Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:07

Кетиш ё қолиш? Рубль қадрсизланиши ортидан мигрантларнинг даромадлари тушиб кетди


Москва бозоридаги меҳнат муҳожирлари. 29 июнь, 2021 йил.
Москва бозоридаги меҳнат муҳожирлари. 29 июнь, 2021 йил.

Ўзбекистон валюта биржаларида доллар қиймати ўтган ҳафта қарийб 3 фоизга ошди, бунинг сабабини марказий банк “[Ўзбекистоннинг] асосий савдо ҳамкорлари валюталарининг сезиларли даражада қадрсизланиши” билан изоҳлади.

Ўзбек сўми “йил охиригача ва ўрта муддатли истиқболда нисбатан барқарор бўлади”, деб анча оптимистик башорат қилди Марказий банк.

Қирғизистонлик 64 ёшли Бакитбек Усманов 15 йилдан бери Россияда ишлайди.

Ўтган 12 ой ичида рубл қирғиз сўмига нисбатан 28 фоизга қадрсизланди, бу ёзда қадрсизланиш тезлашган.

Бу Усмонов учун катта муаммо, чунки у Қирғизистон жанубидаги Ўш шаҳридаги уйи учун сўмлик ипотекани тўлаши керак.

“Мен [кунига] 15 соат ишлашим ва бошқа иш ҳам қидиришим керак. Балки қурилишда тўрт-беш соат ишлаб, кейин яна таксичилик қиларман”, дейди у Озодлик радиосининг "Мигрант медиа" лойиҳасига.

“Тунги 11-12 гача ишлайсиз. Уйқу тортса, юзни совуқ сув билан ювиб, ишни давом эттирасиз. Мен нима қилишим мумкин; Ипотекам бор”, дейди Усмонов қирғиз банклари тез орада Россияда ишлаётган муҳожирлар учун қарз муддатини узайтиришига умид қилиб.

Рубль курси бу ҳафта Россия марказий банки фавқулодда фоиз ставкаларини кўтариши ортидан бир долларга 100 рубллик чегарадан пастга тушганидан кейин биринчи марта жонланди.

Россияда иш ҳақини ололмаган мигрантлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:58 0:00

Марказий Осиё мамлакатлари учун рубль минтақанинг Москва билан иқтисодий интеграциялашуви ва Россияда даромад олаётган миллионлаб муҳожирлар туфайли катта аҳамиятга эга.

Аммо валюта қисқа муддатда пастлаб, сўнг бир доллар учун 93 рубль атрофида барқарорлашган бўлса ҳам, унинг узоқ муддатли келажаги Россиядаги инқирозларга сезгир бўлган минтақа учун асосий ташвиш бўлиб қолмоқда.

Айни пайтда, арзон рубль аллақачон Марказий Осиё иқтисодига зарар етказа бошлаган ва минтақага юбориладиган пул миқдори сезиларли камайтирмоқда.

Ўтган йил охиридан бери бир неча ой давом этган Россия валютаси қадрсизланиши қисман ҳукуматнинг Украинадаги урушга сарфлаган харажатлари билан боғлиқ.

Рублнинг бу қадрсизланишидаги эътиборли жиҳат шундаки, у анъанавий равишда валютанинг тикланишига ёрдам берадиган нефть нархлари кўтарилган вақтда кузатилмоқда.

15 август куни Россия Марказий банки базавий ставкани 3,5 фоизга ошириб, 12 фоизга етказди ва бу рублнинг чўкишини тўхтатишга ёрдам берди.

Аммо Москва Украинага қарши уруш бошлаганидан кейинги дастлабки ҳафта ва ойларда бўлгани каби, етарлича тикланмади.

Қаттиқ капитал назорати ва Россия экспорт нархларининг юқорилиги туфайли рублнинг бир кечада эркин қулашдан дунёнинг энг самарали валютасига айланиб оладиган кунлар ортда қолган кўринади.

Ҳақиқатан ҳам, рубль шунчалик арзонки, оқибатда қўшни давлатлар Россиядан импорт оқими кўпайиши ва айни пайтда ўз валюталари ҳам унга эргашиб қадрсизланиши ўртасида сиёсий чигал вазиятда қолган.

Тенге рублга жуда яқиндан эргашиб бормоқда

Нефтга бой Қозоғистон тенгеси 16-17 август кунлари 6 фоизга қадрсизланди, деб хабар қилди Озодлик радиосининг Қозоқ хизмати. 17 август куни валюта бозорларида бир доллар 467 тенгега етди.

