Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:31

Amnesty International Қозоғистон ҳукуматини инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирди


Қозоғистонда 2 январь куни ёнилғи нархининг икки бараварга ошишига қарши норозиликдан бошланган  оммавий  намойишларга алоқадор 10 мингдан ортиқ одам қўлга олинган.
Қозоғистонда 2 январь куни ёнилғи нархининг икки бараварга ошишига қарши норозиликдан бошланган  оммавий  намойишларга алоқадор 10 мингдан ортиқ одам қўлга олинган.

Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қозоғистон ҳукуматини мамлакат бўйлаб оммавий намойишларни ёритгани учун ўзбошимчалик билан ҳибсга олинган журналист ва фаолларни озод қилишга чақирди.

Ташкилот шунингдек, Қозоғистон намойиш билан боғлиқ барча ҳибсга олишлар ҳақида тўлиқ маълумот бериши ҳамда барча маҳбусларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиши кераклигини айтмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Қозоғистонда 2 январь куни ёнилғи нархининг икки бараварга ошишига қарши норозиликдан бошланган оммавий намойишларга алоқадор 10 мингдан ортиқ одам қўлга олинган.

Ташкилот 12 январь куни эълон қилган билдирувда Қозоғистонда сўнги ҳафтада кўплаб одам халқаро қонунчиликда кўрсатилган жиноятга қўл урмаган бўлишига қарамай қўлга олингани, улар зудлик билан озодликка чиқарилиши кераклиги айтилади.

Шунингдек, Amnesty International барча инсон ҳуқуқлари бузилган ҳолатларни, жумладан, хавфсизлик кучлари содир этган қонунбузарликларни тергов қилишга чақирди.

Ташкилотнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Мари Струтерс:

«Қозоғистонда вазият тинчлангандек кўринса-да, инқироз ҳали ўз якунига етгани йўқ. Ҳозир эркин мустақил маълумот олиш, содир бўлган воқеалар учун тўлиқ жавобгарлик ва бундан нари инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш мажбуриятдан муҳимроқ нарса йўқ», деб айтди.

Январь воқеалари қурбонларининг аниқ сони очиқлангани йўқ. Аввалроқ ҳукуматга алоқадор Telegram-каналда 164 киши ўлгани маълум қилинганди, аммо кейин техник хатога йўйилиб, ушбу маълумотга раддия берилди.

«Ҳукумат тартибсизликлар қурбонлари сони ва ўлим ҳолатлари борасида сукут сақлаётгани кишини ғазаблантиради. Нобуд бўлган фуқаролар ҳақида маълумот зудлик билан ошкор этилиши керак», деди Струтерс.

Намойишлар бошланиб кетганидан кейин Қозоғистон расмийлари беш кун давомида Интернетни ўчириб қўйиб, мобил алоқани чеклади.

11 январь куни БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассислари Қозоғистонда норозиларга нисбатан «ҳаддан ташқари» куч қўлланилганини ва бунда «одам ўлимига сабаб бўлувчи қуроллардан фойдаланилгани»ни кескин қоралади.

Мутахассислар халқаро ҳамжамиятни мазкур ҳодисани мустақил тергов қилиш учун имконият яратишга чақирмоқда.

БМТ махсус ҳисоботчиси Фионнуала Ни Аолаин ўз баёнотида норозилар, фаоллар, ҳуқуқбонлар, журналистлар ва сиёсий партиялар вакилларига нисбатан кенг маънода «террорчи» атамасининг қўлланилиши «жамиятда қўрқув муҳитини яратишга қаратилган бўлиши мумкин»лигидан ташвиш билдирди.

Amnesty International Қозоғистон расмийлари журналистлар ва инсон ҳуқуқлари фаолларини тартибсизлик келтириб чиқаришда асоссиз айблаётганидан хавотирда эканини айтмоқда.

«Намойишларда қатнашгани учун ўзбошимчалик билан ҳибсга олинганларнинг барчаси зудлик билан озодликка чиқарилиши керак. Зўравонлик учун халқаро миқёсда тан олинган жиноятларни содир этганликда айбланаётган намойишчилар эса, халқаро инсон ҳуқуқлари қонунчилигига мувофиқ адолатли суд қилиниши зарур. Айни дамда, мансабдор шахслар қўпол муносабатда бўлгани ҳақидаги барча хабарлар самарали текширилиши ва айбдорлар жавобгарликка тортилиши керак», деди Струтерс.

XS
SM
MD
LG