Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:34

"Ҳамма хавотирда". Мавжуда Мирзаева ва “Kompromatuzb иши”


Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева ва Human.uz сайти директори Хуршид Далиев
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева ва Human.uz сайти директори Хуршид Далиев

Human.uz мустақил вебсайти журналистлари ҳибсга олинганидан бир ҳафта ўтиб, ДХХ тергов қилаётган шов-шувли “Kompromatuzb иши” тафсилотлари жамоатчиликка қоронғилигича қолмоқда.

27 январь куни Давлат хавфсизлик хизмати, Human.uz сайти директори Хуршид Далиев ва яна бир неча журналистни қўлга олганини маълум қилганди.

Кейинчалик ҳибсга олинганлар орасида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева ҳам борлиги норасмий манбалар орқали маълум бўлди.

Яъни, давлат идораси матбуот хизмати раҳбарининг ҳибсга олингани ва нега ҳибсга олингани ҳақида шу кунга қадар бир сатр расмий баёнот берилмади.


Мирзаева уйида тинтув

Шу кунда ДХХ хизмати ишинини тергов қилаётган журналистлар Телеграм тармоғидаги Kompromatuzb канали администраторлари сифатида товламачилик қилганликда гумон қилинаётгани 27 январь куни маълум қилинган.

“ДХХ органлари томонидан фуқаро И.А.дан келиб тушган мурожаатга асосан, фуқаро Д.Х. ва бошқаларнинг «Telegram» мессенжеридаги «Kompromat.uzb» ва бошқа каналлар орқали амалга оширилган жиноятларга алоқадорликлари сабабли уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган ва хозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, деб хабар қилди Телеграм тармоғидаги Xavfsizlik канали.

29 январга келиб, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод тумани суди ажрими билан журналист Мавжуда Мирзаева ҳам ҳибсга олингани маълум бўлди.

Бу ҳақда журналистнинг қизи маҳаллий Интернет нашрларига интервью берди, аммо сўнгра бирданига матбуот билан алоқасини узгани кузатилди.

Кейинчалик Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси, Мирзаева ҳам “Kompromatuzb” Телеграм канали иши доирасида қўлга олинганини билдирди.

Озодлик манбасига кўра, бу журналист ҳам ЖКнинг 165-моддаси, 2-қисми в-бандида кўзда тутилган “товламачилик” жиноятини содир этишда гумон қилинаётгани айтилмоқда.

Прокуратура органларидаги яна бир манба Озодликка сиздирган ҳужжатларга кўра, Мирзаеванинг уйида тинтув ўтказишга оид қарор 27 январь куни имзоланган.

Айни ҳужжат асосида ДХХ Тошкент вилояти бошқармаси Тергов бўлими томонидан 27 январь куни Мавжуда Мирзаеванинг Тошкент шаҳри, Сирғали туманидаги уйида тинтув ўтказилган.

29 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод тумани суди ажрими билан Мирзаевага нисбатан эҳтиёт чораси сифатида 10 кунлик қамоқ белгиланган.

Терговга яқин манбаларнинг Озодликка билдиришича, ҳибсга олинганлар гўёки "уюшган жиноий гуруҳ аъзолари" сифатида кўрилмоқда.

Kompromatuzb Телеграм каналида “амалга оширилган жиноятлар” нималардан иборат экани ҳақида ҳозиргача ҳеч қандай маълумот йўқ. ДХХ ҳам бу ҳақда бошқа тафсилот бергани йўқ.

"Ҳибсда 4 киши қолди"

Прокуратура органларидаги манбага кўра, бу иш доирасида дастлаб 10 га яқин одам қисқа муддатга ушланганди, айни пайтда улардан 4 нафари ҳибсда қолдирилган:

  • Human.uz сайти директори Хуршид Далиев,
  • Далиевга олди-берди ишларига алоқадорликда гумон қилинаётган қариндоши,
  • “Ўзбекнефтгаз” компанияси матбуот хизмати раҳбари Сиёвуш Ҳошимов,
  • Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева.

Қолганлар, шу жумладан таниқли журналист Human.uz сайти бош муҳаррири Муслим Мирзажонов ва сайтнинг бошқа ходимлари ҳибсдан чиқарилган.

