Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:48

Президент куёвининг акаси ИИВда ходимлар ва фуқароларни кузатадиган махфий бўлим бошлиғи бўлди


Улуғбек Турсунов, Озодлик манбаларига кўра, расман биринчи ўринбосар лавозимида ишлаган бўлса-да, амалда пойтахт милициясининг раҳбари сифатида кўрилган.
Улуғбек Турсунов, Озодлик манбаларига кўра, расман биринчи ўринбосар лавозимида ишлаган бўлса-да, амалда пойтахт милициясининг раҳбари сифатида кўрилган.

28 август куни Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги Дониёр Ташходжаевнинг Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланганини тасдиқлади. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар вазирлик матбуот хизматига таяниб хабар тарқатди.

Ўтмишда ИИВ раҳбари ўринбосари ва пойтахт ИИББ бошлиғи ўринбосари бўлган Ташходжаев 2022 йил февраль ойидан буён Тошкент вилояти ИИБ Тергов бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Айни пайтда маҳаллий нашрлар Тошкент ИИББ раҳбариятида вакансия қачон ва қандай пайдо бўлгани, хусусан, бунга қадар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллаб келган Улуғбек Турсуновнинг кейинги тақдири ҳақида ёзгани йўқ.

Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларининг билдиришича, охирги тайинлов президент Мирзиёевнинг қудаси бўлган Улуғбек Турсуновнинг икки ҳафта муқаддам Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига ўтказилиши ортидан юз бермоқда. ИИВ Турсуновнинг лавозимдан бўшатилиши ва у билан боғлиқ янги тайинлов ҳақида расмий ахборот бермади.

Озодлик манбаларига кўра, Улуғбек Турсунов Ички ишлар вазирлигининг халқ орасида "7-отдел" деб аталадиган "Кузатув бўлими"га бошлиқ этиб тайинланган.

Россиялик инвестор Тошкент ИИББда қийноққа солингани иддао қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:07 0:00

Қийноқ иддаолари ва Абдуқодир Мўминов иши

Президент Мирзиёевнинг катта куёви Ойбек Турсуновнинг акаси бўлган 55 яшар полковник Улуғбек Турсунов, Озодлик манбаларига кўра, расман биринчи ўринбосар лавозимида ишлаган бўлса-да, амалда пойтахт милициясининг раҳбари сифатида кўрилган.

У шу йил 12 августида Тошкент шаҳар ИИББда қийноққа солингани иддао қилинган 33 яшар гумондорнинг вафоти ортидан лавозимидан олинган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, 33 яшар гумондор 12 август куни соат 21:00 да уйидан олиб кетилган, соат 1:00 да жасад ўликхонага юборилган. Шифокорлар маҳбуснинг касаллик туфайли вафот этганини билдиришган, аммо марҳумнинг яқинлари унинг қийноққа солинганини иддао қилишган.

Улуғбек Турсунов имзолаган, блогер Абдуқодир Мўминов терговига оид расмий хат нусхаси.
Улуғбек Турсунов имзолаган, блогер Абдуқодир Мўминов терговига оид расмий хат нусхаси.

14 август куни пойтахт ИИББ "ўта оғир жиноятларда гумон қилинган 33 ёшли У.Д. баённомани расмийлаштириш чоғида ўзини ёмон ҳис қилиб, ҳушини йўқотгани"ни айтди. Тошкент шаҳар прокуратураси ҳодиса юзасидан ЖКнинг мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва қийноққа солиш моддалари бўйича жиноят иши қўзғатгани хабар қилинди.

Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова қийноқ қўлланилгани "тергов давомида ўз тасдиғини топса, айбдорлар қонуний ва муқаррар жавобгарликка тортилиши" ҳақида баёнот берди.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги бир-биридан мустақил икки манбанинг Озодликка айтишича, ҳодиса ортидан қийноқ қўллашда гумон қилиниб ушланган икки нафар тезкор ходим "Улуғбек Турсуновнинг буйруғини бажарганликлари"ни айтишган.

Озодлик манбаларидан бири Турсуновнинг пойтахт ИИББ раҳбариятидан кетишини айни ҳодиса билан боғлади.

14 август кунги ўлим жорий йилда Тошкент ИИББ тизимида қийноқ иддаолари билан боғлиқ иккинчи ҳодиса бўлган.

