Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:01

Мирзиёев Сианда. Хитой-Марказий Осиё саммитидан нималар кутиляпти?


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Хитой – Марказий Осиё” саммитида қатнашиш учун Сиан шаҳрига етиб келди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Хитой – Марказий Осиё” саммитида қатнашиш учун Сиан шаҳрига етиб келди.

Марказий Осиёнинг беш давлати ва Хитой раҳбарлари 18 ва 19 май кунлари Буюк ипак йўлининг бошланғич нуқтасида жойлашган Хитойнинг эски пойтахти Сиан шаҳрида саммитга йиғилмоқда.

18 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Хитой – Марказий Осиё” саммитида иштирок этиш учун давлат ташрифи билан Хитой шимоли-ғарбидаги Шенси провинциясининг Сиан шаҳрига етиб келди.

Ўзбекистон президенти Хитойда Марказий Осиёнинг қолган тўртта давлати, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон давлат раҳбарлари билан бирга Си раислигида пайшанба ва жума кунлари бўлиб ўтадиган саммитда иштирок этади.

Шунингдек, Хитой томони билан Хитой-Ўзбекистон муносабатларини чуқурлаштириш ва икки давлат ўртасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича музокаралар ўтказади.

Бу Хитой Марказий Осиёнинг беш давлати билан 31 йил аввал дипломатик муносабатлар ўрнатганидан буён олти давлат раҳбарларининг биринчи саммитидир.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси Зироатхон Ҳошимова билан Хитойнинг Сиан шаҳрида.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси Зироатхон Ҳошимова билан Хитойнинг Сиан шаҳрида.

Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакилининг айтишича, учрашув "янги муносабатлар режасини ишлаб чиқишга ёрдам беради" ва "ҳамкорликнинг янги даврини очади".

Ҳозирги геосиёсий контекстда ушбу саммит ҳақида нима дейиш мумкин? Унинг кун тартибида нималар бўлиши мумкин?

Марказий Осиё бўйича ихтисослашган журналист Брюс Паниер фикрича, минтақа давлатлари Украинадаги уруш ортидан Россия билан алоқаларида юзага келган бўшлиқни Хитой тўлдиришига умид қилмоқда.

"Ҳар икки томонни ўз манфаатлари бор. Марказий Осиё Россия билан алоқаларида юзага келган бўшлиқни Хитой тўлдиришига умид қилмоқда. Айниқса хавфсизлик соҳасида Хитой ёрдамига кўз тикмоқда. Биласизки, Марказий Осиёнинг тўрт давлати Афғонистон билан чегарадош. террорчи, жангари гуруҳлар заифлашувидан Хитой ҳам манфаатдор. Шунинг учун хавфсизлик саммитда асосий мавзулардан бири бўлади. Бундан ташқари савдо-сотиқни ривожлантириш, транспорт, айниқса Каспий денгизи билан боғловчи темир йўл лойиҳасига Хитойнинг қизиқиши катта. Буларнинг барчаси саммит кун тартибида бўлиши кутилади”, - дейди Брюс Паниер.

Хитой Марказий Осиёни Евроосиё бўйича узоқ муддатли иқтисодий стратегиясининг ажралмас қисми сифатида кўради.

"Бу Ғарбни ўз ичига олмайдиган муқобил форумлар ва форматларни яратишга уринишдир. Шу нуқтаи назардан, саммит Хитойнинг биз билан жуда юқори даражада ҳамкорлик қилишни хоҳлайдиган кўплаб кучлар мавжудлигини намойиш этиш стратегиясининг бир қисмидир.

Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорлик тарихи узоқ. Шунга ўхшаш учрашувлар, ҳатто анча юқори даражада, аввал ҳам онлайн тарзда ўтказилган. Саммит формати мутлақо янги эмас, лекин бу галги учрашув, албатта, биз ўтмишда кўрганимиздан анча юқори даражадаги учрашувдир. Менимча, Марказий Осиё Хитой учун дунёнинг қизиқарли қисми, чунки у ўзининг энг заиф минтақаларидан бири – Шинжон билан чегарадош ва у билан чамбарчас боғланган. Хитойнинг Марказий Осиё билан муносабатлари ҳар доим ички хавфсизлик манфаатларига асосланган”, - дейди хитойшунос эксперт Рафаелло Пантуччи.

Москва ва Пекин орасида

Марказий Осиёнинг беш давлати етакчилари Хитойдаги саммитдан ўн кун олдин Москвадаги 9 май парадида Россия президенти Владимир Путин ёнида саф тортишганди.

Таҳлилчиларга кўра, бу Марказий Осиёнинг Украинага уруш сабаб яккаланиб қолган Россияга ҳануз қанчалик боғлиқ эканлигини кўрсатган.

“Украинадаги уруш манзарасида Москванинг обрўси пасайиб кетганига қарамай, у минтақадаги асосий ўйинчи бўлиб қолмоқда. Россиянинг Марказий Осиё билан алоқалари ҳозир ҳам кучли. Россиянинг минтақадаги ҳозирлиги 200 йиллик тарихга эга. Хитой минтақада кўп иш қиляпти, лекин Пекиннинг ҳаракатлари Россия таъсирининг ўрнини босадиган даражада эмас”, - дейди Брюс Паниер

Хитойшунос олим Рафаелло Пантуччи ҳам Озодлик билан суҳбатда Пекин ва Москва Марказий Осиёда рақобатчи эмас, дейди.

“Ҳа, менимча, улар рақобатчи эмас, улар параллел ишдан жуда мамнун. Ўйлайманки, улар ўзларининг таъсирини тушунишади. Россия кенгроқ таъсир доирасига эга. Хитой ўзи учун бевосита манфаатдор бўлган нарсага кўпроқ эътибор қаратган.

Минтақадаги хавфсизлик чораларига назар ташласангиз, Хитой баъзи нарсаларга эътибор қаратади. Улар терроризмга қарши кураш. Улар кенгроқ беқарорлик ҳақида қайғурмайдилар. Яъни, Пекин, албатта, бунга ғамхўрлик қилади, лекин умуман олганда, Москва ўзини минтақада "тинчликни таъминловчи" сифатида кўради”, -дейди Пантуччи.

Хитой ва Марказий Осиё давлатлари терроризм, сепаратизм ва экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва наркотик моддалар савдосига қарши курашда ўзаро ҳамкорлик зарурлигини таъкидлаб келишади.

Хитой томонидан таклиф этилган Глобал хавфсизлик ташаббуси Марказий Осиё давлатлари томонидан қўллаб-қувватланган.

Аммо экспертлар фикрича, минтақа давлатларини энг кўп қизиқтираётгани Хитой инвестицияларидир.

Ўзбекистон делегацияси Сианда Хитой билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича музокараларда.
Ўзбекистон делегацияси Сианда Хитой билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича музокараларда.

Хитой сармоялари

Пекин қисқа фурсат ичида Марказий Осиёга бир неча миллиард долларлик сармоялар киритиб, Қозоғистон ва Туркманистонга элтадиган нефт ҳамда газ қувурларини ётқизди.

2022 йилда Хитой ва Марказий Осиёнинг бешта давлати ўртасида товар айирбошлаш ҳажми 70,2 миллиард АҚШ долларига етган.

Жорий январ-март ойларида бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22 фоизга ошган.

Хитой қадимий Буюк ипак йўлидаги мамлакатларни боғловчи темир йўл транспортини ривожлантириш кўзланган “Бир камар, бир йўл” лойиҳаси учун минтақага кўпмиллиард долларлик сармоялар киритган.

Хитой банклари “Бир камар, бир йўл” лойиҳаси доирасида Марказий Осиёда тоғ-кон саноатини ривожлантириш, йўллар, кўприклар, гидроэлектрстанциялар, метролар ва бошқа йирик объектлар қурилишини молиялаштириб келмоқда.

Сиан саммитида Хитой ва Марказий Осиёнинг баъзи ўлкалари орасида виза енгилликларига оид келишувлар ҳам имзоланиши кутилади.

Қозоғистонликлар учун Хитойга, хитойликлар учун эса Қозоғистонга 30 кунлик визасиз режим жорий қилинади. Остона томонидан маъқулланган бу келишув Сиан шаҳрида бўлиб ўтадиган саммитда имзоланиши кутилмоқда.

Саммит арафасида Ўзбекистон ҳам хитойлик сайёҳлар учун визасиз режим жорий қилди.

Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг бош эксперти Ширин Хўжаева China Global Network телеканалига берган суҳбатида Хитой билан алоқаларда туризм Ўзбекистон ривожлантирмоқчи бўлган соҳалардан бири эканини айтди.

“Июн ойига қадар биз техник имкониятларни ўрганиш бўйича аниқ мақсад ва молиялаштириш манбаларини белгилашни режалаштирмоқдамиз”, — деди Хўжаева.

Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси Фарҳод Арзиев сўнгги ўттиз йилда икки томонлама муносабатлар ривожига юқори баҳо беради.

Саммит арафасида Рейтер агентлигига гапирган Арзиев муносабатлар яхши қўшничилик ва умумий манфаатларни ўзаро ҳурмат қилиш асосида эканлигига ишонишини айтади.

"Ўзбекистон ва Хитой кўплаб халқаро ва минтақавий масалаларда умумий ва ўхшаш манфаатларга эга. Бизда тарихий ва маданий алоқалар чуқур илдиз отган. Анъанавий қадриятларимизда кўп ўхшашликлар мавжуд. Буларнинг барчаси ўзаро манфаатли муносабатларга асос бўлди. турли соҳалардаги ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлди”

Ўзбекистонда Хитойнинг йирик корхоналари ва молия институтлари иштирокида бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодий ўсиши учун зарур бўлган бир қатор муҳим юқори технологияли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу лойиҳалар Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодий ривожланиши ва уни саноатни модернизация қилиш учун хизмат қилади".

Расмий статистикага кўра, ўтган йили Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ундан олдинги йилдаги шу даврига нисбатан 19, 7 фоизга ўсиб, 8, 92 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.

Айни пайтда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартиришда Хитой тажрибасидан фойдаланиши ҳақида билдирди.

Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятидаги биттадан туманда Хитой тажрибаси асосида камбағалликдан чиқариш бўйича алоҳида дастур амалга оширилиши ҳақида президент Шавкат Мирзиёев 10 май куни ўтган йиғилишда таъкидлади.

Бу дастур муваффақиятли амалга оширилса, 2024 йилдан бери тажриба мамлакатнинг барча ҳудудларига жорий этилиши билдирилган.

Қарз қопқони

Таҳлилчилар Марказий Осиё давлатлари Пекиннинг қарз қопқонига тушишиданг хавотир билдиришади.

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи жорий йил 40 миллиард долларга етган. Қарз берувчилар орасида етакчиларидан бири Хитойнинг экспорт ва импорт - “Эксим банк”идир.

Ўтган йил охирида Ўзбекистон Хитойдан 4,2 миллиард доллар қарздор бўлган, бу умумий қарзнинг 16,7 фоизини ташкил қилган.

“Марказий Осиё давлатлари эҳтиёт бўлиши ва Хитойга иқтисодий жиҳатдан ҳаддан ташқари қарам бўлиб қолмасликка ҳаракат қилиши лозим. Катта амбицияларга эга авторитар давлатга молиявий қарам бўлиш жуда хатарли ”, - дейди Британияда яшовчи ўзбекистонлик эксперт Алишер Илҳомов.

Хитой Ўзбекистон газининг энг йирик ҳаридоридир..

Статистика агентлигининг билдиришича, Ўзбекистон 2022 йилда 910,9 миллион долларлик газ экспорт қилган. Газнинг асосий қисми Хитойга сотилган.

Расмий Пекин келтирган рақамларга қаралса 2022 йилда Хитой Ўзбекистондан 1,07 миллиард долларлик газ харид қилган.

Бу эса Ўзбекистон эълон қилган рақамлардан 159,5 миллион долларга кўпдир. Ўзбекистонда аҳоли газсизликдан азият чекаётган бир пайтда газнинг чет давлатларга сотилаётгани танқидларга сабаб бўлиб келади.

Ўзбекистон Хитойга энг кўп газ сотувчи беш давлатдан бири. Биринчи ўринда олти ойда Хитойга 4,5 миллиард доллар газ сотган Туркманистон бормоқда. Ундан кейинги ўринларни эса Россия, Мьянма, Қозоғистон ва Ўзбекистон турибди.

Хитой Марказий Осиёдаги мақсадлари хақида очиқ гапирмайди. Аммо, ўтган ой Хитой элчисининг собиқ совет ўлкалари мақомига шубҳа билдирувчи баёноти жанжалга сабаб бўлди.

Хитой элчиси Лу Шайнинг СССР давлатлари "халқаро ҳуқуқ борасида самарали мақомга эга эмас, чунки уларнинг статусига суверен давлатлар кучини тақдим этувчи халқаро келишув йўқ" деган сўзларига Украина ва Болтиқ бўйи давлатлари кескин муносабат билдирди.

Ўзбекистон расмийлари можарога сабаб бўлган ушбу баёнотга муносабат билдиргани йўқ.

Форум

XS
SM
MD
LG