Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:53

Аҳмадбойга пул берганлар давлатга арз қилмоқчи эмас


Аҳмад Турсунбоевга одамлар кунига ўз ихтиëри билан 1 миллион долларга яқин пулни олиб келиб турган.
Аҳмад Турсунбоевга одамлар кунига ўз ихтиëри билан 1 миллион долларга яқин пулни олиб келиб турган.

Уйини¸ машинасини¸ молини¸ тилла буюмларини сотиб¸ пулини Аҳмадбойга ўз ихтиëри¸ ўз қўли билан топширганларнинг аксари товламачилик¸ фирибгарлик ва алдов каби жиноятларда айбланаëтган чинозлик тадбиркор Аҳмад Турсунбоевга берган пулини қайтаришни сўраб ҳуқуқ тизимларига мурожаат қилиш режасида эмас.

16-17 июнь кунлари Озодлик мухбирлари Аҳмад Турсунбоевнинг ўнлаб кредитори билан ижтимоий тармоқлар¸ шунингдек¸ телефон орқали суҳбатлашди.

Ëзишма ва суҳбат давомида респондентларнинг барчаси чинозлик Аҳмад Турсунбоевга ҳеч қандай даъвоси йўқлигини таъкидлади.

“Айбдор - ўзим”

Машинасини сотиб¸ ундан қўлига тушган 6000 АҚШ долларини ўтган ой охирида Аҳмадбойнинг офисига олиб бориб берган уйсиз аëл¸ бундай қарорини шундай изоҳлайди:

- Мани ҳеч кимга даъвоим йўқ. Хафа бўлсам¸ биринчидан ўзимдан хафаман. Ўзим пулимни олиб бориб бериб келдим. Одамлар нима деса¸ шунга ишонибман. Иккинчидан¸ Аҳмадбой мани пулингни берсанг ҳам бер¸ бермасанг ҳам бер¸ деб зўрлагани йўқ¸ сўрагани йўқ. Мен ҳам бошқа миллионлаган одам ҳам пулини¸ молини ўзи хоҳлаб Аҳмадбойга берган. Қандай қилиб энди даъво қилайлик? дейди 6000 минг долларга куйган хоразмлик кредиторлардан бири.

Кредитор аëл билан тўлиқ суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:40 0:00
Бевосита линк

“Даъво қилмайман деб тилхат ëзганман”

Акаси Нексия машинасини сотиб¸ Аҳмадбойдан ойма-ой доллар олиб¸ янги машиналик бўлганидан сўнг¸ бор-йўқ жамғармаси – 2000 АҚШ долларини 11 июнь куни Аҳмадбой Турсунбоевнинг Мурод исмли дилерларидан бирига берган бошқа аëл¸ ўн минглаб кредитордан бирортасининг ҳуқуқ тизимларига бориб¸ Аҳмадбой мени алдади¸ пулимни олиб¸ қайтиб бермади¸ деб шикоят аризаси ëзишига қонуний асоси йўқлигини айтади:

- Ҳозир прокурорга ариза ëзган билан¸ пулингни ўзинг олиб бориб бергансан¸ дейди. Аҳмадбойга ким пул берган бўлса¸ улар махсус вараққа қўл қўйишган. Унда Аҳмадбой ўлса¸ қамалса¸ на унга¸ на унинг оила аъзоларига даъвоим йўқ¸ пулни ихтиëрим билан бердим¸ деб ëзилган. Энди қандай қилиб¸ даъво қиламиз. Худога солишдан бошқа нима қиламиз энди¸ дейди кредитор аëл.

Аҳмадбойга пул берган бу кредитор билан тўлиқ суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:03 0:00
Бевосита линк

“Аҳмадбой эмас¸ давлат фирибгар”

Аҳмадбойга 4000 доллар бериб¸ уни кўпайтириб ўғлини уйлантирмоқчи бўлган тошкентлик ота ўзининг асосий эътирози давлатга эканини айтади:

- Беш-олти йилдан бери бу одам бир яхши ишлаб юрган эди. Ундан ҳеч ким норози бўлган¸ хафа бўлган жойи йўқ. Етимхоналарга хайрия қилган¸ камбағалларга ëрдам берган. Ким пул берган бўлса¸ айтилган фоизини айтилган кунида олиб турган. Халқнинг ундан шикояти йўқ. Ҳақиқий фирибгар ва товламачи давлатнинг ўзи. Бу ерда давлат қароқчилик қилаяпти. Аҳмадбойдан олинган пулларнинг ярми бюджетга ўтса¸ қолган ярмини ўзлари еб юборади. Куйган яна халқ бўлади. Бор-йўқ жамғармамни бергандим. Майли¸ рўза-рамазон кунлари пулимни худо йўлига садақа деб ўзимни тинчитаманда энди¸ дейди тошкентлик ота.

“Аҳмадбой учун дуодамиз”

Озодлик билан WhatsApp орқали ëзишган кредиторлардан бири¸ Аҳмадбойнинг яқин орада чиқиб келиши ва ҳеч нарса кўрмагандек¸ яна ишини давом эттиришига ишониши боис¸ ҳозирча жим кутиб туришни маъқул билишини айтади:

“Манам бергандим уйимни сотиб. Ҳозир юрагимга ҳеч нарса сиғмаяпти. Ҳеч нима. Ишқилиб чиқиб ўзимизнинг пулимизни кайтарсинда! Балким яхши бўп кетар. Бу биринчи мартамасканку! Халқ уруш бошлаворадию ахир!Яхши ният килиб турибман. Чиқишига ишонаман¸ кўнглим хотиржам. Қанча одам яшаб турган уйини сотиб берган ахир. Лекин одамлар бир ҳафтада чиқади¸ ҳамманинг пулини беради¸ дейишвотти. Аҳмадбойнинг қутулиб пулимизни қайтаришини хоҳлайман. Кўпчилик дуода¸ роса ëрдами теккан”¸ дейди қанча пулга куйганини очиқламаган яна бир кредитор.

