Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:28

Тергов Аҳмадбойдан фоизга пул олганларни қидирмоқда


Аҳмадбойнинг Чинозда уйи шу кунларда шип-шийдон қилинган ва ундаги жиҳозлар Бекобод металлургия комбинати омборига ташилган.
Аҳмадбойнинг Чинозда уйи шу кунларда шип-шийдон қилинган ва ундаги жиҳозлар Бекобод металлургия комбинати омборига ташилган.

Қатор молиявий жиноятларда айбланиб ҳибсга олинган чинозлик Аҳмад Турсунбоевнинг мол-мулкини хатлаган тергов тизимлари¸ эндиликда кредиторлар пулини Аҳмадбойдан 40-50 фоизлик устама билан олган тадбиркорларни сўроққа чақирмоқда. Аҳмадбойнинг хатланган мол-мулкию¸ тўпланаëтган нақд пулларнинг кредиторларга қайтарилиш-қайтарилмаслиги эса¸ суд ҳукмига боғлиқ қолмоқда.

Озодлик билан суҳбатда ўзини Аҳмадбойнинг қўшниси деб таниширган чинозликлардан бири¸ пул ва машиналарини талаб қилиб борган кредиторлар Аҳмад Турсунбоевнинг уйи жойлашган Олмазор қўрғонига киритилмасдан қайтариб юборилаëтганини айтади:

- Ўтган куни Аҳмадбойнинг уйидаги мебель¸ электроника ва бошқа жиҳозларни машинага юклаб олиб кетишди. Уйни милиция қоровуллаб турибди. Бир-икки одам бақир-чақир қилиб уйига ўт қўймоқчи бўлувди¸ шунинг учун милиция тартиб ўрнатган¸ дейди суҳбатдош.

Айни пайтда¸ Озодликка келаëтган маълумотларга кўра¸ Аҳмадбойнинг яқинлари ва қариндошлари ундан юз ўгира бошлаган. Аҳмадбой билан бирга тушган видеоси тарқалган қўшиқчи Дилфуза Исмойилова маҳаллий матбуотга узоқ қариндоши бўлган Аҳмадбой билан алоқани узганлигини билдирган.

Хатга тушдинг - ўтга тушдинг

Ҳуқуқ-тартибот органларидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ Аҳмадбойнинг мол-мулки ҳали мусодара қилинмаган¸ балки хатланган:

- Мусодара қилиш ва кредиторларга пул қайтариш масаласини суд алоҳида ажрим қилиб чиқаради. Ҳозир тергов кетаяпти. Аҳмадбойни уйидаги машиналар¸ баъзи қимматбаҳо жиҳозлар вақтинча Бекобод металлургия заводи омборига олиб бориб қўйилди. Биласиз¸ пулини олмаган одамлар Аҳмадбойнинг уйига ҳужум қилиши мумкин. Бунақа исталмаган ҳоллларнинг олдини олиш мақсадида хатланган мол-мулкни сақлаш масаласи органларга юклатилди¸ дейди суҳбатдош.

Озодлик билан суҳбатда ўзини Рихситилла деб таништирган Аҳмадбой кредиторларидан бири Чиноз ҳокимиятига бориб пули қайтарилишини талаб қилганини айтади:

- Бир кун кутдим¸ икки кун кутдим. Бир ойдан ошди. Мен Чиноз тумани ҳокимлиги идорасига бориб¸ Аҳмадбойдан олган жетонимни кўрсатиб пулимни қайтаринглар¸ бўлмаса ўз жонимга қасд қиламан¸ дедим. Улар биз шуғулланмаймиз бу билан¸ деб мени қайтариб юборишди. Мен тўғри Аҳмадбойнинг уйига бормоқчи бўлсам¸ кўчасига ҳам киритишмади. Телевизорда кўрдик - шунча долларларни олиб қўйишди. Шу пулларни эга-эгаларига берсинда энди¸ дейди Аҳмадбой кредиторларидан бири.

Пул қайтадими¸ йўқми?

Аҳмад Турсунбоевнинг ўзи айни пайтда Янгийўлдаги тергов изоляторида ҳибсда қолар экан, Чиноз ҳокимияти ëки Чиноз туман прокуратураси норози кредиторлар мулки қайтарилиш-қайтарилмаслиги ҳақида жамоатчиликка маълумот бермаяпти.

Ҳуқуқ-тартибот органларидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ Аҳмадбойдан мусодара қилинган 13 миллиард 138 миллион сўм ва 7 миллион 900 минг АҚШ доллар кредиторлар қарзини қайтаришга етмайди:

- Қўлимиздаги маълумотга кўра¸ 45 минг киши пул берган. Уларнинг ўндан бирига ҳам етмайди бу пул. Ҳар куни шу саволга жавоб бераяпмиз. Пул қайтариладими¸ деган саволга. Яна айтаман¸ суд қарор чиқаради бу борада. Ана шундан кейин суд ижрочилари Аҳмадбой мол-мулкларини сотиб давлатга топширади. Агар суд ўз қарорида "жабрланувчиларга зарар қайтарилсин"¸ деса бу ҳам белгиланган тартибда амалга оширилади. Яна бир тарафи бор - Аҳмадбой ҳам фоиз эвазига одамларга пул берган. Уларни ҳам топиб Аҳмадбойдан олган пулини қайтартирамиз. Сабр қилиб туришсин¸ ҳал бўлади бу масала. Лекин фалонча берувдим¸ шуни дарров оламану қўлтиғимга тиқиб кетаман¸ деган жўн ечими йўқ бу масаланинг¸ дейди манба.

Тергов амнистия эълон қилингунга қадар давом этиши мумкин

Озодликка маълум бўлишича, 16 июнь куни қўлга олинган Чиноз "Авто Ҳамкор" ширкати раҳбари 38 яшар Аҳмад Ҳамидович Турсунбоев устидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 165-моддаси (товламачилик),168-моддаси (фирибгарлик) ва 170-модда (алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш) бўйича жиноий иш очилган. Шунингдек Турсунбоев 177-модда - валютани қонунга хилоф равишда олиш ва 178-модда - чет эл валютасини яшириш бўйича ҳам айбланмоқда.

Озодлик манбаларидан бирининг айтишича Аҳмадбой устидан очилган иш¸ атайин суст юритилмоқда:

- Август охирида мустақилликнинг 25 йиллигига бағишланган олтин амнистия кутилмоқда. Агар Аҳмадбой иши амнистия моддасига тўғри келса¸ тергов ҳаракатлари тўхтаб¸ асосий айбланувчи озод бўлиши мумкин дейди манба.

Озодлик ихтиëрида ҳозирча Мустақиллик байрами муносабати билан амнистия эълон қилиниши¸ эълон қилинган тақдирда¸ унинг Аҳмад Турсунбоев каби оғир молиявий жиноятларда айбланаëтганларга нисбатан қўлланиш-қўлланмаслиги ҳақидаги расмий маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG