Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:28

Аҳмад Башарский иши бўйича маҳкама якунланди


26 декабрь куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани судининг судья Т. Юсупов раислик қилган маҳкамаси Аҳмад Башарский ва бошқаларга нисбатан жиноят иши бўйича ўз ҳукмини ўқиди.

Бу ҳақда Озодликка маҳкамада ҳимоячи сифатида иштирок этган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.

Товламачилик, босқинчилик, одам ўғирлаш, ўқотар қуролларни қонунга хилоф равишда сақлаш, жиноий уюшма тузиш ҳамда тан жароҳати етказишда айбланган 8 нафар судланувчига ҳукм ўқилди.

Мухаммад Азизхон, Артур Бекиров, Бехзод Ортиқовларга қўйилган айбловлар ўз тасдиғини топмади ва суд залидан озод қилинди. Уларнинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 28-моддаси орқали 229-моддаси (Ўзбошимчалик)ка малакаланиб, судланувчилар қисқа муддатли ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинди.

Дилшод Қаюмов ва Отабек Мирахмедов айнан ЖКнинг 229-моддаси билан 3,5 йилга қамалди. Сирожиддин Ортиков ва Сардор Акбаровга нисбатан ҳам ўзбошимчалик, ўқотар қуролларни қонунга хилоф равишда сақлаш билан айбланди ва уларнинг муқаддам ўталмай қолган жазо муддатлари мавжудлиги сабабли 5 йилга қадар қамоқ жазоларига ҳукм қилинди.

Дастлабки терговда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25, 97-моддаси 2-қисми “а” банди билан қўзғатилиб, кейинчалик айби баданга оғир тан жароҳати етказиш ва зарурий мудофаа чегарасини бузишга қаратилган Саидахмедходжа Магруфходжаев (кўча тилида Аҳмад Башарский) 4 йил 11 ойга озодликдан маҳрум қилинди.

Судланувчининг кексалиги инобатга олиниб, унинг жазо муддати ЖКнинг 70-моддасига кўра, шартли қамоққа алмаштирилди.

Давлат айбловчиси судланувчиларга 16 йиллик қамоқ сўраганди

Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари Наримов томонидан имзоланган айблов хулосаси юзасидан давлат айбловчиси Н.Бердиқиличева судланувчиларнинг ҳар бирига 16 йилдан 16,5 йилгача бўлган қамоқ жазолари сўраганди. Аҳмад Башарскийни эса 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш ва суд залидан дарҳол қамоққа олишни сўраганди.

Айблов хулосасига кўра, Мухаммад Азизхон, Дилшод Қаюмов, Бехзод Ортиқов, Сирожиддин Ортиков, Отабек Мирахмедов, Бекиров Артур, Сардор Акбаровлар товламачилик, одам ўғирлаш сингари ўта қалтис жиноятларда айбланган.

Улар гўё Аҳмад Башарскийнинг невараси Диёр Абдуҳакимовни ўғирлаб, хонадон вакилларини ўғирлаш, ўлдириш мақсадида уларга товламачилик, босқинчилик жиноятлари содир этишган. Башарский “кўча одамлари”дан ҳимояланиш мақсадида икки нафар шахсни отишга мажбур бўлган.

Судланувчиларнинг сўнггиси Саидахмедходжа Магруфходжаев (кўча тилида Аҳмад Башарский)га нисбатан дастлаб Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25, 97-моддаси 2-қисми “а” банди билан қўзғатилиб, кейинчалик баданга оғир тан жароҳати етказиш ва ҳимоя чегарасидан чиқиш айбига ўзгартирилган.

Судланувчиларнинг 7 нафарига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган, уларнинг 6 нафари Тоштурмада, бир киши эса махсуслаштирилган тиббий қамоқхона (Сангород)да сақланган.

Жиноят иши материалларига кўра, жиноят иши очилишига 2022 йил 8 март куни соат тахминан 23:00 ларда 69 яшар Саидаҳмадхўжа Магруфходжаев (Аҳмад Башарский) ўз уйи олдида Д.Қаюмов ва О.Мирахмедовларни “ИШ-12” русумли 12 калибрли “қўшотар” ов қуроли билан отиб ташлагани асос бўлган.

(Отишма жараёни ва икки нафар шахснинг Башарский ўқига учрагани акс этган видео лавҳалар Озодликда эълон қилинган).

Аслида нима бўлганди?

Башарскийнинг 21 яшар невараси Диёр Абдулҳамидов 2021 йилнинг июль ойларида Сирожиддин Ортиков ва Отабек Мирахмедов билан танишиб, тижорат қилиш учун улардан бўлиб-бўлиб, сўнгги ярим йил давомида жами 395 минг АҚШ доллари олади.

Аммо пулни ишлатиб қўйиб, зарарга киради. Бундан хабар топган бобо ўзининг Cadillac автомобилини, ҳовлисини сотиб, ҳақдорларга беради. Пулнинг бир қисми қарзлигича қолаверади.

2022 йилнинг 8 март куни тунги соат 23:00 ларда Башарскийнинг неварасига тижорат учун 50 минг АҚШ доллари берган Д.Қаюмов ва О.Мирахмедов унинг хонадонига келади.

Башарский эса уларни Сирожиддин Ортиковнинг одамлари деб ўйлаб, отиб ташлайди ва ўта оғир ярадор қилади.

Суд айбловни деярли йўққа чиқарди

Шайхонтоҳур тумавни суди судланувчи Мухаммад Азизхон, Дилшод Қаюмов, Бехзод Ортиқов, Сирожиддин Ортиков, Отабек Мирахмедов, Артур Бекиров, Сардор Акбаровларга тергов томонидан қўйилган товламачилик, босқинчилик, уюшган жиноий гуруҳ тузиш, одам ўғирлаш айбловларини оқлади.

Ҳаракатларни Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунчилигидаги ўзбошимчаликка малакалаб, судланувчиларнинг тенг ярмини суд залида қамоқдан озод қилди. Аксинча, ярим жабрланувчи, ярим судланувчи бўлган Аҳмад Башарскийнинг ўзига 5 йиллик қамоқ белгилади.

Судда иштирок этган оммавий ахборот воситалари ходимлари ва ҳуқуқ фаоллари назарида маҳкама бирмунча адолатли ўтди. Томонларнинг суд ҳукмидан норозилиги деярли сезилмайди.

Аммо тергов органи қўйган куракда турмас айблов ва судланувчиларга тергов томонидан қўлланилган шафқатсиз қийноқлар масаласи очиқ қолмоқда.

Судланувчиларнинг иддаосига кўра, тергов даврида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари судланувчининг жинсий аъзоларига электр токлари улашган. Барча гумондорларни мунтазам қийнаб, ударга доимий руҳий тазйиқлар ўтказиб келишган. Ҳатто Беҳзод Ортиқовнинг 10 та қовурғасини синдиришган.

Озодликка тарафлар ҳозирча юқори инстанция судларига мурожаат қилиш ниятлари йўқлигини билдиришди.

Форум

XS
SM
MD
LG