Навальний заҳарлангани ортидан муолажа олган Германиядан шу йил 17 январида Москвага қайтиб келиши биланоқ қўлга олинганди. 2 февраль куни суд “Ив Роше” иши бўйича мухолифатчига нисбатан чиқарилган шартли жазони ҳақиқий қамоқ жазосига алмаштирган.

20 февраль куни суд Навальнийнинг апелляция тартибида берган шикоят аризасини рад қилган. Эндиликда мухолифатчи умрининг икки йилдан кўпроғини колонияда ўтказиши керак бўлади.

Россияда январь ойида Навальний ҳимоясига уюштирилган намойишларда қатнашганларга нисбатан тобора қаттиқроқ жазолар қўлланилмоқда. Жумладан, аввалроқ Астрахань давлат университети уч талабани норозилик намойишларда қатнашгани учун ўқишдан ҳайдаган эди.

5 март куни Владимир шаҳридаги Ленин туман суди 23 январь куни мухолифат етакчиси Алексей Навальний тарафдорлари ўтказган митинг давомида полиция ходимига ҳужум қилганликда айбланган Виталий Тимофеенкони уч йилга озодликдан маҳрум қилди.

Суд Тимофеенкони намойишчиларни тарқатиш пайтида полиция ходимига қарши қалампир пуркагич ишлатишда айбдор деб топди.

Навальний ҳимоясига ўтказилган намойишларда Россия бўйлаб минглаб талабалар иштирок эди, ўқувчи ва талабалар томонидан мактаб синфлари ва университет аудиторияларида олинган TikTok видеоларини кўпчилик кўрди.

XS
SM
MD
LG