Қозоғистон Россия ҳукмронлик қиладиган Евроосиё иқтисодий иттифоқи аъзоси ва Москва каби Остонанинг ривожланиш истиқболлари энергия экспорти нархлари билан боғлиқ.

Аммо ўтган йили тенге рублдан “муваффақиятли ажралди”, деб ёзади Telegram иқтисодий канали Tengenomika. Чунки Россиянинг Қозоғистон импортидаги улуши 2021 йилдаги 40 фоиздан 2022 йилда 26,7 фоизга қисқарди.

Бу қанча давом этиши номаълум.

Қозоғистонлик сиёсий шарҳловчи Серик Белгибай шу ҳафта Facebook’даги постида рубль Қозоғистон иқтисодини “кўмиб ташлаётгани” ва мамлакатга “икки ёмон вариант” қолаётганидан норозилик билдирганди.

“Ҳамма нарсани аввалгидек қолдиришингиз мумкин. Кейин арзон рубль аста-секин маҳаллий ишлаб чиқаришни ўлдиради. Ёки [биз] тенгенинг бир рубль учун беш тенгегача девальвациясига қўйиб беришимиз мумкин”, дейди Белгибай.

Рублнинг қадрсизланиши мигрантларга қандай таъсир қилди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:30 0:00

Муҳожирлар учун қарор қабул қилиш вақти?

Қашшоқлашган Тожикистон ва Қирғизистонда ёз бошидан буён миллий валюталар долларга нисбатан 1 фоиздан кам қийматини йўқотган бўлса, рублга нисбатан тахминан 14 фоизга қимматлашган.

Аммо Россиядан пул ўтказмалари ялпи ички маҳсулотининг тўртдан бир қисмидан кўпроғини ташкил этадиган бу икки давлатдаги кўплаб оилалар учун рублнинг заифлашиши хатарли.

Россиянинг “Ведомости” ишбилармонлик газетаси 15 август куни ўзбек диаспораси етакчилари билан суҳбатларга асосланиб, агар рубль тез орада қаддини ростламаса, Россиядан муҳожирларнинг оммавий чиқиб кетиши муқаррарлигини тахмин қилди.

Нашр асосан ўзбеклардан иборат 23 минг муҳожир ўртасида ўтказилган онлайн сўровда уларнинг ярмидан кўпи ўз юртига қайтиш ҳақида ўйлаётганини айтган

Охирги йилларда Россияда ишлаётган марказий осиёликлар учун нохуш ҳодисалар юз берди.

Пандемия сабабли ишдан бўшатишлар оқибатида ўн минглаб муҳожир иш жойи танқис ватанларига қайтишди.

Россиянинг Украинага босқинидан кейинги ҳафталарда бир доллар 150 рублга тушиб кетгач, валюта урушдан олдинги даражасидан анча юқорига кўтарилди – бир доллар учун 75 атрофида бўлиб, 2022 йил июнь ойида 52 дан сал юқори чўққига чиқди.

Бу Жаҳон банки ва бошқа халқаро ташкилотларнинг уруш бошланишидаги башоратларини йўққа чиқариб, Марказий Осиё мамлакатлари учун рекорд миқдордаги пул ўтказмаларига сабабчи бўлди.

Аммо 2023 йилда воқеалар бошқача бўлиши мумкин.

Марказий Осиёдаги барча марказий банклар пул ўтказмалари бўйича мунтазам маълумот эълон қилмаса ҳам, сўнгги маълумотларга кўра, минтақадаги оилалар ҳозир хориждаги қариндошларидан ўтган йилгига қараганда анча кам маблағ олмоқда.

Масалан, жорий ой Қирғизистон Марказий банки 2023 йил июнь ойида берган маълумотга кўра, Қирғизистонга хорижий давлатлардан 163,5 миллион доллар ўтказилган, уларнинг 90 фоиздан ортиғи Россиядан.

Бу кўрсаткич ўтган йил шу ойида эълон қилинган кўрсаткичнинг ярмидан сал кўпроқ, шунингдек, 2021 (266,9 миллион доллар), 2020 (277,9 миллион доллар) ва 2019 (191,6 миллион доллар) йиллардагидан сезиларли даражада камдир.

Форум

XS
SM
MD
LG