Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:41

Расмийлар Чустда болаларнинг оммавий заҳарланиш сабаби ва миқёсини очиқламаяпти


Чуст туман шифохонаси, 22 сентябрь. 2023. Видео скриншоти
Чуст туман шифохонаси, 22 сентябрь. 2023. Видео скриншоти

Наманган вилоятининг Чуст туманида боғча ва мактаб болаларининг оммавий заҳарланиш ҳодисасидан қарийб бир кун ўтиб ҳануз заҳарланиш сабаби ва миқёси номаълумлигича қолмоқда. Бу эса жамоатчиликда саволларни янада кўпайтирмоқда.

21 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти Чуст туманида ўнлаб бола заҳарланиб касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар тарқалди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Аброрбек Алижонов Озодликка бу хабарни тасдиқлади. Заҳарланиш 20 сентябрь куни боғча ва мактабларда болаларга бепул йод препарати берилгани ортидан содир бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсия қилган ва сотиш учун мўлжалланмаган 1 mg (0,001mg) калий йодид ҳукуматнинг олдинроқ эълон қилинган болалар соғлиғини мустаҳкамлашга оид дастури доирасида тарқатилган. Худди шу куни республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам айни турдаги препарат боғча ва мактаб болаларига берилгани ва ҳафтанинг ҳар чоршанбаси "йод куни" деб эълон қилингани айтилмоқда. Тармоқларда ушбу препарат боғча ва мактаблардан йиғиштириб олинаётгани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар тарқалмоқда. Болаларнинг оммавий заҳарланишига айни шу препарат сабаб бўлгани расман тасдиқлангани йўқ.

Тармоқларда заҳарланган болалар кўплигидан баъзиларини шифохона қабул қилмай уйига юбораётгани ҳақида ота-оналарнинг видеомурожаатлари тарқалди.

Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига кўра, Чуст туманидаги 23-сонли ДМТТнинг тарбияланувчилари орасида тана ҳароратининг кўтарилиши, қусиш, қорин оғриғи аломатлари кузатилган. Дастлабки шикоят бўйича 5 нафар бола шифохонага олиб келинган. Кейинчалик шикоят қилувчилар сони 71 нафарга етган.

Бошқарма заҳарланиш аломати кўринган барча болалар – боғча тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчилари шифохонага ётқизилгани, уларнинг ҳеч бири оғир аҳволда эмаслигини маълум қилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий хабарида заҳарланиш ҳолати юзасидан барча керакли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани баён қилинган.
“Айни пайтда болаларнинг ҳолати қониқарли, улардан 10 нафарининг аҳволи яхшилангани сабабли уйига рухсат берилди. Мазкур ҳолат сабабларига ойдинлик киритилгач, қўшимча ахборот берилади”, дейилади вазирлик билдиргисида.


Оммавий заҳарланиш сабабли Чустда фавқулодда ҳолат эълон қилингани ҳақида овоза ҳам тарқалди.

Бош прокуратура буни рад этиб, терговга қадар текширув олиб борилаётганини билдирди.

Болаларнинг айнан нимадан заҳарлангани ҳақида расмий маълумот йўқ. Ота-оналар ва шифокорлар номидан тарқатилаётган хабарларда болалар йоддан заҳарлангани иддао қилинади.

ССВ мулозими Отабек Чориевнинг маҳаллий матбуотга маълум қилишича, айни пайтда овқат ёки доридан заҳарланиш эҳтимоли ўрганилмоқда.


Айни пайтда Андижон вилояти расмийлари вилоятда ҳам болаларнинг оммавий заҳарланиш ҳолатлари кузатилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни рад этди.

Ҳодиса ортидан Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова лавозимидан бўшатилгани ҳақида 22 сентябрь куни тарқалган хабарлар ҳам рад этилди.

Ҳозирча расман тасдиқланмаган хабарга кўра, Бош вазир Абдулла Арипов вазиятни ўрганиш учун Наманган вилоятига йўл олган.

Расмийлар вазият тўлиқ назорат остида экани, ўлим ҳолати қайд этилмагани ва текширишлар натижаси бўйича ахборот берилишини айтмоқда.

Kun.uz” нашри Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги 3 та давлат боғчасида бир вақтнинг ўзида 40 нафар бола заҳарлангани ҳақида хабар эълон қилди. Дастлабки тахминларга кўра, ангренлик болалар овқатдан заҳарланган.

Ўзбекистонда болаларнинг заҳарланиш ҳолати тез-тез кузатилади. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси маълумотига қараганда, мамлакатда жорий йилнинг 8 ойи давомида 39 та овқатдан гуруҳли заҳарланиш ҳолати қайд этилган. Оқибатда 412 киши жабрланган, икки киши вафот этган. Заҳарланганларнинг 86 нафари болалардир.

Охирги ҳодиса Тошкент шаҳар судида ўтган йили Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган «Док-1 Макс» сиропидан 65 нафар боланинг нобуд бўлиши юзасидан маҳкама жараёни давом этаётган паллада юз берди. Маҳкама жараёнини кузатаётган ҳуқуқ фаолларига кўра, суд тергови «Док-1 Макс» сиропи ва бошқа дориларнинг коррупциявий схемалар орқали мамлакатга кириб келгани ва истеъмолга чиқарилгани фош этган.

"Ўлим сиропи": Ҳиндистонда «Док-1 Макс» ишлаб чиқарувчиси тергов қилинмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:20:22 0:00

17 августдаги суд тергови чоғида давлат айбловчиси хорижлик тадбиркордан йирик миқдордаги пулни кимга ва нима учун берганини сўраган. Ҳиндистонлик тадбиркор 33 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни Фармацевтика агентлигининг Дори воситалари тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази мулозими Ж.Э.га текширувларни тўхтатиш эвазига пора сифатида берганини айтган.

«Док-1 Макс» сиропининг сифат назорати пастлиги, уларнинг зарарлари оқибатлари юзасидан Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти 2022 йил октябрь ойининг бошидаёқ кўплаб мамлакатлар қатори Ўзбекистонни ҳам огоҳлантирган. Бироқ огоҳлантиришлардан сўнг ҳам дори воситалари ўтган йилнинг қурбонлар сони кескин ортиб кетган декабрь ойида ҳам истеъмолга чиқарилган.

Форум

XS
SM
MD
LG