Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:53

Қорақалпоғистон воқеалари: Мустақил текширув ўтказиш бўйича комиссия тузилди


Нукус шаҳридаги норозилик намойиши. 1 июль 2022йил.
Нукус шаҳридаги норозилик намойиши. 1 июль 2022йил.

15 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг қўшма мажлиси ўтказилди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, парламент қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Қорақалпоғистон Республикасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласига доир мурожаати кўриб чиқилган.

“Мажлисда Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг 2022 йил июль ойида Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш ҳамда улар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича комиссия тузиш тўғрисидаги қўшма қарори қабул қилинди” дейилади.

Парламент қўшма мажлиси қарорига мувофиқ, мазкур Комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси вакиллари ва халқ депутатлари, нодавлат нотижорат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ходимлари киритилган.

Комиссия фаолиятига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Ф.Эшматова раҳбарлик қилади. Ўтказилган текширув хулосалари Ўзбекистон жамоатчилиги ва жаҳон ҳамжамиятига етказилади.

Комиссия таркибидан 14 нафар шахс ўрин олган, улар орасида “Ҳуқуқий таянч” жамоатчилик бирлашмаси, Швециядаги Марккзий Осиё Ассоциацияси ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилиш халқаро қўмитаси, Словениядаги “Минтақавий мулоқот” ташкилоти вакиллари бор.

Комиссия вакиллари 16 июль куни тушдан сўнг Нукусга учиб кетишади. Уларга вазиятни ўрганиш, фуқаролар билан мулоқот қилиш учун йўриқномалар тақдим қилинган. Воқеа иштирокчилари билан ўзаро суҳбатлар уюштирилади.

Маълум бўлишича, мазкур жамоатчилик комиссиясига мамлакатда расман рўйхатдан ўтган таниқли Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти киритилмаган. Ташкилот раҳбари Абдураҳмон Ташанов бу борада жамиятга таклиф ҳам бўлмаганини айтади.

“Фуқаролик жамиятининг вакиллари сифатида мазкур комиссияга киришни истардик. Аммо бу борада бизга таклиф ҳам бўлмади. Комиссия фаолиятида бизнинг иштирокимиз Омбудсманга ёқмаса керак, деган гумондаман. Чунки Инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссиядаги фаолиятимизни ҳам амалда тўхтатишган” дейди Ташанов.

Парламент палаталарининг қўшма қарори билан ташкил қилинган комиссия Қорақалпоғистон воқеалари бўйича шаффоф ва объектив хулосаларни тақдим этишни иддао қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, шу ой бошида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясидаги Қорақалпоғистон Республикаси мақомига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги лойиҳа эълон қилинган миқтақада намойишлар оммавий тартибсизликларга айланиб кетган.

Воқеалар натижасида 18 нафар фуқаро ҳалок бўлган, Республикада бир ойлик фавқулодда ҳолат жорий қилинган.

XS
SM
MD
LG