Линклар

Шошилинч хабар
28 феврал 2025, Тошкент вақти: 21:11

Трамп, Украина, НАТО ва дипломатик ҳаракатлар ҳақида билиш керак бўлган 4 жиҳат


АҚШ президенти Дональд Трамп.
АҚШ президенти Дональд Трамп.

Дональд Трамп, Украинадаги уруш, НАТО ва Россия ҳақида янгилик чиқмаган кун йўқ. Украина теграсида дипломатик ҳаракатлар шу қадар қизиб кетдики, барини кузатиб бориш қийин бўлиб қолди. Уларнинг асосий 4 жиҳатига эътиборингизни қаратмоқчимиз.

Украинадаги нодир металлар

Байден маъмурияти Россиянинг Украинага ҳужумини халқаро ҳуқуқни бузган асоссиз тажовуз деб баҳолаб, Москвага санкциялар орқали босим ўтказиш йўлини тутди.

Трамп эса мутлақо бошқача, “сиздан угина, биздан бугина” тарзидаги дипломатияни бошлади. У Украинадаги стратегик аҳамиятга эга нодир ерости бойликларидан биргаликда фойдаланиш бўйича битимни урушни тугатиш режасининг асосий қисми сифатида илгари сурмоқда.

Трампга кўра, АҚШ Украинадаги маъданларга эга чиқиш орқали Украина мудофааси учун сарфлаган пулларини қоплаши керак. Бу Трампнинг “Аввал Америка” (America First) сиёсатига хос ёндашув.

Украина томони учун эса бу битим ҳаётий аҳамиятга эга. Президент Владимир Зеленскийнинг Оқ уйга бориб ушбу келишувни имзолаши Украина–АҚШ ҳамкорлигини сақлаб қолиш учун муҳим қадам бўлади. Сўнгги пайтларда бу иттифоқ заифлашгани сезилмоқда.

Дипломатик ҳаракатлар тезлашар экан, бу битим Украинадаги уруш келажагига қандай таъсир қилиши катта савол бўлиб қолмоқда.

Украинага босқин: 1092-кун | Трамп ва Макрон учрашуви: дўстона муносабат ва Украина бўйича фарқли қарашлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:37 0:00

Макрон ва Стармернинг дипломатик саъй-ҳаракатлари

Франция президенти Эммануэл Макрон ва Британия Бош вазири Кир Стармер жорий ҳафта Доналд Трамп билан учрашди. Улар нафақат АҚШ билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга, балки Вашингтоннинг НАТОдаги роли масаласида ҳам Трамп билан келишувга эришишга ҳаракат қилиб кўрди.

Трамп НАТО иттифоқчиларини кўп бор танқид қилиб, уларни АҚШ мудофаа бюджетига “юк бўлиш”да айблаган. Шундан келиб чиқиб, Макрон ва Стармер ўз ташрифи давомида АҚШ билан муносабатларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилди.

Макрон Вашингтонга ташрифи чоғида Трамп билан дўстона учрашув ўтказди, узоқ давом этган қўл сиқишлар ва табассумлар янгилик саҳифаларини безади. Бироқ учрашувнинг аниқ натижалари дарҳол бўй кўрсатгани йўқ.

Бундан ташқари, икки етакчи Украина масаласида ўзаро рақобат руҳида мулоқот қилгани сезилди. Трамп ва Макрон қайси давлат Украинага кўпроқ ёрдам бергани борасида дипломатик одоб доирасидан чиқмаган ҳолда кескин фикр алмашди.

Трамп Британия Бош вазири Кир Стармернинг Британия мудофаа бюджетини ошириш ҳақидаги ваъдасидан хурсандлигини яширмади. Британия оммавий ахборот воситалари бу учрашувни Стармернинг сиёсий фаолиятидаги энг муҳим ташрифлардан бири сифатида баҳолади.

Стармернинг асосий мақсадларидан бири Украинага Европа тинчликпарвар миссиясини жойлаштиришда АҚШдан хавфсизлик кафолати олишдир. Стармер Европа давлатлари Украинадаги сулҳ ёки тинчлик битимини ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнашини таъкидлаб, АҚШнинг бу борадаги ёрдамини таъминлашга ҳаракат қилмоқда.

Eвропа қўшинлари Украинада

НАТОга аъзо Европа давлатларининг Украинага тинчликпарвар кучлар юбориш эҳтимоли тобора жиддий муҳокама қилинмоқда. Бироқ, ҳарбий таҳлилчилар фикрича, Европа қўшинлари бундай миссияни АҚШсиз ўз кучи билан амалга оширишга қодир эмас. Айниқса, разведка, логистика ва ҳарбий авиация каби соҳаларда НАТОнинг Европа қаноти заиф.

Франция президенти Эммануэл Макрон бундан бир йил олдин Европа қўшинларининг Украинага юборилиши эҳтимолини айтган эди. Бироқ бу таклиф энди очиқ муҳокама қилинмоқда.

Дональд Трамп ушбу масала юзасидан Владимир Путин билан гаплашгани ва Путин бу режага қарши эмаслигини айтди. Бироқ, дастлаб Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков, сўнг Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бу режани инкор қилди.

Ҳозирча Владимир Путиндан Трампнинг бу баёнотига расмий муносабат билдириш кутилмоқда. Европа қўшинларининг Украинада жойлаштирилиши сиёсий ва ҳарбий жиҳатдан қандай оқибатларга олиб келиши мавҳумлигича қолмоқда.

Украина - 3 йил давом этаётган уруш хронологияси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:36:07 0:00

Трамп ва Путин

Сўнгги ҳафталарда АҚШ ва Россия президентлари ўртасидаги тўғридан-тўғри телефон суҳбатлари халқаро дипломатик муҳитни сезиларли даражада ўзгартирди. Бу мулоқотлар ортидан ўтган ҳафта Саудия Арабистонининг ар-Риёд шаҳрида юқори даражадаги АҚШ-Россия музокаралари бўлиб ўтди.

Вашингтон ва Москва расмийлари ўртасида бу каби юзма-юз учрашув узоқ вақтдан бери кузатилмаган эди.

Вашингтон Украина ва Россияни музокара столига олиб бориш учун икки векторли ёндашувини эълон қилди. Бироқ, Россия билан алоқалар фақат Украина мавзуси билан чекланмаётган кўринади.

Ҳар ҳолда ар-Риёддаги учрашувдан сўнг, АҚШ ва Россия ўзаро дипломатик ваколатхоналар фаолиятини қайта тиклаш ва иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳақида гапира бошлашди.

Бундай шиддатли дипломатик ўзгаришлар Украина ва Европа давлатларини жиддий ташвишга солиб қўйди. Улар АҚШ ва Россия парда ортида Украинага нисбатан кутилмаган қарорлар қабул қилишидан хавотирда. Шу боис, Украина ва Европа давлатлари ўз позицияларини ҳимоя қилиш учун фаоллашишга мажбур бўлмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG