Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиевнинг соқол қўйиш ҳақидаги танқидий фикрлари акс этган видео Уйчи туман (Наманган вилояти) ҳокимлиги ахборот хизматининг расмий саҳифасида жорий йилнинг 17 июнь куни тарқалгани ортидан тармоқнинг ўзбек сегментидаги диний контент мансублари санъаткорга қарши ҳақорат кампаниясини бошлашди.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тарафидан “халқаро экстремистик гуруҳлар фаолиятига қўшилиб, уларнинг ҳаракатларида иштирок этаётган, миллий ва умуминсоний хавфсизликка рахна солаётганликда” айбланиб қидирувга берилган 47 яшар Содиқжон Муҳаммадиев (Содиқ Самарқандий) Youtube канали орқали чиқиш қилиб Ëдгор Саъдиевни “диндан чиққанликда” айблади.
Тармоқдаги низоли чиқишлари билан танилган Ислом маданият маркази ходими Аброр Абдуазимов (Аброр Мухтор Алий) ва бошқа ўнлаб ютуберлар Саъдиевга қарши ҳақоратли видеочиқишлар қилишди.
Видеочиқишларда Саъдиев “жирканч артист”, “ўлдирилиши жоиз бўлган тоғут”¸ “Аëллар либосини кийган ҳезалак” каби ҳақорат ва таҳдидли сўзлар билан нишонга олинди.
Ютуберлардан бири Саъдиевнинг “Келинлар қўзғолони” спектаклида ўйнаган ролини мисол келтириб “Лозим иштон кийиб ликкиллаган ҳезалаклар бизга насиҳат қилиб бошлади”, дея кесатади.
Саъдиевнинг аëл киши ролини ижро қилгани акс этган тасвир ëнида соқоли узун муллалар турган сурат монтаж қилинган постерлар тармоқнинг йирик платформаларида тарқалиб халқ артисти Ëдгор Саъдиев виртуал сазойи қилинди.
Озодлик 30 июнь куни Ëдгор Саъдиевнинг ўзи билан боғланиб қисқа суҳбатлашди. 16 июль куни 75 ëшга тўлиши билан боғлиқ тадбирларга тайëргарлик кўраëтган халқ артисти шу кунда бетоб эканлигини айтди. Айни пайтда бу бетобликнинг Интернетдаги ҳақорат маъракаси билан алоқаси йўқлиги ва "бу ҳақоратлар жавоб бериб бўлмайдиган даражада тубан" эканлигини ҳам Саъдиев таъкидлади.
Саъдиев нима деган эди ?
Бурчагида Наманган вилояти Уйчи туман ҳокимлиги матбуот хизмати логоси бор видеода Ëдгор Саъдиев соқол қўйган ўзбек ëшлари ҳақида мана бу гапларни айтган эди:
“Йигитларнинг кўпи соқол қўядиган бўлган. Ҳалиям бир йигитдан сўрадим. Ëшинг нечада десам 18 да деди. Миндааай соқол қўйибди. (қўли билан кўрсатади- таҳр.) Шайтон соқол дейди буни. Шайтонга ўхшайди. Отангнинг соқоли борми? Йўқ! Ота ўтирган уйнинг томига чиқиб бўлмайди. Отадан олдин соқол қўйилмайди қадрдонлар. Нима дегани бу, десам. “Суннат” деди. “Суннат” дегани нима деб сўрадим. Жим! Пайғамбаримиз қилган ишларнинг ҳаммаси суннат дейишди. Бўлмасам ўзингдан 18 ëш катта аëлга уйлангин десам “Нега унақа дейсиз” дейди. Буям суннат.”
Бу гаплардан кейин Ëдгор Саъдиев “Эътиқод ва тақво иякдан чиққан бир тутам жунда эмас балки қалб ва шуурда зухур” бўлишини айтиб кўкраги ва миясини қўли билан кўрсатади.
