Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:19

Лариса Буракова: Грузия ислоҳоти ҳақидаги китобим ўзбек тилида чиққанидан мамнунман


Лариса Буракова
Лариса Буракова

Лондонда иқтисод илмидан таҳсил олган¸ Россиядаги иқтисодий таҳлил интитути ходими¸ шу кунларда Францияда истиқимат қилаëтган Лариса Буракованинг “Грузия муваффақиятга қандай эришди?” китобининг ўзбекча нашри блогерлар тарафидан фаол тарғиб қилинмоқда.

Ўзига хос челленжда блогерлар бу китобни ўқиëтган ëки бағрига босган ҳолда суратга тушиб, суратларни тармоққа қўймоқда.

Блогер Хуршид Абдурашид эса, китобни гўёки тишлаб еяëтган тарзда суратга тушиб тармоққа илди.

Китоб челлендждаги расмлардан бири
Китоб челлендждаги расмлардан бири

Интернетнинг ўзбек сегментидаги Азиза Умарова¸Сардор Салим¸ Шарифа Мадраҳимова¸ Раҳимжон Раҳмат¸ Фаррух Самарқандий каби фаоллар “Грузия муваффақиятга қандай эришди?” китобини турли тарзда тарғиб қилишди.

Блогер Шарифа Мадраҳимова
Блогер Шарифа Мадраҳимова

Ерга урилгани учун кўкка сапчиган китоб

Анқарада сиëсатшунослик бўйича илмий иш ëзаëтган Фирдавс Аннагелдиевнинг айтишича, бу тарғибот тадбири блогер ва Ислом маданият марказининг ярим ставкага ишловчи ходими Аброр Абдуазимовнинг (Аброр Мухтор Алий) китоб ҳақидаги ҳақоратли фикрларига ўзига хос жавобдир.

“Китоб 2011 йилда Россиядаги "Юнайтед Пресс" нашриëти томонидан нашр қилингани ортидан Росиядаги путинпарастлар нима деган бўлса, диний воиз Аброр Мухтор Алий айнан шу гапни такрорлади. Яъни китоб - рангли инқилоб қилиш учун қўлланма. Аброр Мухтор Алий россиялик "вата"дан ҳам ўтиб тушиб , китобни “Ўзбекистонни сотиш фикрни шакллантирадиган китоб” деган иборани қўлланди. Китобни ўқиган ва китобнинг аҳамиятини билган блогерлар китоб ҳимоясига чиқди. Бу ўз-ўзидан бўлди. Аброр Мухтор Алий китобни ерга ураман деб қилган ҳаракати китоб учун реклама бўлди”.

Инқилоб қўлланмаси?

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази масъул ходими экани айтилган Аброр Мухтор Алий (Аброр Абдуазимов) Андижондаги кутубхона ходимлари билан учрашув пайтида таҳлилчи Лариса Буракованинг яқинда ўзбек тилига таржима қилинган “Грузия муваффақиятга қандай эришди?” китобини “Ўзбекистонда рангли инқилоб қилишга ташвиқ” дея танқид қилган эди.

Китоб сотуви жонлангани айтилди
Китоб сотуви жонлангани айтилди

“У китоб бизнинг миллатни ичида ҳўв океан орқасидаги одамларнинг пули билан баъзи ишларни қилишга тарғиб қиладиган китоб. Эҳтиëт бўлишимиз керак. Сороснинг пули билан Грузияда ундай қилдик¸ палончини сотдик¸ палончини сотмоқчимиз, деган китоб. Уни ўқиб чиқсангиз нима бўлади? Ҳа сотса бўлаверар экану. Келинглар, Ўзбекистонни сотиб юборамиз, деган фикрни шакллантиради", деб айтган ижтимоий тармоқларда зиддиятли чиқишлари билан танилган Ислом цивилизацияси маркази ходими.

Ношир Фируз Аллаев
Ношир Фируз Аллаев

Китобни ўзбек тилида нашр қилган ношир Фируз Аллаев Озодлик билан суҳбатда диний блогернинг даъволарига муносабат билдирди.

“Аввало мен бу блогернинг китобни тўлиқ ўқиб чиққанлигини шубҳа остига оламан. Ушбу китоб бугунги кунда собиқ совет ҳудудидаги кам сонли демократик ва стабил ривожланаётган Грузия мамлакати ҳақида. Китобда Саакашвили бошчилигида жамоа қандай реформалар қилганлиги ва бу қандай натижаларга олиб келганлиги таҳлил қилинган.

Китобда бирор жойида инқилобга ундов ёки инқилоб ҳақида маълумот йўқ. Аксинча, китобни аҳолимиз мамлакатимизда янги ҳукумат даврида бўлаётган реформаларни тушуниши, реформалар осон эмаслигини билиши учун таржима қилдик. Шунингдек, кўпчилик реформалар аслида нима эканлигини билишини ҳам хоҳладик. Китобда келтирилган реформаларнинг аксарини Ўзбекистон ҳукумати ҳам қилди ва қилишда давом этмоқда. Китоб айнан янги ҳукумат олиб бораётган реформаларга ҳамоҳанг тарзда таржима қилинган».

Фируз Аллаев билан суҳбат

Диний блогер Аброр Мухтор Алининг писанда қилишича¸ китоб « оддий талаба қизнинг кундалиги» холос.

Китоб муаллифи, блогер айтганидай "оддий талаба қиз" эмас. Лариса Буракова бир неча халқаро университетлар битирувчиси, кучли иқтисодчи, турли хил халқаро ташкилотлар учун хулосалар ëзадиган таҳлилчидир.

Китоб муаллифи нима дейди?

Озодлик мухбири билан суҳбатда китоб муаллифи Лариса Буракова китоб чиққанидан бери китобга қарши чиқаëтганлар бир хил нақоратни айтаëтганига эътибор қаратди.

«Одатда китобни ўқимай танқид қилишади. Чунки китобнинг биинчи боби Грузия реформaси ҳақда тўқилган уйдирма¸ чўпчак¸ тавқи лаънат ва атайлаб тарқатилган ëлғонларни фош қилишга қаратилган. Бундай уйдирмалар Грузиядаги самарали ислоҳотни қоралаш мақсадида атайин тўқиб чиқарилган. Мен ўзбек китобхонларига китобнинг биринчи бўлимини синчиклаб ўқишни тавсия қиламан. Бу эса ўз навбатида Грузияда Саакашивили амалга оширган ислоҳотларни ичдан тушунишга хизмат қилади. Бу китобга ўзбекларнинг қизиққанидан миннатдорман. Ташаккур. Менимча бу қизиқиш аслида Грузиядаги самарали ислоҳотга қизиқишдир. Бу қизиқиш замирида Ўзбекистонда ҳам ислоҳотлар мева берсин деган некбин умид ëтганига ишонаман. Грузия ислоҳоти ҳақидаги китобим ўзбек тилида чиққанидан мамнунман».

Ўз кўзи билан кўрган ўзбек

Китобнинг биринчи бобида урғуланган нуқталар тафсилотини Грузияда бир муддат ишлаган ва ислоҳотлар мева берганига гувоҳ бўлган давлат бошқарувини модернизация қилиш бўйича мутахассис Азиз Умарова ўз саҳифасида ëритди:

“Мен 2002 да Грузияга илк марта борганимда бутун соҳаларнинг таназзул ичида эканлигини кўрдим. Атиргул инқилобидан кейин барча соҳа яхши томонга ўзгарди. Грузин реформаторлари энг аввало давлат бошқарувини ислоҳ қилди. Вазирлик ва мулозимлар сони кескин камайтирилди. Ойликлар оширилди. Маиший порахўрлик ва корупция илдизи билан йўқ қилинди. ГАИ (ЙПХ) тизими бунга яққол мисолдир. ГАИ буткул тарқатиб юборилди. Икки ой ичида АҚШ типидаги йўл-патрул хизмати яратилди. 50 доллар пора олган ГАИчи 10 йилга қамалиши қонунга киритилди. Шу тариқа аҳолининг полицияга ишончи ошди. 2003 йили сўровда қатнашган аҳолининг 5 фоизи полицияга ишонч билдрган бўлса 2010 йилда бу рақам 84 фоизни ташкил қилди. Ëнғин инспекцияси тугатилди. Натижада ëнғин ва унда ҳалок бўлганлар сони кескин камайди. Машиналарни техник кўрикдан ўтказиш бекор бўлди ва 2003 йил билан солиштирганда авария анча камайди. Грузияда нодавлат ташкилотни 2 минут ичида вазирлик рўйхатидан ўтказса бўлади. Грузия сабоғи шундаки, ишламаëтган назорат органларининг йўқ бўлиши мамлакатнинг хавфсиз ва фаровон бўлишини таъминлади".

Азиза Умарова
Азиза Умарова

Китобни ўзбекчага таржима қилдириб, нашр қилган тадбиркор ва блогер Фируз Аллаевнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, Лариса Буракованинг китоби “Ўзбекистондаги ислоҳотларга уйғун руҳда ëзилган "керакли" китобдир.

«Китобни ўқиганлар унда ёзилганлар қанчалик асосли эканлигига гувоҳлик беришлари мумкин. Ёки ўзингиз ўқиб кўриб гувоҳ бўлишингиз мумкин.

Яна бир даъво: гўёки бизни Америка қўллаб қувватлар экан. Аsaxiy Books лойиҳасини Ўзбекистонда китобхонликни ривожлантириш мақсадида ташкил этганмиз. Шу кунгача лойиҳага 2.5 миллиард сўм инвестиция қилдик. На Asaxiy Books га, на www.asaxiy.uz интернет-дўконига шу кунгача чет элдан бир сўм пул тикилмаган, чет элдан ҳеч қанақа ёрдам олмаганмиз. Буни тегишли органлар ўзлари текшириб гувоҳ бўлишлари мумкин.

Якунда шуни айтмоқчиманки, мен ҳозирги Ўзбекистон ҳукуматини тўлиқ қўллаб- қувватлайман. Реформалар осон кечмаслигини, мамлакатни битта қарор билан ривожлантириб бўлмаслигини, ҳаммаси мураккаблигини тушунаман. Айнан ҳозирги тизимга ишонганим учун ҳам шу мамлакатда яшаб, ишониб бизнес билан шуғулланяпман".

Грузия ислохоти меъморлари Михаил Саакашвили ва Каха Бендукидзе
Грузия ислохоти меъморлари Михаил Саакашвили ва Каха Бендукидзе

Россиядаги иқтисодий таҳлил интитути ходими Лариса Буракованинг “Грузия муваффақиятга қандай эришди?” китоби 2011 йилда Россиядаги "Юнайтед Пресс" нашриëти томонидан нашр қилингани ортидан кенг китобхонлар оммаси орасида муваффақият қозонган эди.

XS
SM
MD
LG