Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:10

Икки ой олдин очилган Мустақиллик монументи қайта реконструкция қилинмоқда


Турк ширкати 63 кунда тиклаган ёдгорлик қайта реконструкция қилинмоқда.
Турк ширкати 63 кунда тиклаган ёдгорлик қайта реконструкция қилинмоқда.

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида шу йил августида тантанали очилган “Янги Ўзбекистон” боғидаги Мустақиллик монументи қуриб битказилганидан икки ой ўтиб, қайта реконструкция қилинмоқда.

Озодликка юборилган суратларда монументнинг баъзи қисмлари кранлар ёрдамида демонтаж қилинганини кўриш мумкин.

60 метр баландликдаги ёдгорлик “Outdoor factory - Acik Hava fabrikasi” турк ширкати томонидан турк дизайнери Синан Тураман лойиҳаси бўйича ишланган эди.

Ёдгорлик муаллифи Синан Тураман 9 ноябрь куни Озодлик билан суҳбатда монумент “шоша-пиша қилингани”ни ва ҳозирда реконструкция ишлари олиб борилаётганини тасдиқлади.

“Тузатишлар қиляпман. Баъзи тошларини алмаштиряпмиз. Чунки шоша-пиша қилинган иш. Реконструкция лозим”, - деди Тураман.

Муаллифга кўра, реконструкция олдиндан режаланган ва бу “қўшимча маблағ талаб қилмайди”.

“Бу ишлар режада бўлган, Мустақиллик байрами тугаганидан сўнг реконструкция ишлари режада бор эди”, - дея қўшимча қилди Синан Тураман.”

Мустақиллик монументини ўз ичига олган “Янги Ўзбекистон” боғи Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида президент Шавкат Мирзиёев томонидан тантанали очилган эди.

Ёдгорлик давлат ғазнасига қанчага тушганини уни қурган “Outdoor factory - Acik Hava fabrikasi” турк ширкати ҳам, монумент буюртмачиси бўлган Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳам очиқламаяпти.

63 кунда қурилган монумент

Озодликнинг Ўзбекистон ҳукуматига яқин манбалари ёдгорлик учун давлат бюджетидан логистика харажатларидан ташқари, 6 миллион АҚШ долларига яқин маблағ сарфланганини айтишган.

Уларга кўра, стелланинг темир конструкциясидан тортиб дов-дарахт ва яшил безакларигача ўнлаб фура ва учоқларда Туркиядан олиб келинган.

Баландлиги 60 метрлик монументнинг 300 тонналик пўлат ва мис конструкцияси Туркияда тайёрланиб, Ўзбекистонга 85та фура ва 16 та учоқда етказилган.

Озодликнинг Ўзбекистон ҳукуматига яқин манбаси “Янги Ўзбекистон” боғида тикланган монументни беш йил аввал Мустақилликнинг 25 йиллигига ўрнатиш режалангани, мамлакатнинг аввалги президенти Ислом Каримов вафоти ортидан режа амалга ошмай қолганини айтган эди.

Мулозимнинг иддаосича, лойиҳа Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга алоқадор ширкатлар воситачилигида амалга оширилган.

Аммо Озодлик билан суҳбатда Туркиядаги “Outdoor factory - Acik Hava fabrikasi” ширкати вакили Дарё Балжи ҳалол тендерда ютиб чиққанликларини айтган.

“Lego ўйнаб катта бўлганлар энди стелла қуряпти”

Мустақиллик монумент қурилганидан икки ой ўтиб, унинг атрофида яна кранлар пайдо бўлгани ижтимоий тармоқларда ҳажв қилинмоқда.

“Кичиклигида лего ўйнаб катта бўлганлар катта бўлганда стелло қуриб ўйнар эмиш. Ҳалиги минг жанжаллар билан қурилган стелло энди бузилмоқда, нима эмиш Ўзбекистон маҳсулотидан фойдаланиб қўйишган экан, энди Туркиядан қурилиш маҳсулотлари олиб келиб бошқаттан қуришар экан”, - деб ёзди Телеграмдаги TentakMinds гуруҳи фойдаланувчиларидан бири.

“Мустақиллик монументи ёнида ўзи кранлар етишмай турувди. Ахир бу ёдгорлик 30 йиллик тархимизни акс эттирадику. Энди кранлар билан тўлиқ акс эттиряпти. Қуриб бузишлар ёки бузиб қуришлар тарихимизнинг ажралмас қисми”, - деб ёзди ўзбекистонлик блогер DioRa Фейсбукда.

“Мустақиллик монументи” унинг муаллифларига кўра, ўзбек халқининг 3000 йиллик тарихини акс эттиради.
“Мустақиллик монументи” унинг муаллифларига кўра, ўзбек халқининг 3000 йиллик тарихини акс эттиради.

Ўзбекистонлик рассом Ширин Тошева Мустақиллик кунига ҳисобот бериш учун шоша-пиша битказилаётган қурилишлар ҳозир ҳам давом этаётганидан таассуф билдиради.

“Қибрайдаги Мустақиллик монументини олдинига шоша-пиша ўрнатишди, энди шоша-пиша демонтаж қилишяпти. Бошидан бу ёдгорлик ташқи композицион жиҳатдан пухта ишлаб чиқилиши ва пухта ўрнатилиши керак эди. Ёки айтилиши керак эди, тўлиқ қурилгани йўқ, чаласи бор, деб. Яхшиям шамол ёки чанг бўрони учириб кетмабди (кулади). Бу ерда кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсан одам”, - дейди Тошева.

Тошкентдаги Мустақиллик монументи ўзбек солиқ тўловчилари пулига чет давлатларда тайёрланиб, олиб келинган иккинчи ёдгорликдир.

Шу йил бошида Жалолиддин Мангубердининг 50 тонналик ҳайкали Россияда тайёрланиб, Урганч шаҳрига олиб келинганди. КИРИТИШ (EMBE

Мангубердининг 25 метрлик ҳайкали ва унинг остидан ўтувчи ярим километрлик ер ости йўлининг қурилиши апрель ойида бошланган ва уни Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллик санасига битказиш мўлжалланган эди.

Аммо, сув сизиб чиқиши боис, қурилиш ишлари чўзилган.

“Учинчи Ренессанс” ҳайкаллари

Айни пайтда Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида давлат бюджетидан миллиардлаб маблағ сарфлаб яна бир ҳайкал ўрнатилиши тармоқларда танқидларга сабаб бўлди.

Тошкент вилояти ҳокимининг фармойишига кўра, Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова номига ҳайкал мажмуасини қуриш ва атрофини ободонлаштириш ишлари учун 28,4 миллиард сўм ажратилган.

“Бу боришда ҳамма вилоятларни Зулфия Зокирова ҳайкали босиб кетса ажаб эмас. Умуман олганда, ҳайкалларимиз янада авангард, шакл ва маъно жиҳатдан эркинроқ кўринишини истардим. Шошилинч равишда яратилган бундай ибтидоий асар уруш ёки эксплуатация мавзуларини ҳатто композицияларда инсон фигураларидан фойдаланмасдан ҳам мажозий тарзда тасвирлаш мумкин. Шу ҳақда ўйлаш керак, ахир ҳовлимизда "учинчи ренесанс" бошландику”, - дейди рассом Ширин Тошева.

Зулфия Зокирова Иккинчи Жаҳон урушида бешта ўғлини йўқотган она ҳисобланади. Зулфия Зокирова тақдири акс этган “Илҳақ” фильми суратга олинган. Тошкентдаги ғалаба боғида илк ҳайкали ўрнатилганди.

Шу йил бошида Тошкент шаҳар ҳокимияти мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан Тошкент марказидаги "Мовий гумбазлар" хиёбони ва шу номдаги тарихий кафе биноси бузилиб, ўрнида "Истиқлол" мажмуаси барпо этилишини эълон қилган эди.

Ортиқхўжаевнинг “Мовий гумбазлар” хиëбонини бузиш режаси норозиликка сабаб бўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:03 0:00

Тошкент ҳоимлигининг қарори фаоллар норозилигига учради. Оқибатда ҳокимлик стеллани шаҳар ташқарисига кўчиришга мажбур бўлди.

XS
SM
MD
LG