Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:27

Черниговда ўлдирилган Россия аскари ёнидан Ўзбекистон паспорти топилди


Украинада рус армияси сафида ўлган жасаднинг ёнидан топилган Ўзбекистон паспорти
Украинада рус армияси сафида ўлган жасаднинг ёнидан топилган Ўзбекистон паспорти

Украинанинг Россия босқинидан озод қилинган Чернигов вилоятида жасадлари ташлаб кетилган рус аскарларига тегишли ҳужжатлар орасидан Ўзбекистон паспорти топилди.

Украина қуролли кучлари ҳарбийсининг Озодликка айтишича, ҳужжатлар вилоятнинг Нова Басань туманида топилган, паспорт эгасининг жасадини таниш имконсиз.

Озодлик бу паспорт нусхасини Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига йўллади ва ҳозирда саволларга жавоб кутмоқда.

Агар шахси ва вафоти тасдиқланса, бу Украина ҳудудидаги жанг майдонида рус армияси сафида ўлган Озодликка маълум илк ўзбекистонликдир. Уруш шароитида бундай маълумотларни тезкор тасдиқлаш имконсиз бўлиб қолмоқда.

Аммо кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда, Кремль таъбирича “махсус ҳарбий операция” деб аталаётган бу урушга Россия томонидан жалб қилинаётган ўзбекистонликлар ҳақида норасмий маълумотлар кўпаймоқда.


Исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган Украина қуролли кучларининг биринчи тоифали сержанти, Ўзбекистон паспортининг эгаси “ўлган бўлиши мумкин”лигини тахмин қилди.

“Паспортни Чернигов вилоятининг Нова Басань туманида топдик, уни мен суратга олдим. Бу туманда рус аскарларига тегишли паспорт ва ҳарбий билетлар топилди, шунинг учун бу паспорт эгаси руслар томонида урушган, деган фикрга келдик. Катта эҳтимол билан у ўлган”, деди сержант Озодлик билан суҳбатда.

Озодликда нусхаси бўлган паспорт Хоразм вилояти, Қўшкўпир туманида 1993 йилда туғилган О.С.га тегишли. Ҳужжат 2019 йилнинг 12 июнида Хоразм вилоятида берилган.

Озодлик бу паспорт эгасининг шахси расман тасдиқлангунига қадар, маълумотларни тўлиқ ошкор қилмайди.

Украина ҚК сержантининг Озодликка айтишича, паспорт эгасининг урушга қадар Украинада бўлган меҳнат муҳожири ёки талабаси бўлиши эҳтимоли жуда оз:

“Чунки, ўша ҳужжатлар топилган жойда бизникилар русларга қарши штурмни бошлаган эди ва бу ерда ёниб кетган ҳарбий техника, ёниб кетган жасадлар жуда кўп. Бундан ташқари, маҳаллий аҳолидан ҳам сўрадик, улар бунақа шахсни танимаяпти”.

Унинг айтишича, уруш шароитида бу жасадларнинг шахсини аниқлаш ёки душман аскарлари жасадининг қидирилиши имконсиз. Зотан, рус армиясидан озод этилаётган ҳудудларда даҳшатли вайроналар ҳамда улар остида қолаётган жасадлар кўп.

Украина ҚК сержанти уруш майдонида душман сафларида бўлган ўзбекистонликни шахсан кўрмаганини ҳам илова қилди.

Бу ўзбек паспортининг фотонусхаси ижтимоий тармоқларда Украинадаги урушни ёритаётган аксар саҳифалар, Телеграм-каналларида ёйилди.

Ҳозирча Украина қуролли кучлари томонидан бу паспорт эгаси ёки жанг майдонига тушиб қолган, у ерда асир олинган ёки ўлган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида бирор расмий маълумот берилмади.

Озодлик паспорт нусхасини Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳам йўллади. Хусусан, Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов, Озодлик тегишли тартибда йўллаган расмий сўровга аниқлик киритилишини билдирди.

Украинадаги уруш бошланганидан буён Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, мамлакат фуқароларини Украинадаги урушга аралашмаслик, бунинг оқибатида Ўзбекистонда жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлигидан огоҳлантириб келади.

“Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларидан Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятли ҳудудларга жалб қилиш ҳақидаги даъватларга эргашмасликни, зиддиятли ҳудудларга бормасликни ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликни сўраймиз”, дейилган Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги аввалроқ эълон қилган баёнотида.


Аммо Россия томонидан турли йўллар билан уруш майдонига бориб қолаётган ўзбекистонликлар ҳақида тармоқларда тарқалаётган хабарлар борасида Ўзбекистон расмий идоралари бирор расмий маълумот бермаган.

