Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:32

Соқолсиз ва соқолли. ИИВ қидирувга берилган 10 кишининг суратларини эълон қилди


Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги халқаро экстремистик гуруҳларга алоқадорликда гумон қилинаётган 10 нафар шахсга нисбатан эълон қилинган қидирувни "мамлакатда диний экстремизм ва террорчиликка қарши курашнинг долзарблигича қолаётгани" билан изоҳлади.

Ички ишлар вазирлиги расмий вакили Озодлик мухбири билан телефон орқали қисқа мулоқотда "қидирувдан бошқача маъно қидирмаслик керак"лигини таъкидлади.

15 май куни вазирлик “халқаро экстремистик гуруҳлар фаолиятига қўшилиб, уларнинг ҳаракатларида иштирок этаётган, миллий ва умуминсоний хавфсизликка рахна солаётган бир гуруҳ шахсларга нисбатан қидирув эълон қилинганлиги" ҳақида огоҳлантирди.

Қидирувга берилганлардан айримларининг исми кейинги йилларда диний экстремизмда айбланган ўнлаб ўзбекистонликларнинг устидан ўтказилган суд жараёнларида тилга олинган.

Ички ишлар вазирлигининг расмий сайтида қидирув эълон қилинган 10 кишининг исм-фамилияси, туғилган санаси ҳамда уларнинг иккитадан сурати эълон қилинган.

Исм-фамилия ва суратлардан бошқа маълумот йўқ

Биринчи сурат, афтидан, қидирилаётганларнинг паспорт ёки бошқа ҳужжат учун тушган суратларидир: баъзилари четида муҳр изи бор. Биринчи суратларда 10 кишининг бирортасида ҳам соқол йўқ. Иккинчи суратларда эса, уларнинг барчаси соқолли.

Суратларга илова қилинган қисқа матнда қидирувга берилганлар тўғрисида қўшимча маълумот йўқ.

“Огоҳлик - давр талаби” деган Каримов бошқаруви давридаги каби анъанавий сарлавҳа остида берилган матнда бугунги кунда интернетда халқаро тинчликка хавф солувчи, инсонлар ўртасида шафқатсизлик ва террорни тарғиб этувчи маълумотлар ҳам жуда кўплиги, фойдаланувчилар мана шу маълумотларни ўз зеҳни билан фарқлай олиши зарурлиги уқтирилган.

Матн муаллифи - ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси интернет фойдаланувчиларини "алдов қурбони бўлиб қолмаслик"ка чақиради.

Матнда ёзилишича, қидирувга берилган 10 киши “халқаро экстремистик гуруҳлар фаолиятига қўшилиб, уларнинг ҳаракатларида иштирок этмоқда, миллий ва умуминсоний хавфсизликка рахна солмоқда”.

Вазирлик мазкур шахслар ҳақида бирор маълумотга эга бўлганларни ҳудудий ички ишлар органларига ёки 102 қисқа рақами орқали хабар беришини сўраган.

Вазирлик исмлари, туғилган саналари ва суратлари эълон қилинган 10 кишининг қачон қидирувга берилганини билдирмаган.

Вазирлик расмий сайтининг “Қидирувдаги шахслар” саҳифасидаги 3000 дан ортиқ шахс орасидан қидирув эълон қилингани 15 май куни хабар қилинган 10 кишини топиб бўлмади.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов Озодликнинг “Бу рўйхат нега айнан шу кунларда эълон қилинди?” деган саволига жавобан “Бу эълон замиридан ўзгача маъно қидириб ўтиришга ҳожат йўқ. Бу масала нафақат бугун, балки ҳар доим ҳам актуал бўлиб келган”, дея жавоб қайтарди.

Иддаолар

15 май куни қидирувга берилгани ёки олдинроқ қидирувга берилгани 15 май куни эълон қилинганларнинг баъзилари исми шу пайтгача ўтган суд ишларида тилга олингани маълум.

2020 йилнинг 7 июлида маҳаллий матбуот ДХХ ва ИИВ ходимлари ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида “Тавҳид ва жиҳод катибаси” нинг 11 нафар тарафдоридан иборат яширин гуруҳ фаолиятига чек қўйгани ҳақида билдирган эди.

Хабарда айтилишича, гуруҳни ташкил этган шахс “диний экстремистик оқимлар ва террористик ташкилотларнинг ғоявий раҳнамолари бўлмиш, ҳозирда Сурия ва Туркия давлатларида қўним топган, асли қирғизистонлик лақаби “Абу Салоҳ” бўлган Сирожиддин Мухторов, шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари бўлган “Абдуллоҳ Зуфар” лақабли Зофир Ғаффоров ва “Содиқ Самарқандий” лақабли Содиқ Муҳаммадиевларнинг даъватларини тинглаб, уларнинг таъсирига тушиб қолган”.

“Абдуллоҳ Зуфар” лақабли Зофир Ғаффоров ва “Содиқ Самарқандий” лақабли Содиқ Муҳаммадиевлар 15 май куни эълон қилинган рўйхатда бор.

Содиқ Самарқандий - Содиқ Муҳаммадиев

Минтақавий таҳдидларни ўрганиш маркази бундан 4 йил муқаддам эълон қилган мақолада "2017 йилнинг бошларигача Истанбулда яшаётган “жиҳодчи Содиқ Самарқандий Суриядаги террорчи гуруҳлар учун одам ёллаш билан шуғулланиб келгани" иддао қилинган.

