Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:52

Чинозлик Аҳмадбой халқ оғзаки ижодида: "Аҳмад-шахмат, отангга минг раҳмат"


Аҳмадбой ҳибсга олинганига оид Eltiuz.com карикатураси
Аҳмадбой ҳибсга олинганига оид Eltiuz.com карикатураси

Олмос ботир ва эгри тўғрилар ҳикоялари васф қилинган ўзбек оғзаки ижоди Ўзбекистонда молиявий пирамида қургани ортидан ҳибсга олинган Аҳмадбой ҳақидаги қўшиқ¸ латифа ва топишмоқлар билан бойигани кузатилмоқда.

Олдин оғиздан-қулоққа етадиган чўпчагу-ривоятлар замонавий технология асри имкониятлари воситасида дунëнинг тўрт томонида яшайдаган ўзбекистонликларга яшин тезлигида бориб етмоқда.

Қайтариб бергино пулларимизни..

Муҳаббат исмли аёлнинг ўз қизалоғи билан бирга Аҳмадбойга бағишлаб айтган қўшиғи ижтимоиий тармоқларда хитга айланди. “Сой бўйида юрган” йигит деган халқ лапари

Чиноз бўйида-ё юрган йигит,

Иномаркаларни минган йигит¸

Пулларимизниë олган йигит-о,

Қайтариб бергин-о пулларимизни.

Пулларимизниë олган Аҳмадбооой

Қайтариб бергин-о пулларимизни.

Аҳмадбойдан пул қайтарилиши сўралган бу қўшиқнинг давоми ўзгаришсиз қолган бўса ҳам изстеҳзо каби янграйди.

Чунки ҳаëтда иномаркалардан ташқари оқ от минишни ҳам ëқтирган Аҳмадбой нафақат пул балки олтин билагузукларни ҳам устама фоиз ваъдаси билан олган.

Оқ отингга-ё ёл бўлайин,

Оқ юзингга-ё хол бўлайин,

Ёринг йўқдир, ёр бўлайин,

Энди бергин билагузугим.

Аҳмадбой Алдар кўсани йўлда қолдирди

Ўзбек латифаларининг бош қахрамони асосан Насриддин Афанди эди.

Мамлакатнинг ғарбий вилоятларида эса одамларни боплаб алдайдиган Алдар кўса латифалари машхур.

Шу кунларда ижтимоий тармоқларнинг ўзбеклар фаол бўлган қисмида Аҳмадбой ҳақида латифалар урчиди.

Бу латифаларнинг аччиқ истеҳзо билан суғорилгани кўзга ташланади.

- Аҳмадбойга етти йил срок беришибди. Аҳмадбой судга етти йилдан кейин 14 йил қилиб қайтарар экан.

***

-Битта кампир ўз тешик тоғорасини Аҳмадбойга берган экан. Аҳмадбой бир йилдан кейин тоғорани қайтарибди. Кампир қараса, тоғоранинг тешиги иккита бўлиб қолибди.

***

Озодликка маълум бўлишича¸ шу кунларда чинозликлар орасида “Аҳмадбойни обкетишибди¸ бир йилдан кейин иккита қилиб қайтаришармиш”, деган гап юрибди.

***

Ўзбекистоннинг номоддий бойлиги дея ЮНЕСКО рўйхатига киртилган аския жанрига ҳам Аҳмадбой пайрови кириб келгани кузатилди.

-Биттаси Аҳмадбойга берган экан. Кейин туғибти.

Бу гапдан кейин сўрини тўлдириб ўтирган эркаклар силкиниб-силкиниб кулади.

***

"Аҳмадбой мавзуси куладиган эмас, балки йиғлайдиган мавзу," дейди ҳозир Канадада истиқомат қилаётган журналист Улуғбек Ҳайдаров.