Аммо, уларга нисбатан тергов ҳаракати тўхтатилганми ёки йўқми - бу ҳақда Озодликда расмий маълумот йўқ. Хусусан, журналист Муслим Мирзажонов ОАВ билан алоқага чиқмаётир.

Расмийлар Мирзаева масаласида жим

Бундан ташқари, давлат идораси - Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида матбуот хизматини бошқарган Мавжуда Мирзаева ҳақида ҳам шу кунга қадар бирор расмий маълумот берилгани йўқ.

Ҳатто, Мирзаева ишлаган вазирлик бу борада бирор муносабат билдиргани йўқ.

Озодлик давлат идораси матбуот хизматини бошқарган таниқли журналистнинг ҳибсга олиниши борасида мавжуд саволлар билан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратурасига матбуот хизматларига мурожаат қилди.

Ҳар икки идора Мирзаева билан боғлиқ жиноят иши уларда мавжуд эмаслиги, бу борада бирор маълумот йўқлигини билдирди.

Айни пайтда бу иш терговини юритаётган ДХХ матбуот хизматига мурожаат қилиш эса имконсиз - бу ташкилотнинг ҳануз на расмий сайти, на матбуот хизмати ва на матбуот котиби ҳақида очиқ манбаларда маълумот бор.

Озодлик мавжуд барча маълумотларни ҳибсдагиларнинг яқинлари, тергов ишидан хабардор журналист ва блогерлар ҳамда ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларга таянган ҳолда аниқламоқда.

Мирзаева, шунингдек ҳибсдаги бошқа журналистларнинг яқинлари, адвокатлари Озодлик билан мулоқотга рози бўлмаётир.

Озодликка ҳибсдаги ҳамкасблари ҳақида муносабат билдирган қарийб барча ўзбекистонлик журналист ва блогер - бу иш доирасидаги ҳибс ва терговлар - уларда чуқур хавотир ва қўрқув уйғотганини гапирмоқдалар.

"Нега эмас, қандай ҳибсга олишгани хавотирли"

Қўрқув эса, аксар суҳбатдошга кўра, расман рўйхатдан ўтиб ишлаётган оммавий ахборот воситаси биносига номаълум шахсларнинг ҳеч бир ҳужжат ва огоҳлантиришсиз бостириб кириши, журналистларнинг куч билан номаълум манзилга олиб кетилишидан уйғонган.

27 январь куни Human.uz таҳририяти тарқатган баёнотда айнан шу ҳақда хабар қилинган эди:

“Бугун 27 январь, соат 10:00 атрофида Human.uz сайти директори Хуршид Далиев, сайт бош муҳаррири Муслим Мирзажонов ва сайтнинг бошқа ходимлари ўзини “орган ходимлари” деб таништирган инсонлар томонидан Human.uz сайтининг Тошкент давлат аграр университети ҳудудида жойлашган офисидан олиб кетилган. Шунингдек, “орган ходимлари” томонидан офисдаги эшиклар бузиб кирилган ва айни дамда барча маълумотлар, қурилмалар тинтув қилинмоқда. Human.uz сайти таҳририяти тўсатдан ва огоҳлантиришларсиз олиб кетилган барча инсонлар саломатлиги ва ҳолатидан қаттиқ қайғуда”.

Яъни, ҳозир аксар ўзбекистонлик ҳамкасблари - Human.uz таҳририяти журналистларининг ҳибсга олиниши сабаблари эмас, балки айнан мавжуд қонунчиликка зид тарзда - куч қўллаган ҳолда ва ҳатто, "штурм билан" ҳибсга олинганидан хавотир инҳор қилмоқда.

“Умид қиламанки, тергов жараёнида Хуршид Далиев ва Мавжуда Мирзаеванинг барча қонуний ҳақларига риоя қилинади. Шунингдек, адвокат ва оиласи, яқинлари билан алоқа қилиш ҳаққига ҳам риоя қилинади. Умид қиламанки, уларга ҳибс, тергов чоғида босим ўтказилмайди ва суд жараёни очиқ ҳамда шаффоф ўтади. Журналистлар жамоаси қонун устуворлигига таянади. Агар улар айбдор бўлса, бу очиқ ва ишончли равишда исботланиши лозим. Агар айбдор бўлмаса, озодликка чиқарилиши керак", дейди жумладан ўзбекистонлик таниқли журналист Никита Макаренко.

