Уруш ҳаракатлари кетаётган Украинадан ўқишини Ўзбекистонга кўчириш истагини билдирган талабалар муаммоларга дуч келмоқда.
Бу ҳақда Озодликка сўзлаб берган ўзбек ёшларига кўра, президент Шавкат Мирзиёевнинг Украинадан қайтган талабаларни Ўзбекистон олийгоҳларида ўқишини давом эттириши учун барча шароитларни яратиб бериш тўғрисидаги кўрсатмасига қарамасдан уларнинг ҳолати мавҳумлигича қолмоқда.
Ўзбекистонда ўқишини кўчиришда муаммоларга дуч келаётганларнинг аксари сиртқи, кечки бўлимда ёки масофавий таълимдаги ёшлардир.
Сурхондарёлик 22 яшар Илҳомжон Суюнов Киевдаги Халқаро университетининг 2-босқич талабаси.
- 1700 та талабадан 600таси перевод бўлар экан, қолганларни тақдири нима бўлади, билмаяпмиз. Кундузгиларда муаммо йўқ – асосан сиртқи ва онлайнда ўқиганларда муаммо бор. Биз ҳам Ўзбекистонга кўчирилишини кутяпмиз. Вазирликда ишларинг кўриб чиқилади деяпти, ҳар хил бошқа гаплар юрибди, - дейди Илҳомжон Суюнов.
Ўқишини Ўзбекистонга кўчирмоқчи бўлган талабалар Олий таълим вазирлиги ва бошқа мутасадди идораларга ҳам мурожаат қилган.
Фотима ва Зуҳра Салоҳиддиновалар Украинадаги Халқаро Европа университетининг психология йўналиши бўйича 2-босқич талабалари. Фотима вазирликдан саволларига аниқ жавоб ололмаганини айтади:
- Биз турмушга чиққанимиз сабабли ўқишимизни масофавийга ўтказишга мажбур бўлганмиз. Ҳозирда Украинадаги нотинчлик сабаб президентимиз қарорига мувофиқ ўқишимизни бу ерга кўчиришга аризалар ёздик, Олий таълимга мурожаат қилдик. 26 апрелда чиққан қарордан норози бўлиб, 50га яқин талаба вазирликка бордик, лекин вазирлик ўринбосарлари бизга чиқиб “Масофавийлар ўқишинглар ўтказилмайди!”, деб бирор далил кетирмади.
2022 йилнинг март бошларида президент Шавкат Мирзиёев талабаларни бандлигини таъминлаш масаласига оид видеоселектор ўтказганди. Унда Олий таълим, Ташқи ишлар вазирлиги, вилоят ҳокимлари бошчилигида комиссия ташкил этилиши ва ушбу комиссия Украинадан қайтган талабаларни Ўзбекистонда ОТМларида ўқишини давом эттириши учун барча шароитларни яратиб бериши маълум қилинганди.
- Бугунги кунда Украина олийгоҳларида 370 дан зиёд ёшларимиз таълим олмоқда ва шундан 200 га яқини Ватанга қайтарилди. Қолганларини ҳам яқин бир ҳафтада қайтариш учун барча чораларни кўряпмиз, - деган Мирзиёев селектор йиғилишида.
Украинадан олиб келинган талабаларнинг аксари тиббиёт, юриспруденция, транспорт, авиация, иқтисодиёт, муҳандислик, IT йўналишларида таҳсил олган.
Ўзбекистоннинг Киевдаги эчихонаси Украинада таълим олаётган ўзбекистонлик талабалардан ўқишларини сақлаб қолиш масаласи бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушаётганини маълум қилганди. Унга кўра, Украина Таълим ва фан вазирлиги 2022 йил 25 январдаги 1/1266-сонли ва 2022 йил 15 февралдаги 1/2588-22-сонли хати билан Украинанинг барча олий ўқув юртларига масофавий таълимни жорий этишни тавсия қилган.
Ўзбекистон президентининг кўрсатмасига мувофиқ, ариза топширган талабалар жорий йил 26 апрелдан ўқишни кўчириш истагини билдирган олий таълим муассасасига мурожаат қилишлари мумкинлиги расмий тарзда билдирилганди.
Маҳаллий нашрлар ва тармоқларда Украинага бормасдан онлайн тарзда ўқиётган талабаларнинг ҳам мурожаати инобатга олиниб, уларнинг ўқиши Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига кўчириб берилаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди.
Бунинг ортидан Украинадан ўқишини кўчириш бўйича ариза берган 600 дан ортиқ талабаларнинг мурожаатлари соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилгани ҳақида АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида вазирлик бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов маълумот берди.
Бошқарма бошлиғи Украинадан қайтган талабалар соддалаштирилган тартибда, яъни тест ва имтиҳонларсиз ўқишга қабул қилинишини билдирди. У шунингдек, Украинада тўланган контракт тўловлари ҳисобга олинмаслиги тўғрисида дастлабки қарор борлигини ҳам маълум қилди.
Аммо Озодликка маълум бўлишича, Украина олий таълим муассасаларидан ўқишини Ўзбекистонга кўчириш истагида бўлганлардан жами 1700га яқин ариза келиб тушган.
Қолган 1100 нафар талабанинг тақдири нима бўлади?
Блогер ва юрист Хушнудбек Худойбердиев ўзининг Телеграм-каналида Олий таълим вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи Абдували Холиқовнинг талабалар билан учрашувдан онлайн суҳбатни чоп этди.
Унда Абдували Холиқов президент “фақат Украинадан қайтарилган талабалар ҳақида гапиргани”га ишора қилади ва муаммо “қалбаки ҳужжатларда” эканини гапиради.
- Жорий йил март ойида шу масала бўйича давлат раҳбари топшириқ берган. Дастлабки маълумотга кўра, 400га яқин ёшларимиз Украинада ўқиши бўйича маълумот берилган. Лекин топшириқда аниқ айтилган-ку – “Украинадан қайтарилган талабалар”, яъни ўша ерда ўқиб турган талабалар масаласи бўлган эди. Ташқи ишлар вазирлиги берган маълумотлар асосида 13та ҳудудда ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, аризалар қабул қилинди. Биз биринчи босқичини якунлаб, давлат комиссиясига юбордик – кейинги ҳафтада у тасдиқланиб чиқади.
Кечикишга асосий сабаб – жудаям кўп ҳужжатлар қалбаки экани шубҳа остига олинди. Бу устидан тегишли текширишлар олиб бориляпти. Бу ҳужжатлари тоза бўлган талабаларимизнинг кўчириш бўйича натижаларини чиқаришга салбий таъсир кўрсатмоқда, - деди Абдували Холиқов.
Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашининг собиқ депутати, блогер Олимжон Тўхтаназаров ўқишини кўчиролмаётган талабалар ҳақлари учун курашаётганлардан бири.
Озодлик билан суҳбатда Олимжон Тўхтаназаров Ўзбекистон Олий таълим вазирлиги президент Мирзиёевнинг талабларини бажармаётганини айтади.
- Украинада ўқиётган талабалар масаласи президент томонидан Ташқи ишлар вазирлигига топширилди ва Польшага ўтган 360га яқин кундузгида ўқиган талаба Ўзбекистонга олиб келинди. Аммо сиртқида ўқийдиган талабаларимиз ҳам бор. Улар жуда кўпчилик. Украинада ўқийдиган талабалардан 1700та ариза тушган. Ҳукумат буларни ўрганиб чиқиб, биринчи рўйхатга Украинадан эвакуация қилинган талабалар киритилган. Иккинчиси Ўзбекистонда туриб, онлайн ўқиган талабалар рўйхати берилган. Президент томонидан ҳам кундузги, ҳам сиртқи ўқиган талабаларни кўчириш юклатилган. Лекин ҳозирда Олий таълим вазирлиги бошқача йўл тутяпти, яъни “сиртқига рухсат йўқ – фақат кундузги ўқиганларга” деяпти. Ундай бўлса ТИВ нима учун иккита рўйхат шакллантирди? Бу тушунарсиз . Нима, кундузи ўқиб турган талаба Ўзбекистон фуқароси-ю, сиртқидаги талаба Ўзбекистон фуқароси эмасми?! Булар бир баҳона қилиб “аккредитациядан ўтмаган” деяпти, бошқа томондан “ҳужжатлари йўқ” деяпти.
Олимжон Тўхтаназаровнинг фикрича, айрим талабаларнинг Украина ва Ўзбекистондаги шубҳали фирмалар орқали ўқишга киргани вазирликда уларга нисбатан ишончсизликни келтириб чиқарган.
- Булар нолегал ҳужжатларни легаллаштириб қўйишдан қўрқяпти. Ўзим гаплашган талабалардан бири 3-курс медицина ўқиркан, лекин умуман Украинага бормаган, имтиҳон топширмаган. Рус, украин, инглиз тилини билмас экан, “Сиз қандай қилиб 2 йил имтиҳон топширдингиз?” деяпман. “Биз консалтинг маркази билан гаплашганмиз – 100 доллардан берамиз, семестрдан ўтказиб қўяди!” деяпти. У гинеколог экан – қандай унга болангизни топширасиз эртага?! Лекин мен кўрганларим ичида ҳақиқатан ўқишга чанқоқлари бор! Ўша ноқонуний кирганлар 100-300та бўлиши мумкиндир, лекин қолганлари ўқиб турган. Бу вазиятда давлат ўзининг борлигини ёшларга кўрсатиши керак, мана шундагина унинг давлатлиги билинади, - дейди Олимжон Тўхтаназаров.
Украинада ўқиётган бир гуруҳ талабалар 2020 йилдаёқ ўқишини Ўзбекистонга кўчиришни сўраб мурожаат қилган эди.
Ўзбекистон Олий таълим вазирлиги уруш бошланишидан олдин Озодликка Украина олий таълим муассасаларига ўқишга кираётган ўзбек талабалари сони кескин кўпайиб бораётгани ҳақида маълумот берганди.