Нишондаги артист
Диний мазмундаги материалларни ноқонуний тайёрлаш ва тарқатишда айбли деб топилиб, куни кеча муассислари жаримага тортилган Azon.uz нашри халқ артистининг бу гапларини “диний эътиқод билан боғлиқ ҳис туйғуларини ҳақоратлаш”, деб атади.
Айни пайтда Озодлик суҳбатлашган ҳуқуқшунос Умид Давлетов халқ артистини ошкора ҳақорат қилаëтганлар ишида жиноят таркиби мавжудлигини айтди.
Тармоқ фаоли шоир ва журналист Ғайрат Омон эса дунëвий давлатда халқ артистига диндорлар таҳдид қилаëтгани ҳуқуқ- тартибот органларининг сукути фонида юз бераëтгтанига эътибор қаратди.
“Энг хавотирлиси, мутасадди органлар жим кузатмокда... Хеч кимга хеч қандай чора кўрмаяпти. Яқинда кучада рўмолсиз аёлларни сазойи қилишни бошлашса ҳам ажабланмайман”.
Ижодкорлар диндорлар хуружига илк маротаба нишон бўлмаяпти. 2020 йил октябрида Ўзбек миллий академик драма театрининг таниқли актëри Муҳаммадали Абдуқундузов тармоқларда диндорларнинг кескин танқид ва таҳдидлари ортидан Инжил китоби аудио вариантига овоз беришни тўхтатганини эълон қилган эди.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти¸Халқаро Бобур мукофоти совриндори бўлган Абдуқундузов Озодлик билан суҳбатда кўзи ожизлар учун насронийлар муқаддас китобини овозлантириш лойиҳасида қатнашгани ортидан тахдидларга нишон бўлганини айтган эди.
Санъат – дунëвий ва диний қадриятлар тўқнашуви саҳнасига айланмоқда
Ўзбекистон конституциясининг 31-моддасида:
- Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди¸ деб ëзилган.
Таҳлилчилар сўнгги йилларда дин давлатдан ажратилган Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий, айниқса¸маданий ҳаëтга диний нуқтаи назардан келиб чиқиб баҳо бериш тенденциясининг кучайиб бораëтганига эътибор қаратмоқда.
Ҳукуматнинг бу жараëнга оид хавотирлари¸ уни тўхтатиш учун режалаган ҳаракатлар дастури Озодлик чоп қилган президент махфий қарори ва унга илова этилган "Йўл харитаси"да акс этган эди.
Ëдгор Саъдиевнинг Уйчи туман ëшлари билан учрашуви ҳам айни “йўл ҳаритаси” асосида амалга оширилгани ҳақида Озодликда маълумот бор.
Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келиб¸ диний эркинлик борасидаги сиёсат бир қадар юмшаши ортидан ижтимоий тармоқ ва маҳаллий матбуотда¸айниқса¸ санъаткорларни Исломга амал қилмагани учун қоралаш¸ виртуал сазойи қилиш кампанияси тез-тез бўй кўрсата бошлади.
Хусусан¸ диний руҳдаги маҳаллий нашрларда “ZO”R- TV” каналида намойиш қилинган “Севги изтироби” фильмини туркчадан ўзбекчага дубляж қилган актёрлар гуруҳи таҳдид нишони бўлган¸ уларнинг иши “ҳаромлиги”¸ уларнинг “боласига ҳаром луқма едиргани” ҳақида ëзилиб, актёрларни сазойи қилишга чақирилган эди.
Сериалларга овоз бераётган актёрлар маҳаллий нашрлар томонидан “миллатнинг ашаддий хоинлари ва мунофиқ”қа чиқарилиши ортидан айрим санъаткорлар дубляжда овоз беришни тўхтатганини билдирган эди.
“Бу кетишда санъатни йиғиштириб, ғишт ташийман. Ё Алишер Навоий, ё Шукур Бурхонов даврида ёки бир неча асрдан кейин туғилишим керак эди...”¸ деган эди турк сериалини ўзбекчалаштиргани учун танқидга учраган актëр Алишер Узоқов.