Озодлик аввалроқ Украина ҳудудига Россиядаги хусусий ҳарбий ширкатлар томонидан йўлланган ўзбеклар ҳақида хабар берган эди.

10 сентябрь куни тармоқларда Украина ҳудудида рус аскарлари билан бирга қўлга олинган икки ўзбекистонликнинг видеоси тарқалганди.

Видеога илова қилинган хабарда, ўзбеклар Украинанинг 25-ҳаво-десант бригадаси ҳарбийлари Харьков вилоятининг Балаклея шаҳри остонасида рус қўшинлари сафини ёриб ўтиши пайтида қўлга олингани айтилган.

Қўлга олинган асирлар Ўзбекистондан экани, хусусий ҳарбий бўлим таркибида миномётчи сифатида жанг қилганини айтишган.

“Биз Ўзбекистондан икки кишимиз. Москвада эдим. Ҳужжатсиз ишлардим. Қурилишда ишлаб юргандим – бу ерга юборишди. Машинада 5 киши эдик. Ҳеч кимга ўқ узганим йўқ! Энди келган эдик. Самарқандданман”, дейди кўзлари боғланган биринчи асир видеода.

Украин ҳарбийларининг “Оиланг борми?” деган саволига у: “Ота-онам бор, 5 йил ҳужжатсиз ишлаб юрувдим, қарзим бор эди”, деб жавоб беради, ўзини аввалига “Бобожонов”, кейин эса “Бойсуханов” деб айтган ўзбекистонлик йиғламсираб.

“Фамилиям ва исмим А. М. С. ўғли. Ўзбекистондан, Самарқандданман. Ёшим 22 да. “Редут” хусусий ҳарбий компаниясида 120 мм миномет батареясида хизмат қилиб келганман. Украинага КАМАЗда олиб келишди. Ўзбекистондан яна бир йигит бор эди. Бунгача Москвада яшардим. Талаба эдим, пул керак бўлди”, дейди иккинчи асир.


Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ёки бошқа расмий идоралар, бу масалада ҳозирча бирор изоҳ бергани йўқ. Бу ўзбекистонликларнинг кейинги тақдири номаълум.

Асирлар ҳақида хабар берган украиналик блогер Юрий Бутусовнинг Озодликка айтишича, икки ўзбекистонликни Украина разведка бошқармаси ҳибсга олган. Озодлик Украина ҚКга расман мурожаат йўллади, ҳануз жавоб кутмоқда.

Украина урушига Россиянинг бир неча хусусий ҳарбий ширкатлари ҳам жалб этилган. Улар ёллаган аскарлар орасида Россияга пул ишлаш учун борган меҳнат муҳожирлари ҳамда ўзбекистонлик профессионал ҳарбийлар борлиги ҳақида норасмий маълумотлар бор.

Украинадаги тероборона - ҳарбий ва кўнгиллилардан иборат махсус ҳудудий мудофаа бўлинмаси таркибидаги 40 яшар ўзбекистонлик Фаррух Нурматов, айнан шу хусусий ширкатлар ўзбекистонликларни ёлламоқда, деган хулосада.

“Охирги маълумот, Россия қамоқларида узоқ йилларга қамалган ўзбекистонликларнинг урушга олиб кетилаётганини айтишяпти. Бундан ташқари, Россияда ўзбекистонликлар йиғилиадиган ошхоналарга, корхоналарга бориб: “Фуқароликлни осон оласиз, пул ишлайсиз”, деб ўзбекларни ўзбеклар ёллаётгани айтишяпти. Яъни, бунақа норасмий гаплар жуда кўп”, дейди Нурматов.


Аммо бундай маълумотларнинг расмий тасдиғи йўқ. Шу боис урушга жалб қилинган ўзбекистонликларнинг сони борасида аниқ маълумот йўқ.

Бундан ташқари, КУкраинадаги урушни “махсус ҳарбий амалиёт” деб атаган Россия томони марказий осиёлик муҳожирларнинг урушга йўлланаётгани ҳақидаги хабарларни рад этмоқда. Шу йилнинг 25 сентябрида Путин эълон қилган қисман мобилизацияга ҳам хориж фуқаролари жалб қилинимаслиги айтилган.

Ўтган ҳафта Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, ўзбекистонлик ва марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари Украинадаги урушга сафарбар қилинаётгани ҳақида тармоқларда тарқалаётган маълумотларни “фейк” деб атади.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154 прим 1-моддасида чет давлатларнинг ҳарбий хизмати, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланиш 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилган.

Ҳозирга қадар Ўзбекистонда бу жиноятда айбланиб қамоққа ташланган ўзбекистонликлар ҳақида ҳам очиқ манбаларларда бирор маълумот йўқ.

Озодлик бу борадаги барча саволларни тўплаб, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига расман йўллади, жавоб кутмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG