Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:57

Аномал об-ҳаво: Мевалар 80%гача ҳосилини йўқотди, боғбонлар ҳукумат ёрдамидан умид қилмоқда


Қийғоc гуллаган мевали дарахтлар кучли қор ва совуқ натижасида ўз ҳосилидан айрилди.
Қийғоc гуллаган мевали дарахтлар кучли қор ва совуқ натижасида ўз ҳосилидан айрилди.

Кейинги бир ой мобайнида Ўзбекистонда кузатилган аномал иссиқ натижасида куртаклаб, ҳатто гуллашга улгурган мевали дарахтлар 24 февралда бошланган қор ва совуқ оқибатида ўз ҳосилини йўқотди.

EastFruit мева-сабзавот бизнеси портали ҳисоб-китобича, Ўзбекистонда кейинги кунларда кузатилаётган совуқ оқибатида мевали дарахтлар 80 фоизгача ўз ҳосилини йўқотган.

Боғбонлар Озодлик билан суҳбатда бу йил ҳосил жуда кам бўлишидан хавотир билдиришди.

Гидрометеорология хизмати хабар беришича, 24 февралда Россиянинг Волгабўйи минтақасидан Ўзбекистонга кириб келган совуқ ва нам ҳаво 27 февралгача давом этади.

Мамлакат шимолида ҳаво ҳарорати -25 даражагача тушиб кетган.

Метеорологларга кўра, бу каби аномал ҳарорат кейинги 6 йил ичида илк бор кузатиляпти.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи сақланиб турибди.

Боғбонлар: Хонавайрон бўлдик

Самарқандлик боғбон Нодир аканинг айтишича, боғидаги ўрик билан олма дарахтлари совуқ натижасида ўз ҳосилини тўла йўқотган:

“Бизда совуқ минус 20 даражагача етди. Ўрик эрта пишадиган нави эди. Ҳаммаси гуллаб, мева тугишни ҳам бошлаганди. Олма ҳам тўла гуллаб бўлганди. Январь охирида бошланган иссиқ 1 ой давом этди. Гулламаган мева қолмади. Ўрикнинг кечки навлари ҳам ғунчалай бошлаганди. Ҳаммасини совуқ уриб кетди”.

Бухоролик боғбон Хуршид аканинг айтишича, аномал об-ҳаво оқибатида вилоятдаги боғбонлар катта зарар кўрган:

“Менинг узумзорим бор. Токларни кўмгандим, зарар кўрмади деб умид қиламан. Лекин атрофимдаги боғбонлар токларини кўммаганди. Февралнинг иссиқ кунлари кўпчилик токларини қирқишни бошлаганди. Уларникини совуқ уриб кетди. Танишим билан ҳозиргина телефонда гаплашдим, ўриги билан олмасини совуқ уриб кетибди. 5000-7000 доллар зарар кўрган. Бу 1 гектар боғи бор фермернинг кўрган зарари”.

EastFruit мева-сабзавот бизнеси портали ҳисоб-китобича, совуқ оқибатида мевали дарахтлар нави ва турига қараб, 30 фоиздан 80 фоизгача ҳосилини йўқотган бўлиши мумкин:

  • бодом ҳосилининг 55-60 фоизи;
  • гуллаган ўрик навларининг 70-80 фоизи;
  • ўрикнинг ҳали гулламаган (кечки) навларининг 30-35 фоизи;
  • олхўрининг 35-40 фоизи.

“Ҳукумат ёрдами зарур”

Жиззахлик боғбон Расул ака хонавайрон бўлган фермерларга ҳукумат ёрдами зарурлигини айтади:

“Ўтган йили ҳам узумларга касаллик келиб, ўзидан ўзи қовжираб қолганди. Бу йил ҳам ҳосилсиз қолдик. Агар ҳукумат ёрдам бермаса, ҳамма боғбонлар банкрот бўлади”.

Бухоролик Хуршид ака ҳам боғбонларга ҳукумат ёрдам қўлини чўзиши лозимлигини айтади:

“Бизда агротизимни суғурталаш жуда ёмон йўлга қўйилган. Боғларни суғурта қилдирганингиз билан ҳеч қайси фирма сизга суғурта пулини бермайди. Улар билан судлашиб, бир тийин ҳам пул ололмаганман. Деярли ҳеч бир боғбон боғини суғурта қилдирмаган. Боғларга давлат режаси йўқ, лекин боғбоннинг чўнтаги зарар кўрди. Агротехника ҳаражати, солиқ тўловлари бор. Агар ҳукумат қандайдир имтиёз бермаса, боғбонлар хонавайрон бўлади. Балки боғдаги мевалар орасига нимадир экиб, ҳаражатларни қоплаш мумкиндир. Лекин нима экишни ҳам билмаймиз. Ҳукумат мутахассислар ёрдамида боғбонларга зарур маслаҳатлар берса яхши бўларди”.

Озодлик суҳбатлашган боғбонлар тахминича, жорий йилда дарахтлар куртакларини совуқ уриши оқибатида мевалар нархи қиммат бўлиши мумкин.

Дарахтларни совуқдан асраш чоралари

Гидрометеорология хизматининг ҳаво совиши ҳақидаги хабаридан сўнг боғбон-фермерлар ўз ҳосилларини асраб қолиш учун турли чораларни қўллашган.

“Ўрикларнинг тагига сув қуйиб қўйдик. Азалдан шунақа қилинган совуқ қаттиқ келадиган пайтлари. Лекин бу чора ёрдам бермади”, дейди боғбонлардан бири.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардан бирида, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги боғбонлар боғларини асраш мақсадида дарахтлар орасига ўт ёқиб қўйгани акс этган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳам кескин об-ҳаво шароитида қишлоқ хўжалиги экинлари ва дарахтларни сақлаш бўйича тавсияларни берди. Вазирлик тавсиялари орасида ҳам боғларга маҳаллий ўғит аралаш ҳашак, пахол, шох-шаббалар уюмларини тўплаб, уларни тутатиш қайд қилинган.

Ўзгидромет хабари ва ФВВ огоҳлантируви

Ўзгидромет хабарига кўра, 24 февраль куни бошланган совуқ ҳаво 26 февралда ҳам давом этган.

25 февраль куни Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида -25 даража совуқ бўлган.

Ўзгидромет ҳаво ҳарорати дам олиш кунлари кўтарилиши мумкинлигини хабар қилди.

Айни пайтда ФВВлиги хабарига кўра, Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи сақланиб турибди.

ФВВ Қамчиқ довонида ҳаракатланадиган ҳайдовчиларни эҳтиёт бўлишга чақирди. Кеча довондаги йўлларнинг сирпанчиқлиги сабаб ҳандаққа тушиб кетган иккита машина қутқариб олинган. ФВВ бахтсиз ҳодиса натижасида қурбонлар бўлмагани ҳақида ёзди.

Hududgazta'minot АЖ ҳам ҳарорат пасайгани сабаб газ қуйиш шохобчаларининг иш вақтини қисқартириб, соат 05:00 дан соат 15:00 гача қилиб белгилади.

XS
SM
MD
LG