Президент Шавкат Мирзиёев 20 август куни тадбиркорлар билан мулоқот тадбирида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ фаолиятини танқидий баҳолади.
Мирзиёев темирйўл ширкати монопол ташкилот эканини таъкидлаб, тизим ўзгариши учун монополияга барҳам бериш ва хусусий ташувчиларга йўл очиш лозимлигини таъкидлади.
“Ҳосиловга (Ҳусниддин Ҳосилов, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқарув раиси – таҳр.) ўхшаган каттаконлар дунёқарашини ўзгартирмаса, ўзини ўзгартираман. Бор десанг бор бўласан, жўқ десанг, ўзинг ҳам жўқ бўласан”, деган Ш.Мирзиёев.
Тадбир иштирокчиларининг ёзишича, Ҳосиловга бир йил синов муддати белгиланган.
Расмий маълумотларга кўра, “Ўзбекистон темир йўллари” 2021 йилнинг 1-чорагида 95,6 миллиард сўм зарар кўрган.
Аввалроқ маҳаллий матбуот темирйўл ширкати совет давридан қолган бадбўй, кир ва чанг босган вагонларда йўловчи ташиётганини танқид қилган эди.