Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:52

Россия мигрантларни камайтирмоқчи, аммо...


Россия ишчи мигрантларининг яшаш вагончалари
Россия ишчи мигрантларининг яшаш вагончалари

Москва мэрияси Россия пойтахтидаги қурилиш объектларида хорижлик ишчиларни тарк этиш режасини ишлаб чиқади. Бу маълумотни очиқлаган Москва вице-мэри Андрей Бочкарёвга кўра, мазкур лойиҳа айрим қурилиш объектларида аллақачон жорий этилмоқда.

Бироқ, Озодлик суҳбатлашган соҳа мутахассислари юзага келган вазиятда Россия ҳукумати қурилишларда мигрантлар меҳнатидан воз кеча олмаслигини гапирмоқда. Улар Россия ҳукуматининг меҳнат муҳожирлигига оид баёнотлари ва амалдаги ҳаракатлари ўртасидаги тафовутга эътибор қаратмоқда.

Қурилишда меҳнат муҳожирлари қолмайди?

Москва шаҳар ҳокимияти пойтахтдаги қурилиш объектларида чет эллик ишчилар меҳнатидан воз кечиш режасини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда шаҳарсозлик сиёсати ва қурилиш бўйича шаҳар ҳокими муовини Андрей Бочкарёв журналистларга берган интервьюсида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, қурилиш жараёнига "уч баробар камроқ одам жалб қилиниши керак".

- Шу билан бирга, ишчиларнинг иш ҳақи икки, ҳатто уч баравар кўп бўлиши керак ва биз икки баравар тезроқ қуришни бошлаймиз, деб таъкидлади Бочкарёв.

У АҚШ ва Европа мамлакатлари тажрибасини мисол келтириб, уларда ишчилар “яхшироқ ўқитилган”, бунинг натижасида эса “бир киши уч кишининг ўрнини эгаллайди”, деди. Бочкарёвнинг сўзларига кўра, худди шундай схема аллақачон Москвадаги бир нечта қурилиш объектларида жорий этилмоқда: у 450 киши режалаштирилган қурилишда пудратчи томонидан 170 киши жалб этилганини айтди.

Вице-мэрнинг сўзларига кўра, бугунги кунда пойтахтдаги қурилиш объектларида ишлаётган 120 минг хорижий ишчидан “40 мингга яқини” қолган. Булар асосан Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон гражданлари, ҳамда Москва вилоятида яшовчилар экани айтилди.

Бочкарёв, шунингдек "Яхши сувоқчи бўлиш - бу санъат, ғишт териш бўйича эса мутахассислар умуман йўқ", деди.

Бочкарёвнинг сўзларига кўра, қурилиш майдончасидаги мигрантнинг ўртача маоши 30 дан 50-60 минг рублгача кўтарилган, аммо муҳожирлар орасида ҳатто 80 мингга ишлашни хоҳламаётганлар борлигига ишора қилди.

- Сентябр ойида Москва расмийлари пойтахтда 200 мингга яқин хорижлик ишчи етишмаётганини эълон қилган эди. Меҳнат ресурсларининг етишмаслиги иш берувчилар ўртасидаги ишчи кучи учун курашни кучайишига олиб келди, бу эса уларнинг хизмат ҳақлари кўтарилишига сабаб бўлмоқда, деди шаҳар вице-мэри.

Мутахассислар: Яқин келажакда Россия мигрантлардан воз кеча олмайди!

Бироқ, Москва мэрияси таклифи юзасидан фикр билдирган экспертлар Россия яқин келажакда мигрантлар меҳнатидан воз кеча олишига жиддий шубҳа билдирмоқда.

Россия Фанлар Академиясининг Социология институти етакчи илмий ходими, доцент Игорь Кузнецов Озодлик билан суҳбатда шаҳар ҳокими муовини “мигрантлар” ва “малакасиз ишчилар” жумлалари ўртасида хато тенглик ўрнатганига эътиборимизни қаратди.

- Қурилишларда ишлаётган мигрантларнинг аксар қисми ҳақиқатан малакасиз ишчилар. Аммо, ҳаммаси ҳам эмас. Улар меҳнатидан воз кечиш учун қурилиш соҳасини қайта қуриб чиқиш керак, технологияларни жорий қилиш лозим. Масалан, қурилиш роботларини. Бу эса бугун-эрта ҳал этиладиган нарсамас! Албатта, мэриянинг бу қароридан энг аввало қурилиш компаниялари норози бўлади. Чунки ўзгартишлар иш берувчилар ҳисобига амалга оширилади. Бу қурилаётган усиз ҳам қиммат уйлар нархининг ошишига олиб келиши турган гап.

Ҳозирги кунда эса вазият шундай: қурилиш вазирлигидаги бир танишим ҳукумат аксинча мигрантларни олиб кириш устида бош қотираётгани, чартер рейслар сонини кўпайтираётгани тўғрисида гапирди. Мен нима учун бундай бир-бирига зид баёнотлар берилаётгани сабабларини ўзим ҳам тушунмаяпман. Муаммо мигрантларнинг кўп-камлигидамас - қурилишдаги ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда. Мигрантларни тарбиялаш, адаптациялаш ва бошқа лойиҳаларни йиғиштириб қўйинг: уларга иш шароити яратинг, уларни малакасини оширинг, маошини вақтида беринг – ўз-ўзидан кўплаб муаммолар бартараф этилади, деди Игорь Кузнецов.

Миграция мутахассиси охирги икки йилда ишчи мигрантлар сони 10 баробарга қисқаргани тўғрисида тадқиқотлар натижаларини ҳам овоза қилди.

Москвадаги Ўзбекистонликлар конгресси раҳбари Фарҳод Устажалилов фикрича, айрим сиёсатчиларнинг мигрантларга қарши баёнотлари Россия президенти билдираётган фикр мулоҳазаларга ҳам зид эканини гапиради. У ҳам яқин келажакда Россия муҳожирлар меҳнатидан воз кеча олмайди, деган фикрда:

- Москвада бу қарорларсиз ҳам ишчи кучи етарли эмас. Бу гапларнинг барчаси сохта - фейк, бошқа ҳеч нарса эмас. Мигрантлар ойига 300-500 доллар эвазига 12-15 соат ғайриинсоний шароитларда ишлайдилар, яшайдилар. Муҳожирларни маҳаллийлар билан алмаштириш учун яхши шароит ва яхши маош бериш керак - малакасиз ишчиларга ойига камида 60-70 минг рубл ва малакали ишчиларга 100-150 минг рубл. Мэриянинг ўзи бунга рози бўлмайди, чунки уй-жойнинг нархи ошади. Натижада – яна коррупция ва хира схемалар бўйича ишчиларни ёллаш, малака сертификатларини сотиб олиш, ноқонуний ишчи куидан фойдаланиш бош.

Айни дамда, Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин “қўшни давлатлар”дан келган меҳнат муҳожирлари учун мажбурий геномик рўйхатга олишни жорий этишни таклиф қилди.

2008 йилда қабул қилинган ДНК рўйхатига олиш тўғрисидаги қонунга кўра, Россияда бундай тартиб оғир ёки ўта оғир жиноятлар содир этганликда, шунингдек, шахснинг жинсий тажовузда айбланиб судланганларга тегишли. Бундан ташқари, тергов ҳаракатлари давомида ва шахси аниқланмаган жасадлардан ДНК намуналари олинади.

Миграция – Россиянинг асосий даромад манбаларидан бири

Меҳнат муҳожирлари ўз мамлакатларига пул жўнатиш орқали Россиянинг кўплаб минтақалари учун даромад манбаи бўлиб қолмоқда.

Россия ҳудудларининг бюджетларини тўлдириш моддаларидан бири меҳнат муҳожирларининг меҳнат патентлари учун тўловлари ҳисобланади. Миграция экспертлари ҳисоб-китобича, пандемиядан олдинги 2018 йилда Россия Федерациясининг минтақалари бюджетига 58,3 миллиард рубл тушган, шундан 17,5 миллиарди пойтахт ғазнасини тўлдирилган. Москва вилояти бюджетига 8, 3 миллиард рубл, Санкт-Петербург бюджети мигрантлар ҳисобига 7, 3 миллиард рублга бойигани қайд этилди. Мутахассислар меҳнат муҳожирларининг Россия ялпи ички маҳсулотига қўшган ҳиссаси 10%дан 13, 2% гача эканини айтиб келишади.

Коронавирус пандемияси туфайли 2020 йил март ойидан мигрантларнинг Россияга кириши тақиқланган эди. 2021 йил март ойидан 250 дан ортиқ ишчи ва даромади 2,5 миллиард рублдан ортиқ компанияларга ишчиларни Россияга олиб киришга рухсат берилган эди.

Май ойида Тожикистон ва Ўзбекистондан ишчиларни жалб қилиш бўйича чекловлар олиб ташланди, аммо қатнов ҳалигача ҳаво йўли орқали амалга ошмоқда.

Эслатиб ўтиш жойизки, аввалроқ Москва мэри Сергей Собянин меҳнат муҳожирларининг Россиядан чиқиб кетиши мамлакатда инфляциянинг ўсишига олиб келганини айтган эди. Собянин ўтган йили коронавирус чекловлари туфайли қурилиш объектлари деярли икки ой давомида ёпилганлиги, ишлаб чиқарувчилар кўплаб ишчи мигрантларни ишдан бўшатишга мажбур бўлганини эслатганди.

Олдинроқ Озодлик Россия аввал мамлакатга кириши тақиқланган 158 минг нафар ўзбекистонликка нисбатан “миграцион амнистия” ўтказишга қарор қилгани ҳақида хабар берган эди. Шунингдек, россиялик расмийлар ўз мамлакатида ишчи кучи етишмаётгани сабабли Ўзбекистондан минглаб қурувчини ишга жалб этишга қарор қилишган.

Бу орада Россия ҳукумати ўзбекистонлик муҳожирларнинг миграция рўйхатига қўйиш муддатини 15 кунга узайтиришга қарор қилганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG