Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:44

БМТ Афғонистонда қашшоқлик олдини олиш учун мамлакатга нақд пул ажратишга чорлади


Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон озиқ-овқат дастури 22,8 миллион киши озиқ-овқат таъминоти билан боғлиқ муаммоларга дуч кела бошлаганини билдирган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон озиқ-овқат дастури 22,8 миллион киши озиқ-овқат таъминоти билан боғлиқ муаммоларга дуч кела бошлаганини билдирган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Афғонистонда ошиб бораётган қашшоқликка қарши курашишнинг энг яхши йўли кўп болали оилаларга, қарияларга ва ногиронларга йилига 300 миллион доллар нақд пул ажратиш эканини билдирди. Бу ҳақда Retuers агентлиги хабар бермоқда.

БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) Афғонистонда кейинги 13 ой давомида ижтимоий-иқтисодий аҳвол «ташвишли» бўлишини айтиб, бандликни ошириш учун 100 миллион долларлик «иш эвазига нақд пул» лойиҳасини йўлга қўйишган ва кичик бизнесни қўллаш учун 90 миллион доллар ажратишга чорлади.

БМТТДнинг Осиё ва Тинч океани минтақаси бўйича директори Канни Вигнаража Retuers агентлигига:

«Бу, эҳтимол, ушбу йирик инқироз бутун мамлакатни қамраб олиши олдини олиш учун энг яхши уриниш бўлади», деди.

Жорий йилнинг август ойи ўрталарида Толибон ҳокимиятни қўлга киритганидан кейин Афғонистонга ажратиладиган халқаро ёрдам кўлами кескин қисқарди. Шунингдек, мамлакат иқтисодиёти ва банк тизими инқироз ёқасига келиб қолди. COVID-19 пандемияси ва оғир қурғоқчилик эса вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.

БМТТД 2022 йил ўрталарига бориб, мамлакатда деярли ҳар бир оила қашшоқликка юз тутишини мумкинлигини тахмин қилмоқда. Хусусан, ташкилот ҳисобларига кўра, мамлакатнинг 39 миллион аҳолисининг 90 фоизидан кўпроғи қашшоқликда азият чека бошлаши мумкин.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон озиқ-овқат дастури 22,8 миллион киши озиқ-овқат таъминоти билан боғлиқ муаммоларга дуч кела бошлаганини билдирган.

БМТТД октябрь ойида Германия ажратган 50 миллион евро ёрдамида махсус жамғарма фондини тузган эди. Бугунга қадар жамғармага 170 миллион доллар ажратиш ваъда қилинди.

БМТТД, шунингдек, афғонистонликларга зарур бўлган нақд пулни зудлик билан тўғридан-тўғри етказиб бериш мақсадида йўлга қўйилган ABADEI дастури кўламини оширишга чоқлади. Ташкилотга кўра, лойиҳа йўлга қўйилганидан бери иш эвазига тўловлар учун 100 миллион доллар сарфланган. Бу маблағ ёрдамида Мозор, Қундуз ва Ҳирот вилоятларида 2300 иш ўрни яратилган.

Ташкилот ўз ҳисоботида агар аёлларнинг ишлашига қўйилган чекловлар бекор қилинмаса, COVID-19 билан курашиш учун ваъда қилинган 250 миллион доллар етказиб берилмаса ва гуманитар ёрдамга қўйилган санкциялар юмшатилмаса, Афғонистонда иқтисодий ҳавол яқин келажакда ижобий томонга ўзгармаслиги ҳақида огоҳлантирилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, Афғонистонда аёллар ишлаши чеклангани 600 миллион доллардан 1 миллиард долларгача қийматга эга иқтисодий йўқотишга олиб келиши мумкин. Бу эса мамлакат ялпи ички маҳсулотнинг 3 – 5 фоизини ташкил қилади.

Кобулда Толибон расмийлари билан учрашган Вигнаража «барча қобилиятли эркаклар ва аёллар тўлиқ ишга чиқишлари» кераклигини урғулади.

XS
SM
MD
LG