“Kompromatuzb иши” нега ҳозир қўзғатилгани қизиқ"

Айни пайтда, шу кунда тармоқларда бот-бот тилга олинаётган саволлардан бири “Kompromatuzb иши” нега айнан ҳозир қўзғатилди, деган савол бўлмоқда.

Хусусан Телеграм тармоғида 130 мингдан ортиқ ўқувчиси бўлган Kompromatuzb канали анчадан буён зиддиятли хабарларни бемалол улашиб келаётганди.

Бу каналда у ёки бу давлат ташкилоти ёки алоҳида шахсларга нисбатан очиқ манбаларда учрамайдиган ва одатан, яширилган айби, ноқонуний ҳаракатларини фош қилувчи маълумотлар анчадан буён берилаётган эди.

Ўзбекистонлик бир неча журналист ва давлат идоралари ходимларининг Озодлик билан мулоқотда айтишича, бу канал қисқа муддатда айнан давлат ва ҳокимият идоралари орасида шу қадар оммалашгандики, ҳатто давлат ходимлари орасида “Kompromatuzb чиқиб кетасиз” қабилидаги қочиримлар урф бўла бошлаган эди.

Озодлик билан микрофонсиз гаплашган таниқли ўзбекистонлик журналист, бу сайт ишининг айнан ҳозир тўхтатилишини - Ўзбекистонда кейинги ҳафталарда кузатилган қатор сиёсий воқеалар - Тошкент ҳокимининг ишдан кетишидан бошлаб, қатор идоралар раҳбарларининг алмашишигача бўлган воқеалар - яъни Ўзбекистондаги сиёсий элита ва кланлар орасидаги ички зиддиятининг юзадаги бир ишорати бўлиши мумкин, деб баҳолайди:

“Баъзи журналист ва блогерларнинг ҳукуматдаги тузилмалар билан ўта коррупциялашган алоқалари ҳақида эшитиб келардим. Терговга тортилган журналистлар ҳақида бирор нарса дейишим қийин. Ҳаммасини тергов ва суд ҳал қилади… Лекин, бу жараёнлар нега бирданига бошлангани қизиқ. Хўш, терговга қадар AОКA Kompromatuzb админларига огоҳлантириш хати юборганмиди ёки оммавий тарзда бўлса ҳам, бирор бир огоҳлантириш берилганмиди? Яъни, “арқон” нега бирданига, бугун узилди?”

Шу кунга қадар, АОКА - Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги - ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни Human.uz интернет-нашри ходимлари билан боғлиқ вазиятда амалдаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга чақирди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳам Human.uz интернет нашри журналистларининг қўлга олиниши билан боғлиқ вазиятдан хавотир билдирди.

"Бундан фақат журналистлар ютқазади"

Журналистлар уларга нисбатан илгари сурилган айбловдаги жиноятни содир қилганми-қилмаганми - бунга суд қарор беради.

Аммо, журналистлар айбдор бўлиш-бўлмаслигидан қатъий назар - шу кунга қадар жамоатчилик “Kompromatuzb иши” доирасида гувоҳ бўлган манзаранинг акс-таъсири бўлиши аниқ, дейди Ўзбекистондаги йирик Интернет нашрларидан бирида ишлайдиган яна бир журналист Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда:

"Барибир, бундан фақат журналистлар ютқазади. Биринчидан, ҳеч қандай олди-бердига аралашмасдан қўлдан келганча жамиятдаги иллатларни баралла айтаётган ҳамкасбларда ўз-ўзидан цензура пайдо бўлади. Иккинчидан, халқ орасида журналистларга ишонч пасаяди. Учинчидан, буни туҳмат деб биладиганлар орасида давлат бошқарувига ишончсизлик пайдо бўлади. Тўртинчидан, шундоқ ҳам журналист ва блогерларни ёқтирмайдиган давлат органлари, раҳбарлари қўлида тайёр калтак пайдо бўлади. Бу ёғига таъналарини, кинояларини тиндиришмайди... Хуллас, демократияга ташланган қадамлар секин ортга чекинади".

Форум

XS
SM
MD
LG