Ҳайдаровнинг айтишича¸ боши берк кўчага кириб қолган бу халқ эртаклар тўқиб, ўзига халоскор қидириш билан оввора:

"Аҳмадбой эртагидан олдин¸ Ўзбекистонда Гулнора эртаги бор эди. Гулнора фалончини контрактини тўлаб берибди¸ Гулнора бир бедаво касални Ҳиндистонда даволатиб оёққа турғизибди¸ Гулноранинг бензоколонкасида тоза бензин бўлар экан ва ҳоказо. Биз бу эртакинг охири вой бўлганини кўрдик. Аҳмадбой эртаги ҳам яхшиликка етакламайди," дейди Ҳайдаров.

Чодирҳаëл дастури
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:09 0:00
Бевосита линк

Бой оталарга ишонган қавм

Яқин тарихга назар солсак, “сахий бойлар” ҳақида ўнлаб қўшиғу шеърлар борлигини кўрамиз.

1913 йилда Тошкентнинг олд бойларидан бири бўлган Саидаҳмадбойга атаб ҳам қўшиқ тўқилган эди.

Саидаҳмад томинг баланд¸

Томингдан номинг баланд.

Кейинги 20-30 йил мобайнида эса янги бойлар Салиму-Ғофир акаларнинг “ўрнак ҳаёти” тилларда достон бўлди.

Уларнинг образи ўзбек кино асарларига кўчди.

Бир неча йил олдин суратга олинган туркум фильмларда "Шавкатбой" деган бой образи мавжуд.

Кинодаги Шавкатбой образига чинозлик Аҳмадбой прототип бўлгани айтилади.

Бу кинолардаги пули астрономик тарзда кўп бўлган "Бой" образи авомнинг очкўзликка асосланган иштаҳасини карнай қилади.

Аҳмадбой ҳақидаги мақола остига қолдирилган изоҳларда ҳам "чўпчакка ишониш" хасталигини кўрамиз.

- Ман ҳам бу инсон тўғрисида кўп эшитувдим. У билан ҳар бир ишлаган одам бойивотганмуш. Бирни берсанг, икки қибервотти экан. Честно ишлар экан, хар бир сўзига жавоб берар экан. Любой одам билан ишлаб кетаверар экан. Оддий халк бўсаям. Кейин, ўз вақтида пул берар экан...

Журналист Улуғбек Ҳайдаровнинг айтишича¸ бу изоҳ - "Ўзбекистон иқтисодий тизимидан чарчаган одамнинг ҳаëл маҳсули"

Айни пайтда Аҳмадбой ҳақида тўқилаëтган қўшиқлар "Чиқмаган жондан умид" тарзида янграйди:

ЯХШИ БЎЛСИН АҲМАДБОЙ

Аҳмадбойниг аҳди нима?

Уни билар катталар.

Билмасалар жим турмасди.

Улар эмас латталар.

Беш йил давом этган бу иш,

Бўлди канча овоза.

Наҳот улар билишмаган?

Очиқ бўлган дарвоза.

Бора-бора ишонч бўлди~

Катталарнинг жимлиги.

Энди бугун ким айбдор?

Кўринг кимнинг кимлигин.

Яхши бўлсин катталар ҳам,

Яхши бўлсин Аҳмадбой.

Ниятларни яхши қилинг,

Ҳозир жуда улуғ ой.

Аҳмад-шахмат, отангга минг раҳмат!

Ўзбек халқ ижодининг Аҳмадбой ҳақидаги асарларидан бири сифатида Сергели бозорида Аҳмадбойга атаб қўшиқ айтаётган олти яшар дўмбоқ боланинг қўшиғи тармоқларда урф бўлди.

Қўшиқда одамлар билан “шахмат ўйнайман” дея ўзи ҳам мот бўлган Аҳмадбойнинг трагикомик портрети бор.

Чинозлик Аҳмадбой халқ оғзаки ижодида: "Аҳмад-шахмат, отангга минг раҳмат"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:23 0:00

XS
SM
MD
LG