Қамоқдаги блогер Абдуқодир Мўминовнинг қийноққа солингани иддао қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:34 0:00

Шу йилнинг 29 май куни сурхондарёлик 21 яшар Ҳафизуллоҳ Турғунбоев Чилонзор ИИБда бир ҳафта давом этган сўроқдан сўнг Тез тиббий ёрдам бўлимида вафот этган эди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги гумондорнинг ўз жонига қасд қилганини айтган, яқинлари унинг қийноққа солинганини иддао қилишган.

Улуғбек Турсунов номи шу ой бошида 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган блогер Абдуқодир Мўминов ишида ҳам тилга олинган.

Шу йилнинг 28 март куни Улуғбек Турсунов имзоси билан Жиззах вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Хожанов номига йўлланган хатда блогер Абдуқодир Мўминов устидан олиб борилган терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатлари ҳақида маълумот берилган.

Онаси Сабоҳат Абдуллаеванинг Озодликка айтишича, шу йилнинг 15 август куни Тошкентдаги 1-сонли тергов ҳибсхонасида сақланаётган Абдуқодир Мўминов терговнинг биринчи кунидан бошлаб Тошкент ИИББ биносининг 3-қаватида жойлашган 311-хонада бир гуруҳ тезкор ходимлар томонидан мунтазам қийноққа солинганини иддао қилган.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг фирибгарлик ва яна қатор моддалари бўйича айбланган YouTube'даги "Кўзгу" канали муаллифи Абдуқодир Мўминов президент куёвларининг бизнеси ҳақидаги қатор чиқишлари ортидан ҳибсга олинганди.

Махфий бўлим бошлиғи

Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги бир-биридан мустақил икки манбасининг айтишича, Улуғбек Турсунов Ички ишлар вазирлигининг халқ орасида "7-отдел" деб аталадиган "Кузатув бўлими"га бошлиқ этиб тайинланган.

Озодлик суҳбатлашган манбалар Турсуновнинг янги лавозимга ўтказилишини турлича баҳоламоқда. Улардан баъзиларига кўра, Турсунов Тошкент ИИББда содир этилган қийноқлар учун "жазоланган" ва лавозимда "пасайган". Бошқа манбалар эса, аксинча, Турсунов республика ИИВ даги махфий бўлим бошлиғи сифатида каттароқ ваколатларга эга бўлишини айтмоқда. Манбалардан бири тайинловнинг расман эълон қилинмаганини ҳам Турсунов раҳбари бўлган тузилманинг махфийлиги билан изоҳлади.

Мутахассисларга кўра, собиқ СССР ИИВнинг 7-бошқармаси меросхўри бўлган "Кузатув бўлими" шу қадар махфийлаштирилганки, тизимдаги кўпчилик ҳамкасблар ушбу бўлим ходимларининг мавжудлигидан ҳам бехабар. Уларга хизмат гувоҳномалари ва қурол берилмайди, кўпинча бошқа фуқаролик хизматларига расмийлаштирилади.

"Кузатув бўлими" га ИИВ ходимлари ва оддий фуқаролар ортидан жосуслик қилиш вазифаси юклатилган. Улар барча мавжуд маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда ходимлар ва фуқаролар ҳақида маълумот тўплашлари, яширин фото ва фидео ёзувларни олиб боришлари мумкин.

Ўзбекистон ИИВнинг расмий вебсайтида ушбу бўлим ҳақида маълумот йўқ.

Улуғбек Турсунов пойтахт ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига 2022 йил февралида қайтган эди. Бундан аввал 2017 - 2020 йилларда айни лавозимни эгаллаган. Унинг 2020 йил сентябрида биринчи марта Тошкент ИИББ раҳбариятидан кетказилиш сабаби ҳақида ҳам расман ҳеч нарса айтилмаган.

Мустақил AsiaTerra нашри Турсуновлар тўнғичининг қудратли отаси, ДХХ раисининг ўринбосари Ботир Турсунов соясида икки йилдан сўнг яна лавозимга қайтгани ҳақида ёзган.

Улуғбек Турсунов номи илк бор кенг жамоатчиликка тошкентлик тадбиркор Жаҳонгир Умаровнинг иши орқали танилганди. 2018 йил январида ҳибсга олинган тадбиркорга гиёҳванд модда ташлаб қўйгани фош этилган Тошкент шаҳар ИИББнинг икки ходими ишдан бўшатилган.

Форум

XS
SM
MD
LG