“Аҳмадбойдан арз қилманг¸ ШОС ўтсин¸ қайтиб келади”

17 июнь куни Озодлик таҳририятига Аҳмадбой вакили ва унинг мижози деб иддао қилинган ўзаро телефон суҳбати аудиоси келиб тушди. Озодлик бу суҳбатнинг қанчалик ҳақиқийлигини тасдиқлай олмайди. Аммо бу аудиони юборган манбанинг ишончли эканидан келиб чиқиб¸Озодлик ëзувнинг ҳақиқийлигига ишониш учун асослар бор¸ деган тўхтамга келди.

Озодлик ихтиëридаги бу ауидосуҳбатда Аҳмадбой вакили сифатида рус тилида унга пул берганлардан бири билан гаплашаëтган шахс¸ жумладан қуйидагиларни айтади:

- Хотиржамликни сақланг. Кеча кечқурун уни (Аҳмадбойни) чиқаришди. Буни Чиноз туман Ички ишлар бўлими раҳбари ҳам тасдиқлади. У офисга келди ва абонентларга жавоб берди. Хуллас¸ ҳаммаси назорат остида. Ҳозиргина тепага яқин манбамиздан янги хабар келди. “Буларнинг ҳаммаси ШОС учун қилинаяпти¸ 28 июндан офис қайта очилади¸ дейишди. Лекин бу ëпиқ информация. У имкон борича ҳаммани тинчлантириб туринглар¸ лекин аниқ гап айтманглар буларнинг ҳаммаси хўжакўрсинга қилинаяпти”¸ деди.

Бизнинг манбамиз¸ “ҳаммаси контролда¸ 28 дан офис яна иш бошлайди”¸ деди. Билишимизча¸ уни Тошкент РОВДсида сақлашаяти¸ бемалол кириб-чиқиб¸ адвокат билан гаплашиб турибди. Телевизорда уни қўлига кишан солинган ҳолда кўрсатишди. Аслида ҳаммаси жойида. Манбамизга кўра¸ бу олдиндан режалаштирилган ҳаракат¸ уни ШОС ўтгунча офисини ëпиб туриш кераклигидан огоҳлантиришган¸ лекин у халқ буни тушунмай қолади¸ деб қулоқ солмаган. Шунга уни мажбур қилишди. Албатта¸ унинг учун оқибатлари бўлади¸ лекин муҳими унин соғ-омон чиқиб олиши. Соғ-омон бўлса¸ ҳаммаси жойига тушади. Ҳамма шокда¸ паникада. Бу ëмон. Муҳими¸ унга қарши ҳеч ким ариза ëзмаслиги керак. У ҳақиқий мужик¸ бунақалар жуда кам. Ҳамма уни ҳурмат қиларди. Унинг ўз бетонлари¸ ўз кришалари бор¸ албатта¸ лекин биз уларни билмаймиз. Билганимиз¸ улар ҳам қўл қовуштириб ўтиргани йўқ¸ ишлашаяпти. Ҳаммаси яхши бўлади. Хуллас¸ ҳозир телефонларингизни ўчириб¸ жим ўтиринглар. Бизнинг телефонлар ҳам ўчирилади”¸ дейди Озодликка Аҳмадбойнинг вакили билан мижоз ўртасидаги телефон суҳбати сифатида тақдим қилинган аудиодаги Аҳмадбой вакили экани иддао этилаëтган шахс рус тилида.

"Аҳмадбойдан куйиб¸ ўзини осганлар бор"

Афтидан¸ Аҳмадбой вакили экани иддао қилинаëтган шахснинг кредиторларга хотиржамликни сақлаб¸ жим ўтириш ҳақидаги "руҳий далда"си бор-йўғини ўз қўли билан Аҳмадбойга келтириб берганларнинг ҳаммасини ҳам тинчлантиришга етарли бўлмаяпти.

Озодлик билан суҳбатда¸ Аҳмад Турсунбоевга пул берган янгийўлликлардан бири¸ ўз отасининг болалик ўртоғи 16 июнь куни Аҳмадбойнинг қамалганини эшитиб¸ ўзини осиб қўйганини айтади:

-Янгийўлликларнинг 80 фоизи Аҳмадбойга борини берган. Отамнинг бир дўсти¸ камбағал одам бор-йўқ қорамолини Аҳмадбойга топширган экан. 50 миллиончага баҳолаган экан. Унинг қамалганини эшитиб¸ ўзини осиб қўйипти¸ дейди Озодлик суҳбатлашган янгийўлликлардан бири.

Ҳозирча Озодлик бу маълумотни бошқа манбалардан тасдиқлашга муваффақ бўлмади. Айни пайтда¸ Аҳмадбой қамалганини эшитиб¸ яна бир одамнинг юрак хуружидан ўлгани ҳақида ҳам ҳозирча расман тасдиқланмаган маълумотлар бор.

Мабодо сиз Аҳмадбойга пул бериб¸ куйиб қолганидан жонига қасд қилган ëки юрак хуружига учраганлардан хабардор бўлсангиз¸ бу ҳақдаги маълумотларни Озодликка йўллашингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG