Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:35

АҚШ сайловлари: Намояндалар палатаси демократлар қўлига ўтади, Республикачилар АҚШ Сенатида ҳукмронликни сақлаб қолди


6 октябрь куни АҚШ бўйлаб Конгресс оралиқ сайловлари учун овоз бериш бошланди. Сенатда 35 ўрин, Намояндалар палатасида эса жами 435 жой овозга қўйилган. Сайлов келаси икки йил давомида Конгрессда қайси партия ҳукмронлик қилишини белгилаб беради. Америка овози радиоси сайлов жараёнига оид тафсилотларни LIVE BLOG орқали ёритмоқда.

Намояндалар палатаси демократлар қўлига ўтади

Нэнси Пелоси спикерликка қайтади
Нэнси Пелоси спикерликка қайтади

435 аъзолик Намояндалар палатаси демократлар қўлига ўтади. 2010 йилдан бери у ерда республикачилар кўпчилик ўринни эгаллаб келаётган эди. Нэнси Пелоси​, Америка тарихидаги биринчи аёл спикер, иккинчи бор бу лавозимга ўтиради.

Бугунги сайловлар демократлар учун улкан ғалаба. 100 аъзолик Сенатда улар ҳукмронликка кела олмади. Бироқ вакиллар президентга қарши туришда катта ваколатларга эга. Янги сайланганлар орасида аёллар катта сонни ташкил этади. Ирқи, келиб чиқиши, эътиқоди ва қарашлари юзасидан хилма-хил одамлар.

Конгресс ранг-баранглашиши катта ютуқ, дейди сиёсий таҳлилчилар. Олти йилга сайланадиган сенаторлар, икки йилга сайланадиган вакиллар орасида узоқ йиллардан бери ўрнини бой бермай келаётганлар талай.

Ҳар икки партияда авлодлар янгиланиши керак, дейди шарҳловчилар, шундагина сиёсатда ҳам арзигулик ўзгаришлар бўлади.

Президент Трамп учун Намояндалар палатаси мухолифатга ўтиши шум хабар, чунки Оқ уй қарорларига қарши туриб, демократлар нафақат президентнинг мақсадларига ғов бўлади ёки унга нисбатан чоралар кўради балки унинг қайта сайланиш умидларини ҳам пучга чиқариши мумкин.

Бошқа жиҳатдан эса Сенатдаги республикачилар қаршилиги боис демократ вакиллар кўплаб ниятларига ета олмаслиги мумкин.

Республикачилар АҚШ Сенатида ҳукмронликни сақлаб қолди

Бугунги сайловлар натижаси шундан далолат бермоқда.

2014 йили демократлар Сенатдаги кўпчилик ўринни бой берган. Бироқ бу сафар ҳам уни қайта эгаллай олмади.

Айни пайтда кураш кескин кечди, айрим штатларда овозлар сони бир-бирига жуда яқин.

100 аъзолик Сенатда ҳукмронлик қилиш учун 50 дан ошиқ ўринни қўлга киритиш керак.

Кескин кураш

АҚШнинг 31 сайлов туманида демократлар олдинда, саккизтасида эса республикачилар. Аҳамияти шуки, бу ҳудудларда шу кунгача нариги партия ҳукмронлик қилган. Шу боис ҳам америкаликлар натижани ҳаяжон билан кутмоқда.

Кўплаб штатларда ҳар икки партиядан сенаторлар ўз ўринларини сақлаб қолган.

Намояндалар палатасида кўпчилик ўринга эга бўлиш учун ҳозирги ўринларни сақлаб қолган ҳолда яна 17 жойни ютиши керак.

Сенатда эса уч ўринни қўлга киритишлари керак.

Вакиллари Палатаси 2010 йилдан бери республикачиларники, Сенат эса 2014 йилдан буён.

Сайлов таҳлилчилари тахминича, демократлар Намояндалар палатасида кўпчилик ўринни ола билса-да, Сенатни эгаллай олмаслиги мумкин. Кўплаб штатларда демократ губернаторлар ютмоқда.

Бугунги сайловларда америкаликлар асосан Трамп президентлиги, иқтисод, соғлиқни сақлаш, хавфсизлик, иммиграция ва қурол назоратига қараб овоз берган.

Аксарият сайловчилар Оқ уйдан норози ва Америка нотўғри йўлдан кетмоқда деб ҳисоблайди. Бироқ, дейди улар, овоз бераётганида бошқа омиллар ҳам роль ўйнаган.

Катта янгилик: бугун 105 миллионга яқин америкалик овоз беришга чиққан бўлиши мумкин, яъни бу ҳуқуққа эга аҳолининг 45 фоиздан ошиғи. Оралиқ сайловлар учун бу юқори кўрсаткич. 2016 йилдаги президент сайловларида 137 миллион америкалик овоз берган эди. Одатда давлат раҳбари учун сайловларда кўпроқ одам қатнашади.

Ҳозирча...

Демократлар Намояндалар палатасидаги беш ўринни республикачилардан тортиб олган. Палатада ҳукмронлик қилиш учун уларга 23 ўрин керак ва албатта улар ҳозирги жойларини ҳам сақлаб қолишлари зарур. Ҳар икки партияда ҳозирча катта мағлубиятлар кузатилмади. Ютганлар асосан ўз ўрнини сақлаб қолган қонунчилар ва губернаторлар. Лекин ҳали натижалар эълон қилинмаган туманлардан 21 тасида демократлар қўли баланд экани аниқ. Республикачилар эса демократларнинг уч туманида улардан ўтиб кетган.

Йирик штат Техасда республикачи, 2016 йилда президентликка даъвогарлик қилган Тед Круз сенаторликни демократ рақибига бой бериши мумкин. Конгрессмен 46 ёшли Бето Орурк овозлар бўйича олдинда.

Виржиния штатида демократ Женнифер Векстон республикачи Барбара Комстокдан Вакиллар Палатасидаги ўрнини тортиб олган.

Флорида штатида демократ Донна Шалала Вакиллар Палатасига сайланган. Бу ҳам партия учун янги ўрин.

Демократлар ёки Республикачилар?

Конгресс кимнинг қўлида бўлади? Сайлов натижаларини кутаяпмиз.

Демократлар 2010 йилда қонунчилик органидаги қудратни бой берган. Бугунги сайлов жараёнида америкаликларнинг аксарияти Президент Трамп сиёсатига қарши эканини айтган. Бироқ бу улар демократларга овоз бермоқда, дегани эмас. Сайловчи бу мамлакатда маҳаллий масалаларга қараб қарор қилади. Иқтисод, хавфсизлик, атроф-муҳит, таълим ва соғлиқни сақлаш унинг учун бирламчи омиллар.

Узоқдан туриб овоз беришингиз мумкин

​Президент Доналд Трамп бугунги сайловларда она шаҳри Ню-Ёркда овоз берган, лекин Вашингтондан туриб. Минглаб америкаликлар сафарда бўлгани учун ёки бирор сабаб билан хорижда юргани учун узоқдан ҳам овоз бериши мумкин. Қандай шаклда бериш сиз яшайдиган ҳудуднинг сайлов тизимига боғлиқ. Электрон тарзда ёки ёзма бўлиши мумкин.

Америкаликлар учун бу сайловларда энг муҳим тўрт масала: соғлиқни сақлаш, иммиграция, иқтисод ва қурол назорати. Оммавий сўровларда сайловчиларнинг аксарияти Президент Трампдан норози эканини билдирган ва айнан боис овоз беришга чиққанини айтган.

Овоз бериш машиналари қандай ишлаяпти?

Сайлов олдидан унинг хавфсиз ва ҳаққоний ўтишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Хавотирлар мавжудлигига қарамай, ҳозиргача мамлакат бўйлаб овоз бериш жараёни жиддий муаммо ёки камчиликларсиз давом этмоқда.

Россия ёки бошқа давлатлар томонидан мамлакат сайлов тизимига аралашув юз бериши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар ўзини оқлагани йўқ. Кибер хуружлар ёки овоз бериш машиналарини ишдан чиқариш каби воқеаларнинг юз бермаслигига қарши мутасаддилар тегишли чораларни кўрган. Ҳозиргача АҚШнинг 170 минг овоз бериш марказида бирор шубҳали ҳолат юз бермагани хабар қилинмоқда.

Лекин айрим жойларда узун кутиш навбатлари ва баъзи овоз бериш машиналарининг ишламай қолгани ҳақида маълумотлар бор. Уларнинг энг жиддийлари Жоржия штатида кузатилган.

Чикагодаги овоз бериш участкаси
Чикагодаги овоз бериш участкаси

2016-йилги президент сайловига Россия аралашгани ҳақида ҳисоботлар чиқиши ортидан, расмийлар сайлов тизимини ташқи аралашувлардан ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Сўнгги ойларда ташқи аралашувга оид 160 та шикоят ўрганилган, ижтимоий тармоқлардаги юзлаб сохта профил ва саҳифалар ёпилган.

43 штатда сайлов машиналарига ташқи аралашувни аниқлайдиган махсус сенсорлар ўрнатилган.

Расмийлар: Овоз беришнинг марказлашмагани хавфсизликни таъминлайди

АҚШда сайлов тизими марказлашмаган бўлиб, уларни ўтказиш маҳаллий ҳукуматлар ихтиёрига топширилган. Айни пайтда 2016-йилги сайлов можароси ортидан маҳаллий расмийлар хавфсизликни янада кучайтириш мақсадида федерал идоралар билан яқиндан ишламоқда.

Овоз бериш машиналари интернетга ва марказий тизимга уланмагани ҳам уларнинг хак қилиниши деярли имконсиз эканини таъминлайди.

Мичиган штатидаги овоз бериш машинаси
Мичиган штатидаги овоз бериш машинаси

Хавотирлар йўқ эмас

Хорижий таҳдидлардан ташқари, овоз беришни сохталаштириш ёки сайловчиларнинг овоз бериш жараёнини мураккаблаштириш каби ҳолатлар юзасидан хавотирлар мавжуд.

Сўнгги икки йил ичида камида саккиз штатда овоз беришни назорат қилишга оид қонунлар янада кучайтирилган. Овоз бериш участкаларида шахсни тасдиқлаш ҳужжати бўйича талабларни оширишни жорий этган штатлар эса охирги саккиз йилда 23 тани ташкил этади.

Бундай чоралар сайловчиларни овоз беришдан қайтарувчи кераксиз тўсиқ, дея уларга қарши курашаётган, бундай тартибни жорий этган штатларни судга берган фаоллар ва ташкилотлар ҳам бор. Уларга кўра, сиёсий мотивлар асосига қурилган бундай қонун-қоидалар илк бор овоз бераётган ёшларни жараёндан узоқлаштиради.

Президент Доналд Трамп 2016-йилда миллионлаб сохта овозлар берилганини даъво қилиб, мазкур ҳолатни текшириш бўйича махсус комиссия тузган эди. Аммо комиссия бирор натажага эриша олмагач, Трамп шу йил бошида унинг фаолиятини тугатишга қарор қилди.

Эскираётган сайлов машиналари

Анча эскирган сайлов тизими ва машиналари ҳам яна бир хавотир манбаи. Фаолларга кўра, ушбу жиҳозлар бугунги замонавий талабларга жавоб бера олмайди.

Икки ёшли Кеденс Бесеа онаси билан овоз бериш учун Жоржия штатида бир ярим соатдан кўпроқ навбатда турди.
Икки ёшли Кеденс Бесеа онаси билан овоз бериш учун Жоржия штатида бир ярим соатдан кўпроқ навбатда турди.

Бреннен маркази маълумотига кўра, 43 штат ишлатадиган сайлов машиналари ҳозирда ишлаб чиқаришдан олинган эски жиҳозлардир.

Беш штат - Деловер, Жоржия, Луизиана, Ню-Жерси ва Жанубий Каролина эса ҳеч қандай қоғоз билан рўйхатга олинмайдиган тачскрин жиҳозлардан фойдаланади.

«Америка Овози» сайлов участкасида

Мамлакат бўйлаб овоз бериш давом этмоқда. «Америка Овози» жамоаси Виржиния штатидаги сайлов участкаларидан бирида бўлиб, овоз бериш жараёни билан танишди.

«Фeйсбук» орқали жонли эфирга узатилган видео лавҳани қуйида томоша қилишингиз мумкин.

Ёшлар қанчалик фаол?

Америка сайловчиларининг салмоқли қисмини 30 фоизгача бўлган ёшлар ташкил этади. Аммо улар сиёсий жараёнларда фаол эмас.

2016-йилги президентлик сайловида овоз бериш учун лаёқатли жами аҳолининг 30 фоизини коллеж талабалари ва ёшлар ташкил этган. Лекин уларнинг фақат ярми овоз берган, холос.

Бу йилги сайловда ёшлар фаоллашгани кузатилмоқда. Бу эса демократларга умид берган. Чунки уларнинг тарафдорлари орасида ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Айни пайтда ёш республикачилар ҳам жонланган.

Сайлов кампаниясида кўнгилли сифатида иштирок этаётган ёшлар гуруҳ раҳбаридан кўрсатма олмоқда.
Сайлов кампаниясида кўнгилли сифатида иштирок этаётган ёшлар гуруҳ раҳбаридан кўрсатма олмоқда.

2016-йилги сайловда 21 ёшгача бўлганлар, яъни ҳали овоз бериш ҳуқуқини қўлга киритмаган ёшларнинг аксарияти ҳам бу сафар ўз сиёсий ҳуқуқидан фойдаланишини айтган.

Флориданинг Паркленд шаҳридаги мактабда юз берган отишма кетидан ёшлар орасида фуқаролик ҳаракати кучайди. Мамлакат бўйлаб фаол ёшлар сайловда қатнашиш учун рўйхатдан ўтиш акциясини бошлади. Бу ҳам ёшларнинг сайловда қатнашиш миқдори ошишига ҳисса қўшиши кутилмоқда.

Сўровлар: Сайловчилар бўлинган

Бугун АҚШ халқи янги Конгрессни сайлайди. Намояндалар палатаси тўлиқ қайта сайланади, 50 кишилик Сенатда эса 35 ўрин қайта овозга қўйилган.

Сўровларга кўра, Намояндалар палатаси демократлар назоратига ўтади, Сенат эса республикачилар қўлида қолиши тахмин қилинмоқда.

Техасдаги сайлов участкаларидан бири
Техасдаги сайлов участкаларидан бири

Республикачилар Сенатдаги устунликни сақлаб қолиш учун Президент Доналд Трампнинг ёрдамидан умидвор. Трамп сўнгги кунларда Америка бўйлаб юриб, тарафдорларини демократларга қарши овоз беришга ундамоқда.

Сенатда ҳозир 51 ўрин республикачиларда, 49 таси эса демократлар ихтиёрида. Овозга қўйилган 35 ўриннинг 26 таси демократларга тегишли, 9 таси республикачиларники.

Иммиграцияга эътибор

Демократлар Трамп ғолиб чиққан 10 штатда, жумладан, Теннесида Сенат ўринларини сақлаб қолиш ҳаракатида.

Трамп эса иммиграция масаласида демократларни кескин танқид қилишда давом этяпти.

Президент Доналд Трамп Теннеси штатида тарафдорлари даврасида, 4-ноябрь, 2018-йил.
Президент Доналд Трамп Теннеси штатида тарафдорлари даврасида, 4-ноябрь, 2018-йил.

«Демократлар мамлакатимизга ноқонуний чет элликлар карвони оқиб келишини истайди. Бундай бўлмайди. Ҳеч бир мамлакат чегаралари бузиб кирилишига рухсат бермайди. Бу босқин. Бошқалар нима дейиши мени қизиқтирмайди. Сохта матбуотнинг айтганлари билан ишим йўқ», - деди Трамп.

Демократлар ҳимоясига бир қатор таниқли сиёсатчилар, хусусан, собиқ президент Барак Обама чиқди. У америкаликларни қўрқувни эмас, умидни танлашга чақирди.

Одатда, оралиқ сайловларда қатнашчилар миқдори 40 фоиздан ошмайди. Аммо бу йилги сайловда улар сони ҳар доимгидан кўпроқ бўлиши кутиляпти.

Трамп - сайлов марказида

Сайлов кампанияларида демократлар, асосан, соғлиқни сақлаш ва иқтисодиётга эътибор қаратди. Республикачилар эса иммиграцияга урғу берди.

Брукингс институти таҳлилчиси Жон Худак фикрича, ҳар икки партия учун яна бир муҳим мавзу бу Трамп шахси.

Трамп бу йилги сайловда нафақат демократларга, балки тарихга қарши ҳам курашмоқда. Чунки шу пайтгача оралиқ сайловларда, одатда, президентга қарши партия доим ғолиб чиққан.

Трампнинг рейтинг кўрсаткичлари ҳам яхши эмас.

«РеалCлеарПолитиcс» сўровига кўра, аҳолининг фақат 43 фоизи Трампдан рози, 53 фоизи эса норози.

Демократлар сайловда фаол қатнашадими?

Сайловларда, одатда, республикачилар иштироки юқори бўлади. Демократлар сон жиҳатидан кўпроқ бўлсада, сайловдаги иштироки сустлиги билан танилган. Бунинг бир сабаби ёш билан боғлиқ экани айтилади. Республикачилар кўпроқ кекса ёшдагилардан иборат ва сиёсий жиҳатдан фаол. Демократлар сафида эса ёшлар кўп, аммо улар сайловларга кўп чиқмайди.

Бу сафарги сайловда уларнинг иштироки ўзгарадими?

Сўнгги сўровларнинг кўрсатишича, демократлар бу йил ҳар қачонгидан кўра фаоллашган. Партия шундан умидвор ва бу сайлов натижаларига жиддий таъсир қилиши кутиляпти.

Президент Трамп сайлов кампанияларида фаол бўлди

Президент Доналд Трамп сайлов арафасидаги сўнгги кунларини штатлар бўйлаб юриб, республикачи номзодларни қўллаб-қувватлаш кампаниялари билан ўтказди.

Бу галги сайлов президент фаолияти юзасидан референдум вазифасини ҳам ўташи кутиляпти. Чунки республикачиларнинг қанча ўринни қўлга киритиши аҳоли амалдаги президентни қанчалик қўллаб-қувватлашини кўрсатади. Айни пайтда сайлов олдидан ўтказилган оммавий сўровлар Президент Трампнинг рейтинги анча паст эканини кўрсатмоқда.

Огаёнинг Кливленд шаҳрида тарафдорлари даврасида гапирган Трамп ушбу штатдан Конгресс учун демократ номзодларни "социалист" деб атади ва сайловчиларни сешанба куни уларни тўхтатишга чақирди.

"Овозингиз билан уларни тўхтата оласиз", - деди у.

Айни пайтда собиқ президент Барак Обама ҳам демократларни ҳимоя қилиб сайлов кампанияларида қатнашди.

"Бутун мамлакат бўйлаб буюк уйғонишни кўряпман. Бу уйғониш менга умид беряпти", - деди Обама.

Сўнгги сўровларга кўра, республикачилар Сенатдаги устунликни сақлаб қолади, Вакиллар палатасида эса кўпчилик ўринларни демократлар қўлга киритади.

Сайлов участкалари очилди

АҚШ бўйлаб Конгресс оралиқ сайловлари учун овоз бериш бошланди. Аксарият штатларда сайлов участкалари эрталаб соат 7:00 дан очилди.

Сайловлар бу мамлакатда ҳар доим ноябрнинг дастлабки сешанбасида бўлиб ўтади. Бу иш куни бўлгани боис, кўпчилик ишга боришдан олдин ёки ишдан чиқиб овоз беради. Участкалар, одатда, кеч соат 20:00 да ёпилади.

Америка сайловлари: Сиëсатдаги аëллар ва уларнинг жамғармаси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:41 0:00

XS
SM
MD
LG