Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:27

Андижон ҳокими "президент совғаси"дан айрилган аёл алданганини тан олди (ВИДЕО)


Президент совғаси деб “уй берилиб” уйсиз қолган Хуршида Тиллаева ва Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов
Президент совғаси деб “уй берилиб” уйсиз қолган Хуршида Тиллаева ва Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов

Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов президент совғаси сифатида “уй берилиб”, кейин уйдан чиқарилган тикувчи Хуршида Тиллаевани алдашганини тан олди.

Куни кеча воқеа юзасидан маҳаллий журналистларга изоҳ берган вилоят ҳокими Тиллаева ва яна бир неча аёлга президент ташрифи арафасида ёлғон уй берилишини "хатолик", деб баҳолади.

Хуршида Тиллаева ҳамда "президент совғаси сифатида уй берилди" томошасида иштирок этишга мажбурланганини даъво қилган яна икки аёл шикояти ҳақида Озодлик мақола чоп этган.

Ҳокимнинг изоҳи

Youtube тармоғидаги Zamon TV каналида берилган видеода вилоят ҳокими Хуршида Тиллаеванинг Озодлик радиосига берган интервьюсига тўхталган.

Андижон вилоят ҳокимлиги сайтида берилишича, Шуҳрат Абдураҳмонов бу баёнотни республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари журналистлари учун матбуот анжуманида берган.

"Энди бу ерда битта хатолик ўтган булардан энди, олиб киришиб шу уйларга, мана шу уйлар сизларники, деб, ҳалиги отдел кадрими, шу ерда ишлаётган гапирган. Гап кетган холос, тема кетган холос, бу ерда. Лекин у қиз интервью берган бўлса, онасининг уйида интервью берди. Бу ерда ҳам онаси билан бирга яшаб келган-ку, шу пайтгача. Нима бўпти онасининг уйида интервью берган бўлса? Нима хатолиги бор буни? Энди чиройлик кўриниб кетиб, у қизимиз ҳалиги тўқликка шўхлик деган нарсани, сизларга уч марта қайтараман. Нима ерда яшаётувдингизу, нима ерга олиб чиқяпмиз сизни? Қанақа ҳолатда эдингизлару, қанақа ҳолат, юртбошимиз бош, сизга шароит яратиб бераяпмиз", дея эътироз билдиради вилоят ҳокими.

Бунга қадар вилоят ҳокимининг Хотин-қизлар ишлари бўйича ўринбосари Манзура Юнусова ҳам Gazeta.uz нашрига берган интервьюсида "аёллар янги уйга олиб борилгани ва уларга "бу уйлар сизларга", деб айтилганини тан олганди.

"Биз "Ўздарётранс" ташкилотидан уларнинг юкларини ташиб беришни сўрадик. Бу уйлар сизлар учун қуриляпти, деб уларга айтдик. Буни уларни яхши ишлашга руҳлантириш учун қилдик", деган эди мулозим.

Онасининг уйи

Вилоят ҳокимлиги сайтида берилишича, президент вилоятга ташрифи давомида Хуршида Тиллаева ичида туриб, маҳаллий телевидениега интервью берган янги коттеж уй Хўжаобод туманидаги “Мустақилликнинг 27 йиллиги” маҳалласида жойлашган ва бу уй унинг "онаси, синглиси ва ногирон укасига берилган".

Шунингдек, ҳокимият сайтида Тиллаеванинг опасига ҳам шу массивдаги янги уйлардан яна бири берилгани айтилган.

"Хуршиданинг ўзига эса ушбу оиланинг оғир шароитда яшаётгани, 2 нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, онасининг хонадонида унга яшаш учун шароит етмаслиги эътиборга олиниб, кўп қаватли уйлардан квартира ажратилиши белгиланган", дейилади ҳокимлик сайтида.

Расмий маълумотга кўра, уй шу йилнинг август ойига қадар аёлга берилади.

Озодликка видеомурожаат

Ўзбекистон президентининг 16 май куни Андижон вилоятига ташрифи чоғида "уй берилди" деб ТВда кўрсатилган 35 яшар Хуршида Тиллаева Озодликка аслида ҳеч қандай уй олмаганини айтиб, 28 май куни мурожаат қилган эди.

Мурожаатида Тиллаева президент ташрифи пайтида унга берилгани айтилган уйдан, эртаси куни чиқарилгани ва унга "бу уйнинг бошқа одамга берилган"ини айтиб, шикоят қилган эди.

30 май куни Андижондаги «Мустақиллик тикувчилик мажмуаси» чеварларидан яна икки нафари Муяссар Раҳимова ва Шоҳиста Бакирова Озодликка “президентдан уй олган бахтиëр аëл образини адрас кўйлак кийиб" ўйнаб берганидан шикоят қилган.

30 яшар Муяссар Раҳимовага кўра, "президент совғаси"ни олганлар рўйхатидан фақат бир аëлга уй берилган, бошқалар "қуруқ ваъдага ишониб уйсиз” қолган.

Андижон вилоят ҳокимлиги вакили эса Озодлик билан суҳбатда уй олганларнинг берилган хонадонлардан чиқариб юборилганини рад қилган. Мулозимга кўра, Qorako’l stroy engineering масъулияти чекланган жамияти ишлаб чиққан лойиҳага кўра шаҳардаги 7,5 гектар ерда 108 та таунхаус уй қурилиб, унга муҳтож оилалар кўчиб ўтган.

Истеъфо чақириғи

Би-би-си Ўзбек хизмати 1 июнь куни "Кўзбўямачиликдан сўнг Андижон вилоят ҳокими истеъфоси сўралмоқда" сарлавҳали мақола чоп этди.

Мақолада келтирилишича, Telegram ижтимоий тармоғидаги Safari канали бу вазиятда истеъфо бериш эҳтимолидан сўз очган.

"Барча фактлар ўз ўрнида турипти. Инкор қилинмади. У аёлларга уй бериладими йўқми бу аҳамиятсиз. Аҳамиятлиси айнан ўша куни Ўзбекистон24 телеканали ёрдамида ёлғон ахборот тарқатилди. Президентга ҳам нотўғри маълумот берилди. Жамоатчилик оммавий дезинфомация қилинди. Демократик тамойилларга риоя қиладиган жамиятларда одатда ушбу ҳол ҳокимдан тортиб, бу ишга боғлиқ барча масъулларнинг ихтиёрий истеъфоси​ билан якун топган бўлар эди. Лекин биз кўряпмизки, истеъфо уёқда турсин ҳатто айб тан олинмаяпти", дейилади каналда қолдирилган постда.

Қуйидаги махсус дастурда Хуршида Тиллаева ва унинг теграсидаги воқеаларга оид тафсилотлар билан тўлиқ танишишингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG