Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:00

“Асакабанк” 500дан ортиқ ходимнинг устама ҳақини кесиб, шартномани бекор қилмоқчи


"Асакабанк" АЖнинг Тошкент шаҳридаги биноси.
"Асакабанк" АЖнинг Тошкент шаҳридаги биноси.

Озодликка “Асакабанк”нинг Андижон, Фарғона, Жиззах филиалларидан мурожаат қилган банк ходимларининг шикоят қилишича, 1 октябрдан бошлаб ўнлаб ходимнинг устама иш ҳақлари “0” қилиб белгиланган.

Банк бошқарувчилари бу ходимларни жорий йилнинг тўртинчи чораги давомида уларга устама ҳақ тўланмасдан фақат маошга ишлаши, янги йилдан кейин эса, меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида огоҳлантирган.

Ходимларнинг иддаосича, банк бошқарувчилари пенсия ёшига яқин ва ўзлари ёқтирмаган ходимларни ана шу рўйхатга тиркаган.

“Асакабанк” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари банк ходимларининг устама иш ҳақи оммавий кесилаётганини инкор қилди.

“Асакабанк” АЖнинг Фарғона филиалида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган ходимнинг айтишича, 30 дан ортиқ одам иш ҳақининг устамаси кесилган:

“Банкда 20 йилдан ортиқ ишлаётган бўлсам, бирор марта ЧП бўлмаган, ойлик режани ҳам 200фоиздан ортиқ бажариб келяпман. Ёшим каттароқ бўлиб қолгани учунми, мени ҳам шу рўйхатга қўшишди. Маошим ўзи 1 миллион сўм, устама билан 5 миллион сўм олаётган эдим. Энди 1 миллион сўмга оила боқиб бўлмаслиги табиий, йилнинг охирида эса, “0” бўлганлар билан янги меҳнат шартномаси имзоламаймиз, дейишяпти. Шунча йил камчиликсиз ишлаган, бирор марта гап эшитмаган одамни шундай қилиб кўчага чиқариб ташлашмоқчи”.

“Асакабанк” АЖнинг Қўқон филиалида ишлайдиган ходиманинг айтишича, уларнинг ишхонасидан ўн кишининг устама ҳақи кесилган:

“Бизнинг ойлигимиз 1-1,5 миллион сўм атрофида. Қилаётган ишининг натижасига қараб кимгадир беш, кимгадир олти, етти баравар устама қўшилади. Биздан ўн кишининг ана шу устамасини кесишди. Ўнтадан 3 нафари пенсия ёшига яқин қолганлари, қолгани ёшлар. Раҳбарларга ёқмай қолган одамлар бўлсак керак. Агар биз ишламаган бўлсак, устама қўшилмасди-да шу пайтгача, биз эса кечалари билан ишлаган кунларимиз бўлган. Бугун эса, сўраб ўтирмасдан, бошқарувчи танлаган одамларникини кесишди”.

“Асакабанк”нинг Андижон филиалида ишлайдиган ходимнинг сўзларига кўра, 23 нафар ходимнинг устама ҳақи “0” қилинган:

“Бизга бош офисдан одам келиб, ҳамма билан суҳбат қилган ва суҳбатдан ўтолмади деб “0” қилган. Лекин бу ҳам сабаб эмас, ўзи 40 ёшдан тепадигаларни шундай қилишган экан. Пенсия ёшига яқинлашган яна тўрт кишини ҳам “0”қилган. Қиш келганда бир ярим миллион ойликни қандай етказамиз десак, елка қисишади”.

“Асакабанк” АЖнинг водий филиалларидан бирида ишлайдиган ходимнинг иддао қилишича, ходимларнинг устама ҳақини бермай, уларни ишдан кетишга мажбур қилиш кўрсатмаси республика бошқарувидан келган:

“Республика бошқарувимиз ҳар битта филиал бошқарувчисидан “қайси ходиминг билан 2022 йил учун шартнома тузмоқчи эмассан?”, деган кўрсатма сўраяпти. Мен ўзим ўша кўрсатмани кўрганман. “Сетка талантов” деган нарса бор, ўшанга шартнома тузмайдиган одамларингнинг рўйхатини ёзиб бер, дейилган. Шу киритилгандан кейин республика бўйича 500 ходимга “0” балл қўйиб берилган. Бу рўйхатда ҳақиқатан ҳам иши ёмони ҳам, иши яхши бўлиб, бошқарувчига шахсан ёқмайдиган, унинг ноқонуний топшириқларини бажармайдиган одам ҳам, яъни ҳўлу қуруқ бирдай киритилган. Ходимларнинг норозилиги ҳам шундан бўляпти”.

Озодлик суҳбатлашган Жиззах филиали ходимлари ҳам ўнлаб одам ана шу рўйхатга тушиб, устама иш ҳақидан маҳрум бўлганини тасдиқлади.

Озодлик банк ходимларининг бу иддаоларига жавоб олиш мақсадида “Асакабанк АЖ” бошқаруви раиси ўринбосари Баҳромхўжа Шарипов билан боғланди.

Раис ўринбосари банк ходимлари устама иш ҳақларининг “0”га туширилганини инкор қилди:

“Ҳақиқатан бугунги кунда бунақа мурожаатлар жуда кўп. Блогерлар билиб-билмасдан ёзиб ташлаётган нарсаларини кўрсангиз, қўрқиб кетасиз. Ҳеч қанақа бўшатиш, шартномани бекор қилиш, ёши, жинси, ирқи - бунақа масала йўқ. Устама иш ҳақи, ойлик иш ҳақи масаласида эса, мен эртага матбуот хизмати орқали батафсил жавоб бераман”.

Озодлик Баҳромхўжа Шарипов батафсил расмий изоҳ бергунига қадар бошқа вилоятлардаги вазиятни ҳам ўрганмоқда.

Ўзбекистонда ходимларнинг турли сабаблар билан оммавий ишдан бўшатилиши ёки меҳнат шартномаларини узайтирмаслик давлат секторида ҳам, хусусий секторда ҳам кенг тарқалган ҳолат. Мамлакатда ишчи-ходимлар манфаатини ҳимоя қиладиган мустақил касаба уюшмалари мавжуд эмас.

XS
SM
MD
LG