Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:46

Қирғизистон Россия андозасидаги "хорижий агентлар" қонунини қабул қилиши мумкин. Фаоллар хавотирда


Милиция ходимлари Бишкекдаги ҳукумат биноси олдида норозилик намойишини ёритаётган Озодлик қирғиз хизмати журналистини ҳибсга олмоқда. 10 январь, 2023
Милиция ходимлари Бишкекдаги ҳукумат биноси олдида норозилик намойишини ёритаётган Озодлик қирғиз хизмати журналистини ҳибсга олмоқда. 10 январь, 2023

Қирғизистонда сиёсатчилар хориждан маблағ олувчи нодавлат ташкилотлари фаолиятини чеклаш учун йиллар давомида баҳсли қонунчилик ташаббусларини илгари суриб келмоқда.

Депутатлар бир нечта қонун лойиҳаларини рад этишди. Чунки бу Қирғизистоннинг демократик обрўсига путур етказади ва донорларнинг ёрдами тўхтаб қолишига олиб келади.

Ҳозир Қирғизистонда Россия андозасидаги “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунни кучга киритишга қаратилган сўнгги уринишлар муваффақиятли бўлиши мумкинлигидан хавотирлар кучайди. Кузатувчилар Қирғизистонда авторитаризм кучайиб бораётгани, Россиянинг мамлакатдаги Ғарб таъсирини йўқ қилишга уринишлари ҳам ортганини таъкидламоқда.

Садир Жапаров ва Владимир Путин Москвадаги учрашувда. 8 май, 2023
Садир Жапаров ва Владимир Путин Москвадаги учрашувда. 8 май, 2023

Қирғизистон парламенти депутатларининг учдан бир қисмидан кўпроғи ўтган ой жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Агар қонун маъқулланса, хориждан маблағ оладиган ННТларни рўйхатга олиш ва ҳисобот тақдим қилиш билан боғлиқ қатор мураккаб чекловлар пайдо бўлади.

Қонун лойиҳаси 1 июль, парламент танаффусга чиқишидан олдин қабул қилиниши мумкин.

“Хорижий агентлар” қонунини жорий этишга уринишлар Қирғизистонда фуқаролик жамиятига нисбатан тазйиқлар кучайган бир пайтда кузатилмоқда. Президент Садир Жапаров 2020 йилда ҳокимиятга келганидан бери сиёсий рақиблари ва эркин матбуотни нишонга олган, дейди танқидчилардан бири.

“Бу сафар қонун қабул қилинишидан хавотирдамиз. Жапаров ҳокимиятга келганидан бери биз конституция, сиёсий тизим ўзгарганини, фуқаролик жамиятини тугатиш мақсад қилинганини кўриб турибмиз”,- дейди бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиси Эркина Убишева.

Қирғизистон "хорижий агентлар" тўғрисидаги қонунни қабул қилишга уринган иккинчи постсовет давлати бўлди. Март ойида Грузияда қонун лойиҳасига қарши кескин норозилик намойишлари бошлангач, ҳукумат режларини бекор қилишга мажбур бўлган эди.

Россияда“хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун 2012 йилда қабул қилинган. Қонун дастлаб нодавлат нотижорат ташкилотлар ва инсон ҳуқуқлари гуруҳларини нишонга олган бўлса, кейинчалик тўлдирилиб, ОАВ ва журналистларни таъқиб қилиш учун мослаштирилди.

"Кактус Медиа" сайти журналисти Бўрубек Кудаяров Грузиядаги воқеалар Қирғизистонда такрорланиши эҳтимоли йўқлигини айтади.

Бир қанча таниқли қирғиз депутатлари Грузия президенти Саломе Зурабашвили сингари қонунга қаршиларни қўллаб-қувватламоқда.

“Хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳасининг сўнгги таҳрири 19 май куни эълон қилинди.

Қонун лойиҳасида хорижий агент деганда “хорижий вакиллик функциясини” бажарувчи ва “Қирғизистон ҳудудида олиб борилаётган сиёсий фаолиятда иштирок этувчи” ёки жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатувчи нодавлат ташкилоти тушунилиши келтирилган.

Қонун лойиҳасига кўра, бундай ташкилотлар мажбурий аудитдан ташқари, ҳукуматга молиявий ҳисоботларини асослаб бериши ва ҳатто ўз тадбирларида ҳукумат вакилларининг иштирок этишига рози бўлиши керак.

Қонун лойиҳасида “фуқароларга нисбатан зўравонлик ёки уларнинг соғлигига зарар етказиш ёхуд фуқароларни ўз фуқаролик бурчларини бажаришдан бош тортишга ундаш” да айбдор деб топилган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Нотижорат ташкилотлар ҳуқуқи бўйича халқаро марказнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасидаги аксар бандлар нодавлат сектор ишчилар ҳуқуқларини камситади.

Қонун лойиҳаси матнининг “90 фоиздан ортиғи” Россиянинг “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунидан кўчирилган. Халқаро марказ агар қонун лойиҳаси маъқулланса, бу Қирғизистон имижини “демократик бўлмаган давлат” сифатида шакллантиришидан огоҳлантирди.

“Энди нотижорат ташкилотни рўйхатдан ўтказиш жараёни янада мураккаблашади. Тугатиш жараёни эса соддалаштирилди”, - дейди “Адилет” юридик нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Чўлпон Жакупова.

"Украинадаги урушдан кейин халқаро вазият мураккаблашди. Одамлар Кремль Марказий Осиёдаги таъсирини йўқотаётганини айтишмоқда. Бироқ Россия Қирғизистонда таъсирини кучайтирмоқда", - дейди у.

Қирғизистон фуқаролик жамияти ва матбуоти одатда Марказий Осиёда энг фаол бўлиб келган. Аммо ҳозирги ҳукумат тазйиқлари кучайган бир пайтда вазият ўзгарди.

Ўтган йили Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган чегара келишувига қарши чиққанлиги учун 20 дан ортиқ одам, жумладан, нодавлат ташкилот раҳбарлари ва бошқа фаоллар жиддий айбловлар билан қамоққа олинган.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти ўтган ой эълон қилган ОАВ эркинлиги бўйича йиллик рейтингида Қирғизистон 50 поғона пастлаб, 180 давлат орасида 122 ўринга тушиб кетган.

Ўзбекистон матбуот эркинлиги рейтингида: Руандадан ёмон, Беларусдан яхшироқ
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:48 0:00

Апрель ойида Бишкек суди Ахборот вазирлигининг “Озодлик” радиоси қирғиз хизмати фаолиятини тўхтатиш ҳақидаги сўровини маъқуллади. Бу Озодлик қирғиз-тожик чегарасидаги тўқнашувлар акс этган видеони ўчиришдан бош тортганидан кейин содир бўлди.

"Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритишига имкон бермайди. Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонун эса ОАВни нодавлат ташкилот сифатида рўйхатдан ўтказишга йўл бермайди", - дейди 24.kg журналисти Моҳинур Ниёзова.

Форум

XS
SM
MD
LG