Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:31

"Сурхон"га ютқазган андижонлик футболчилар "клуб раҳбарининг одамлари" томонидан калтакланди


"Андижон" футбол жамоаси
"Андижон" футбол жамоаси

Андижоннинг Ўзбекистон суперлигасида тўп сурадиган “Андижон” футбол клубининг баъзи ўйинчилари "Сурхон" жамоасига ютқазиб қўйганликлари ортидан "клуб раҳбарининг одамлари" томонидан аёвсиз калтаклангани даъво қилинмоқда.

Клубнинг Озодлик гаплашган икки футболчиси иддаосига кўра, калтаклаш саҳнаси 1 ноябрь куни Термиз шаҳри стадионининг кийиниш хонасида мағлубиятли ўйиндан сўнг "Андижон" клуби раҳбари Дониёр Муллажонов кўзи ўнгида содир бўлган.

"Сурхон" жамоасига 0:1 ҳисобида бой берилган ўйин ортидан Муллажонов журналистларга ўз клубининг бош мураббийси Бахтиёр Ҳамидуллаев лавозимидан озод этилгани, футболчилар билан эса "жиддий гаплашиб олгани" ни маълум қилган эди.

Андижон футболининг юзи ҳисобланган "Андижон" клуби сўнгги ўйинларни кетма-кет иккита дуранг ва иккита мағлубият билан якунлади.

Ҳозирда жамоа суперлига жадвалининг 13-поғонасида, биринчи лигага тушиб қолиш хавфи остида турибди.

Суперлигада бу мавсум ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритган "Сурхон" эса 8 очко билан 6-ўринда.

"Андижон" клубининг жамоадан ҳайдалишидан қўрқишини айтган футболчиларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ўзи ва жамоадошлари Термиздаги мағлубиятдан сўнг аёвсиз калтаклаганини даъво қилди.

"Бошлиғимизни одамлари урди. Муллажоновни ўзи ҳам бор эди. Агар биронтанг айтишсанг Андижонда юрмайдигон қиворамаман, деб қўрқитди", - дейди футболчи.

Калтакланиш воқеасини "Андижон" клубининг яна бир ўйинчиси ва бир техник ходими тасдиқлади.

"Калтаклаш биринчи марта бўлаётгани йўқ бу, лекин ўша кунгиси ошиб тушди. Ҳар сафар ютқазсак, клуб раҳбари ҳокимдан гап эшитар экан. Биз ҳам ютишни хоҳлаймиз, лекин мушт билан натижага эришиб бўлмайди", - дейди "Андижон" клуби футболчиларидан яна бири.

Спортчилар клубдан ҳайдалишдан қўрқиб, калтакланганликлари юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларига арз қилмоқчи эмасликларини айтишди.

Андижонлик футболчиларнинг калтаклангани ҳақдаги иддаолари юзасидан клуб раҳбари Дониёр Мулажоновга боғланиб бўлмади.

"Қаттиқ оҳангда гаплашилди"

Клуб раҳбарларидан бири Озодлик билан суҳбатда футболчилар билан "қаттиқроқ оҳангда гаплашилган"и, лекин калтаклаш бўлмаганини айтди.

"Футбол бу. Ўша куни қаттиқроқ оҳангда гаплашилди. Баъзи ўйинчиларга бу ёқмаган бўлиши мумкин, лекин калтаклаш бўлгани йўқ", - деди клуб раҳбари ёрдамчиси.

"Сурхон" жамоасига 0:1 ҳисобида ютқазилган ўйин ортидан Муллажонов ўз клубининг бош мураббийси Бахтиёр Ҳамидуллаев лавозимидан озод этилгани, футболчилар билан "жиддий гаплашиб олгани" ҳақда журналистларга айтганди.

"Рақиб футболчилари ҳам бизникилар каби оддий инсон, уларни ҳам икки қўли, икки оёғи бор. Уч миллиондан ортиқ халқнинг шарафини ҳимоя қилиш бундай бўлмайди. Мен йигитлар билан жиддий гаплашиб олдим. Энди бундан буёғига ҳеч қандай баҳона бўлмайди", - деган эди Муллажонов 1 ноябрь куни журналистларга.

Ҳоким эътиборидаги клуб

Бу “Андижон” футбол клуби билан юз берган биринчи можаро эмас. Сўнгги икки йил ичида клуб учинчи бор мураббий алмаштирмоқда.

Клуб раҳбарияти беш кун аввал бўшатилган Баҳтиёр Ҳамидуллаев ўрнига Отабек Ғуломхўжаевни бош мураббий этиб тайинлаган.

Ҳамидуллаев бундан олдин Ўзбекистон U-19 ёшлар терма жамоаси бош мураббийи лавозимида ишлаган.

Шу йил март ойида "Андижон"нинг россиялик мураббийси Александр Хомяков ва украиналик дарвозабони Виталий Мирний клубни тарк этган.

Виталий Мирний март ойида ўтказилган матбуот анжуманида клубдан кетишига маошининг олти ойга кечикиши сабаб бўлгани ҳақида айтганди.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов "Андижон" клуби доимий эътиборидаги жамоа экани, ўзи ҳам шу клубнинг ишқибози эканини яширмаган.

Ҳоким Абдураҳмонов ўтган йилги футбол мавсумида "Андижон" клуби натижаларидан қониқмаётганини айтиб:

"17 миллиард сўмга стадион қилиб берсам, ойма ой ойлигини берсам, энг ками 10 миллион сўм ойлик олишади. Натижа бўлмаса! Мен айтаман, далага чигит эксанг пахта бўлади, футболга пул берсанг ютқизиб келаверса, нимага пул беришим керак уларга?", - деган эди.

“Андижон” жамоаси ўтган йили Ўзбекистон биринчи лигасидан суперлигага кўтарилган.

Айни кунларда "Андижон" жамоаси Ўзбекистон суперлигасидаги 14 жамоа орасида 13-ўринда турибди.

"Футболчига клуб раҳбариятининг куч ишлатишга ҳақи йўқ"

Ўзбекистонда футболчиларнинг раҳбарлари томонидан калтакланиши бундан олдин ҳам бўлган.

Икки йил аввал Ёшлар иттифоқи васийлигида фаолият юритувчи “Ифтихор” футбол клубининг икки футболчисини мутасаддилари аёвсиз калтаклангани ҳақидаги хабар ортидан суриштирув ишлари бошланган эди.

Ўзбекистон футболи расмийлари "улкан ислоҳотлар амалга оширилаётган бир пайтда ўзбек футболида бундай хунук ҳолатлар кузатилмаслиги лозим"лигини айтишганди.

Футбол ассоциацияси “ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳеч бир футболчига нисбатан клуб раҳбариятининг куч ишлатишга ҳақи йўқ"лигини билдирган.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, “Ифтихор” футбол клуби директори Аҳрор Эргашев ва клуб катта мураббийи Нодир Қўзибоев ҳар қандай футбол фаолияти олиб боришдан бутунлай четлатилганди.

Ўзбекистон футбол ассоциациясига Давлат хавфсизлик хизмати - ДХХ раиси Абдусалом Азизов раҳбарлик қилади.

У ўтган йил июлида айни лавозимга сайлангунича ассоциацияга бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов президентлик қилган.

Озодлик “Андижон” футбол клуби ўйинчилари билан юз берган ҳодиса юзасидан Футбол ассоциациясининг Футбол назорати бошқармаси билан боғланишга ҳаракат қилди, аммо ҳозирча шарҳ олишга муваффақ бўлгани йўқ.

XS
SM
MD
LG