Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:27

IKEA ўзининг Тошкентда фабрика очаëтгани ҳақидаги расмий хабардан бехабар


Тошкент вилоят ҳокими Даврон Ҳидоятов 8 февраль куни Шавкат Мирзиëевга Чирчиқда IKEA мебель фабрикаси очилиши ҳақида ҳисобот берди.
Тошкент вилоят ҳокими Даврон Ҳидоятов 8 февраль куни Шавкат Мирзиëевга Чирчиқда IKEA мебель фабрикаси очилиши ҳақида ҳисобот берди.

Тошкент вилоят ҳокими Даврон Ҳидоятов 8 февраль куни Шавкат Мирзиëевга вилоятдаги инвестицион лойиҳалар ҳақида берган ҳисоботида IKEA компаниясининг Чирчиқда мебель фабрикаси қуришини маълум қилди.

Президент олдидаги тақдимотида ҳоким¸ маҳаллий матбуотнинг ëзишича¸ Швеция компанияси 52 миллион долларлик инновацион мебель ишлаб чиқариш фабрикаси қуриши ва бунинг учун 5,5 гектар ер ажратилишини таъкидлаган.

Айни пайтда¸ дунëдаги энг йирик мебель ишлаб чиқарувчилардан бири саналган IKEA компанияси Озодликка бундай лойиҳадан хабари йўқлиги¸ компаниянинг 2025 йилгача белгиланган режасида Ўзбекистонда бирор бизнес қилиш йўқлигини маълум қилди.

Тошкент вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати Озодликнинг президентга тақдим этилган IKEA мебель фабрикаси ҳақидаги хабарнинг қаердан келиб чиққанига оид саволларини жавобсиз қолдирди.

Ўзбекистонда бизнес бошлаëтганидан IKEAнинг хабари йўқ...

Ўтган ой маҳаллий матбуотда бош хабарга айланган янгиликлардан бири – Швециянинг IKEA компанияси келаси 22 ой ичида Тошкент вилоятида “инновацион мебель фабрикаси” қуришни режалаëтгани IKEA томонидан рад этилди.

Дунëнинг 45 дан ошиқ давлатида бизнес юритаëтган IKEA компанияси матбуот хизмати Озодликка юборган баëнотга кўра¸ ширкатнинг Ўзбекистонга инвестиция ëтқизиш ва бу мамлакатда бизнес қилиш режаси йўқ.

Дунë бўйлаб IKEA франчайзинги учун масъул бўлган Inter IKEA Systems B.V, сифатли ва ҳамëнбоп жиҳозлардан иборат IKEA концепциясига тобора кўпроқ одамни жалб қилиш¸ уларнинг рағбат ва экспертизасини қозониш имкониятларини муттасил равишда қидириб келмоқда.

Янги бозор очишга келсак¸ 2025 йилга қадар IKEA дунë миқëсида ўз мижозларини кўпайтириш мақсадида 12 янги бозорга киришни режаламоқда. Бозорни кенгайтиришга қаратилган бу режада Ўзбекистон йўқ. На IKEA Industry¸ на-да IKEA таъминот бўлимлари бу мамлакатда бирор бизнес қилиш режасида эмас”¸ дейилади IKEA матбуот хизмати Озодликка юборган расмий баëнотда.

Мирзиëевга аталган ëлғон?

Президент матбуот хизмати берган расмий маълумотга кўра¸ 2021 йилнинг 8 февраль куни Шавкат Мирзиëев Андижон ва Тошкент вилоятидаги инвестицион лойиҳалар билан танишган. Андижон ва Тошкент вилояти ҳокимлари мамлакат президентига ўз ҳудудига киритилган ва киритилаëтган инвестицияларни тақдим қилган.

Хусусан¸ Тошкент вилоятининг 30 январь куни (тақдимотдан бир ҳафта олдин) тайинланган янги ҳокими Даврон Ҳидоятов вилоят ҳудудида 1 миллиард 624 миллион долларлик иневстицион лойиҳалар амалга оширилаëтгани ҳақида гапирган.

Вилоятда 187 та янги инвестиция лойиҳаси режалаштирилмоқда. Тақдимотда уларнинг энг йириклари тўғрисида тўхталиб ўтилди”¸ деб хабар берди президент матбуот хизмати.

Президент сайтида айнан қандай “йирик”лойиҳалар тилга олингани айтилмаган бўлса¸ маҳаллий матбуот тақдимотда Швециянинг дунëга машҳур IKEA компаниясининг Тошкент вилоятида мебель фабрикаси қуриши айтилганини хабар қилди.

Мебель ва уй жиҳозлари ишлаб чиқариш ҳамда сотиш бўйича дунёдаги энг йирик компаниялардан бири – IKEA Тошкент вилоятида инновацион мебель ишлаб чиқариш фабрикасини қуради. Бу вилоятда амалга оширилиши режалаштирилаётган истиқболли инвестиция лойиҳалар дастурида белгиланган”¸ деб ëзди Кун.уз нашри.

Мазкур маросимни ëритган Газета.уз мухбири эса¸ Чирчиқ шаҳрида 22 ой ичида инновацион мебель ишлаб чиқариш фабрикаси қуриш режаси тақдим этилганини билдирди.

Президентга тақдим этилган IKEA инвестицион лойиҳаси ҳақидаги маълумотлар тахтаси.
Президентга тақдим этилган IKEA инвестицион лойиҳаси ҳақидаги маълумотлар тахтаси.

Лойиҳа ташаббускори сифатида «IKEA» МЧЖ кўрсатилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 52 млн АҚШ долларига баҳоланган бўлиб, 10 млн доллар лойиҳа ташаббускорининг ўз ҳисобидан, қолган 42 млн доллар эса хорижий инвестиция эвазига молиялаштирилади. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 5,5 гектар ер майдони ажратилиши сўралган.

Мебель ишлаб чиқариш фабрикаси ишга тушгач, 320 та янги иш ўрни яратилади. Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати 3,2 минг дона мебель ва 17 млн долларга баҳоланмоқда”¸ деб ëзди Газета.уз.

Нашр мақолага илова қилган суратлардан¸ Тошкент вилоят ҳокимлиги тақдимотида¸ дарҳақиқат Швециянинг IKEA компанияси логоси қўйилган лойиҳанинг президентга намойиш этилгани кўрилади.

Бу хабар ортидан Озодлик Тошкент вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати билан боғланиб¸ IKEAнинг Ўзбекистонга инвестиция ëтқизаëтгани ва Чирчиқда мебель фабрикаси қураëтгани ҳақида хабарнинг нимага асосланганини сўради. Бу ва бошқа саволлар жавобсиз қолдирилди.

Telia (Sonera) суди ва швед бизнесининг Ўзбекистондан қўрқуви

Акцияларининг учдан бири Швеция ҳукуматига қарашли бўлган Telia Company (Telia Sonera) 2007 йилда Ўзбекистон телеком бозорига кириш учун ўшандаги президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага 350 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганликда айбланиши ортидан¸ халқаро майдонда бошланган коррупция жанжали акс садоси ҳамон тинган эмас.

Бу айблов ортидан Швеция телеком ширкатининг энг юқори раҳбарлари маҳкамага тортилди¸ Telia Company эса¸ АҚШ Адлия вазирлиги билан коррупция жанжалини судга қадар ҳал қилиш мақсадида¸ 2017 йили қарийб 1 миллиард доллар жарима тўлашга рози бўлди.

Бу жанжал ҳақида Озодликка берган интервьюсида Telia Company адвокати¸ “Ўзбекистонга кириш компанияга ниҳоятда қимматга тушгани ва бундан сўнг бундай мамлакатлар билан бизнес қилиш-қилмаслик масаласида ниҳоятда эҳтиëткор бўлиниши"ни билдирган эди.

Teliа можаросини йиллар давомида ëритган швед журналисти Ола Вестерберг бу коррупцион жанжал швед матбуоти ва бизнес гуруҳлари хотирасидан чиқмаганини таъкидлайди.

Шундай бир вазиятда IKEAнинг Ўзбекистонда бизнес бошлаши ҳақидаги хабар мен учун мутлақ кутилмаган янгилик бўлди. Аммо компания расмийлари менга ҳам бу хабарнинг ëлғон экани ва Ўзбекистонда бизнес қилиш режаси умуман йўқлигини билдирди”, дейди швед журналисти.

IKEAнинг Ўзбекистонда “инновацион мебель фабрикаси” қураëтганидан IKEAдагиларнинг ўзи бехабар бўлса¸ унда Чирчиқдан 5.5 гектар ер олиб¸ мебель фабрикаси қураëтган “инвестор” ким?

Швециянинг IKEA компанияси номидан Тошкент вилоятида 52 милллион долларлик инвестицион лойиҳа бошлаш ташаббускори сифатида IKEA МЧЖ кўрсатилган.

Ўзбекистондаги компаниялар расмий реестрида Наманганда IKEA Premium, Қорақалпоғистонда IKEA MM ва Андижонда IKEA Andijon Group таъсис қилингани кўрилади. Айни пайтда¸ Швециядаги IKEA корпорациясига алоқаси йўқ бундай маҳаллий ширкатлардан бирортаси номи IKEA МЧЖ эмас. Бу ширкатнинг қачон очилгани¸ кимга қарашли экани ва унинг IKEA корпорацияси номидан гапириш ваколатини кимдан ва қаердан олгани ҳозирча маълум эмас.

XS
SM
MD
LG