Ўзбекистонда Рамазон ойи бошланганидан бери кучишлатар тизимларнинг масжидларда рейдлари кўпайди. Рейдлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаровнинг мурожаатидан кейин бошланди. У мусулмонларга мурожаат қилиб, муқаддас Рамазон ойида болаларни масжидларда ўқиладиган таровеҳ намозига олиб келмасликни сўраган эди. Айрим ҳудудларда бу рейдларга ўқитувчилар ҳам оммавий равишда жалб қилинмоқда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеороликларда ички ишлар ходимлари катталар билан бир сафда намоз ўқиб турган болаларни қўлларидан ушлаб, масжиддан олиб чиқиб кетаётгани акс этган.
Ўзбекистонда бу болаларни масжиддан ҳайдаш билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. Бироқ мамлакат муфтийси ҳукумат ва диндорлар ўртасида Ислом Каримов давридан бери давом этиб келаётган можарода очиқчасига давлат томонида туриши илк бор кузатилмоқда.
Жорий ой бошида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров мусулмонларга мурожаат қилиб, болаларни таровеҳ намозига олиб келмасликни сўради. Таровеҳ – Рамазон ойида фарз бўлган хуфтон намозидан кейин ўқиладиган намоздир.
"Мана шу намозларни биз ҳушуъ билан ўқишимиз учун ёш болалар уйда ўтириб турса бўларкан. Чунки болалар (масжидга) келиб ҳали у ёққа югуряпти, ҳали бу ишни қилиб қўйяпти, ҳазил қилиб қўйяпти, кулиб қўйяпти. Кейин яна бир нарса борки, қавмнинг таҳоратининг мукаммал бўлишлиги қорининг қироатининг тўғри бўлишлигига ёрдам бераркан. Агар таҳоратида нуқсони бор одам бўлса кўп адашаркан имом. Китобларда бор бу гап. Ҳозир ўзи мактаб маҳали. Болалар беқаров қоляпти. Шунинг учун ёш болаларимизни уйларда ушлайлик азизлар. Катталар бир ой ҳушуъ билан, ҳузуъ билан ўтказайлик, маза қилиб ибодат қилайлик. Мана шу ибодатга халақит қиладиган бирон нарсани қилмаслик керак", деган Ўзбекистон муфтийси.
Муфтийнинг бу сўзлари Ўзбекистон мусулмонлари ўртасида турли фикрларга сабаб бўлди: айримлар унинг фикрини қўллаб-қувватласа, бошқалар болалар ёшлигидан масжид муҳитига ўрганиб, ибодат анъаналарини ўзлаштириши кераклигини таъкидлади.
Ўзбекистондаги масжид имомларидан бирининг айтишича, ички ишлар органларидан болаларни масжидга олиб келмаслик ҳақида буйруқ берилган ва бу қоидага амал қилмаганлар билан "жиддий суҳбат" ўтказилиши ҳақида огоҳлантирилган.
"Бугун мен ҳам имомларга оталарга тушунтиришни буюрдим: агар бола масжидга боришни хоҳласа, отаси унга шундай десин: 'Ўғлим, уй вазифангни бажар, ухла, мен эса масжидга бориб сен учун дуо қиламан'. Агар бу бир неча марта такрорланса ва оталар болаларини таровеҳ намозига олиб келишда давом этса, унда намоздан кейин биз – имомлар, уларни болалари билан бирга чақирамиз ва улар билан алоҳида суҳбатлашамиз",– дейди Ўзбекистондаги масжид имоми.
Муфтийнинг болаларни таровеҳ намозига олиб келмаслик ҳақидаги мурожаатидан кейин мамлакатнинг айрим ҳудудларида масжидлар устидан назорат кучайтирилди. Бу тадбирларга ички ишлар ходимлари ва мактаб ўқитувчилари жалб қилинди.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига кўра, назорат Қўқондаги "Ҳадя Ҳожи", "Шайхул-Ислом", "Аҳмаджон Ҳожи" ва "Шайхон" масжидларида кучайтирилган.
Баъзи ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига кўра, болаларнинг масжидга киришига қўйилган тақиқ оммага очиқ эълон қилинмаган. Улар Тошкентдаги кўпчилик масжидларда ҳозирча бу борада муаммо йўқлигини ёзишмоқда.
Фарғона водийси ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ички ишлар ходимлари муфтийнинг сўзларини асос қилиб, болаларни масжидга киритмаётгани ҳақида хабарлар олинган.
Ўзбекистон ҳукумати аввал ҳам болаларнинг масжидга ва диний тадбирларга қатнашишини тақиқлашга ҳаракат қилган. Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келган дастлабки йилларда мактаб ўқувчиларининг таътил вақтида масжидларга бориши тақиқланган эди. Бу тақиқни ҳам дунёвий ҳукумат ва ҳам диний арбоблар қўллаб-қувватлаган.
Экспертлар ҳукуматнинг аҳолини бу каби Исломдан узоқлаштириш сиёсатини мамлакатда диний радикализмнингг ўсиб бораётгани билан изоҳлашади.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Мирзиёев президентлиги даврида Ўзбекистонда дин ва эътиқод эркинлигини таъминлашга қаратилган ижобий ўзгаришларнинг кузатилганини эътироф этишган.
Бироқ улар мамлакатда ҳали ҳам диний ташкилотлар ва диний таълим устидан кучли давлат назоратининг сақланиб қолаётганини танқид қилишади.
Бу йилги чеклов ва тақиқлар диний концепция номи берилган Виждон эркинлиги ва диний соҳадаги давлат сиёсатига доир янги қонун қабул қилиниши ортидан юз бермоқда.
Ҳукумат ва қонун чиқарувчилар Ўзбекистонга бу каби концепция нима учун кераклиги ҳақида расмий изоҳ бермаган.
Форум