Орадан бир йил ўтиб, 2018 йили эълон қилинган мақолада Содиқ Самарқандий жангари ёллаш иши билан шуғулланишни 2014 йили бошлагани даъво қилинади.

Мақола муаллифининг иддаоларига кўра, "Мисрда таълим олиб қайтган Содиқ Самарқандий Истанбулда мадраса очиб, унга марказий осиёликларни жалб этади ва улар орасидан Суриядаги террорчи гуруҳларга жангари ёллаш билан шуғулланади".

Муаллифнинг иддао қилишича, Содиқ Самарқандий Туркия хавфсизлик хизматлари билан ҳамкорлик қилган.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари қандай далиллар асосида Содиқ Самарқандий ва рўйхатдаги бошқа шахсларни қидирувга берганини очиқламаяпти. Ижтимоий тармоқларда ўзининг диний мавзудаги чиқишлари билан танилган Самарқандий ва бошқаларнинг маърузалари юзасидан махсус экспертиза хулосалари мавжуд ёки йўқлиги ҳам маълум эмас.

Ўтмишда бу каби қидирув рўйхатларида айрим диний уламолар, жумладан, 2006 йилда Швециядан сиёсий бошпана олган Обидхон қори Назаров сингари уламоларнинг ҳам номлари келтирилган.

Озодлик Ўзбекистон ИИВ эълон қилган қидирув ва ўзига қарши илгари сурилаётган иддаолар юзасидан муносабат олиш мақсадида Содиқ Самарқандийнинг вакилига саволларни йўллади, аммо ҳануз жавоб олгани йўқ.

Абдуллоҳ Зуфар - Зофир Ғаффоров

Содиқ Самарқандий ҳақидаги мақолалар муаллифи 2020 йилнинг 12 апрелида эълон қилган навбатдаги мақоласида Абдуллоҳ Зуфарнинг шахсига оид баъзи маълумотларни очиқлаган.

Айтилишича, Самарқанднинг Каттақўрғон туманида туғилган Зофир Ғаффоров 2007 йили 17 ёшида Қоҳирага ўқишга кетган ва ўша ерда ҳамюрти Содиқ Самарқандий билан танишган.

Мақола муаллифининг ёзишича, Содиқ Самарқандийдан бошланғич диний таълимни олган Зофир Ғаффоров орадан уч йил ўтиб, “Ал-Азхар” университетига ўқишга киради. Содиқ Самарқандий Туркияга кетаётиб, ўзи ташкил қилган ҳужрани Зуфар Ғаффоровга қолдириб кетгани, у эса, Миср бўйлаб марказий осиёликларни излаб топиб, уларга салафийлик ғояларини сингдириш, уларни жангариликка ёллаш билан шуғуллангани тўғрисида ёзилган мақолада.

Айтилишича, Миср хавфсизлик хизматлари 7 йил деганда Зуфар Ғаффоровни одам ёллаш билан шуғуллангани учун қўлга олади ва миграция қамоқхонасида 1 ой ҳибсда ушлаб, Ўзбекистонга депортация қилади. Бироқ муаллифнинг ёзишича, Ўзбекистонга Туркия орқали учаётган Зуфар Ғаффоровни Истанбулда Туркия маъмурлари озод қилади.

Туркия билан экстрадиция тўғрисида битим имзоланган

2018 йилнинг 30 апрелида Ўзбекистон Республикаси билан Туркия Республикаси ўртасида экстрадиция тўғрисида битим имзоланган. Мазкур ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 26 июнда қабул қилинган.

Сенат томонидан 2018 йил 28 июнда маъқулланган ва уни 2018 йилнинг 2 июлида Ўзбекистон Республикаси президенти имзолаган.

Тақиқланган сайтлар

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги 2019 йилнинг майида суд томонидан экстремистик ташкилот сифатида тан олинган ташкилотлар рўйхатини эълон қилган.

2018 йил 30 июлдаги «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида"ги қонуннинг 14-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида ташкилотни экстремистик ташкилот деб топиш суд тартибида амалга оширилади.

Ўзбекистон Олий судининг 12 мардаги ҳал қилув қарорига кўра Интернет тармоғининг «najot.info» ва «hizb-uzbekiston.info» веб-сайтлари ҳамда «Facebook», «Youtube» ва «Telegram» ахборот ресурслари ва ижтимоий тармоқлардаги 40 та профиль, канал ва саҳифалар экстремистик ва террористик деб топилган.

Ўзбекистон ИИВ эълон қилган охирги қидирув Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён диний-экстремистик ва террорчи гуруҳларга алоқадорликда гумон қилинаётган шахсларга нисбатан эълон қилинган биринчи йирик қидирув рўйхатидир. Ислом Каримов бошқаруви даврида бу каби рўйхатларни ички ишлар идоралари, ЙПҲ постлари ҳамда жамоат жойларида кўриш мумкин эди. Рўйхатдагилар орасида сиёсий мухолифларнинг ҳам исм-фамилиялари бўлган.

Мирзиёев ҳокимиятга келгач минглаб диндорлар ҳуқуқ-тартибот идораларининг "қора рўйхати"дан чиқарилди ва қидирувга берилганларнинг айримлари Ўзбекистонга қайтди.

XS
SM
MD
LG