Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:43

"Ўзбекистонда қонун йўқ" - прокурор қабулига борганлар ғалаён кўтарди (ВИДЕО)


Чироқчи туманида прокурор қабулига борганлар ғалаён кўтарди
Чироқчи туманида прокурор қабулига борганлар ғалаён кўтарди

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида прокурор қабулига борган юзга яқин одам ғалаён кўтарди.

Озодликка юборилган видеода прокурор қабулига келган одамлар "Ўзбекистонда қонун йўқ, ҳеч қачон бўлмайди", дея норозилик билдираётгани акс этган.

Чироқчилик Фозилжон Расуловнинг Озодликка айтишича, туман прокурорининг Қарағай маҳалласидаги 178-мактабда 27 август куни бўлиши керак бўлган қабулга келмай, ўрнига муовинларини юборгани одамлар норозилигига сабаб бўлган.

"Туман прокурори Баҳодир Ҳудайқулов бизда сектор раҳбари. Соат бешда мактаб биносига юзга яқин одам унинг қабулини кутиб ўтирди, аммо у келмади. Ёрдамчисини юборди. Одамлар жиғибийрон бўлди. Шундоқ ҳам иш йўқлигидан хафсаласи пир бўлиб борган одамлар ғалаён кўтарди, прокурор келишини талаб қилди, лекин келмади", - дейди Расулов.

Чироқчи туманида прокурор қабулига борганлар ғалаён кўтарди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:32 0:00

Чироқчи тумани прокуратураси мулозимининг Озодликка айтишича, 27 август кунги қабулга халқ дардини эшитиш учун прокуратурадан уч вакил борган, аммо қабулга йиғилганлар улар билан гаплашишни хоҳламаган.

"Прокурор бошқа иш билан банд бўлгани учун унинг муовинлари борди. Улар йиғилганландан нима саволи бўлса сектор раҳбарига етказишларини айтишган, аммо жанжалга айланиб кетганидан сўнг у ерни тарк этишга мажбур бўлишди. Лекин, прокуроримиз халқ билан учрашишга ва улар дардини эшитишга доим тайёр", - деди Чироқчи тумани прокуратурасининг Озодлик суҳбатлашган мулозими.

Чироқчи тумани Қашқадарё вилоятининг энг кўп аҳоли истиқомат қилувчи ва ишсизлик энг юқори бўлган ҳудудларидан биридир.

Қашқадарёлик блогер Зокир Муҳаммаднинг Озодликка айтишича, айнан ишсизлик боис пичоқ суякка бориб қадалганидан қабулга кўп одам йиғилган.

"Иш йўқлигидан одамларни ҳокимиятга ишончи сўниб бўлган эди. Прокурорнинг қабулга келмагани ошиб тушди. Прокурорни ўрнига келган унинг муовинлари, "Ҳал қилиб берамиз", дейишдан бошқа гап айтмайди. Туманда завод ва фабрика бўлмаса қандай қилиб одамларни иш билан таъминлайди? Бу саволларга жавоб йўқ", - дейди блогер.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил Қашқадарёга сафари давомида вилоят бўйлаб 26 мингдан ортиқ ёшлар ишсиз экани ва тадбиркорлик ривожи даражаси анча пастлигини таъкидлаганди.

Шавкат Мирзиёев oдамларни иш билан таъминламаган раҳбарлар жавобгарликка тортилишини ҳам айтганди.

XS
SM
MD
LG