Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:07

OzodDayjest: Автойўл қўмитаси раиси Ўзбекистонда тўрт йилда таъмирталаб йўл қолмаслигига ваъда берди


Автойўл қўмитаси раиси Ўзбекистонда тўрт йилда таъмирталаб йўл қолмаслигига ваъда берди. Прокуратура ўқишга кириш бўйича имтиёзлар сунъий равишда кўпайтирилганини танқид қилди. Журналистга муштумзўрлик қилган “Ўзбекнефтгаз” раиси ўринбосарининг ишини комиссия ўрганмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

---------------------------------------------------

Автойўл қўмитаси раиси: Мамлакатда уч йилда тупроқ йўл қолмайди

Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев Олий Мажлис Сенатидаги мажлисда яқин 3 йил ичида Ўзбекистондаги барча тупроқ йўллар асфальтланиши, 4 йилдан сўнг эса таъмирталаб йўллар қолмаслигини маълум қилди (www.xabar.uz, 29 октябрь).

“Тупроқ йўлларни умуман йўқотиш бўйича дастур туздик. Худо хоҳласа, 3 йил ичида Ўзбекистон ҳудудида тупроқ йўллар бўлмайди. Тупроқ йўллар нафақат бизда, балки бошқа давлатларда ҳам бор. Ҳатто АҚШда ҳам 400 минг километрдан зиёд тупроқ йўл бор. Шунга қарамай, Президентимиз бундай йўллар бўлмасин, одамлар юришга қийналяпти деб айтдилар”, деган қўмита раиси.

Ваъда қилинишича, 3 йил давомида жами 29 минг км масофадаги тупроқ йўллар тўлиқ асфальтлаштирилади.

Қўмита раиси 1991 йилдан 2007 йилгача автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлашга умуман пул ажратилмаганини таъкидлаган. Мансабдор бунинг боисини “айрим сабабларга кўра” деб изоҳлаш билан чекланган.

“Xabar.uz” аввалроқ Энергетика вазири Алишер Султонов куз-қиш мавсумида электр энергияси бўйича муаммо бўлмайди деб ваъда бергани, аммо йил бўйи энергия муаммолари давом этганини ёдга олган.

“Йўлларнинг носозлиги халқимизнинг азалий ва кўҳна дардларидан десак, адашмаймиз... Ҳурматли Автомобиль йўллари қўмитаси раиси (3 йилдан сўнг ким шу вазифада бўлса ҳам) Абдураҳмон Абдувалиев, сизнинг ислоҳотни амалга оширишингизга ишонамиз, агар бажара олмасангиз... нима бўлади?..” дея мутасаддини саволга тутади нашр.

Бош прокуратура: ОТМга ўқишга кириш имконини берувчи имтиёзлар сунъий равишда кўпайтирилган

2018 йилда – 421, 2019 йилда – 1213 ва 2020 йилда эса 2367 киши спортдаги ютуқлари учун имтиёзли равишда олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган, шу тариқа 3 йил ичида имтиёздан фойдаланиб талаба бўлганлар салмоғи 5 бараварга ортган (www.kun.uz, 30 октябрь).

Мамлакатда ёш спортчиларни рағбатлантириш мақсадида мусобақалар ғолибларини давлат олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида имтиҳонсиз қабул қилиш тизими жорий этилган. Бироқ прокуратура олиб борган ўрганишда мусобақаларни ўтказиш, иқтидорли спортчиларни танлаб олиш ва уларга имтиёз бериш тизимида жиддий муаммолар борлиги аниқланган.

Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, имтиёзлар сонини сунъий ошириш мақсадида ОТМга кириш ҳуқуқини берувчи спорт мусобақаларининг сони кўпайтириб юборилган.

“Давлат олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида имтиҳонсиз қабул қилиш ҳуқуқини берувчи Олимпия ва Паралимпия спорт турлари бўйича 2018 йилда 206 та мусобақа ўтказилган. Бироқ 2021 йилга келиб бу кўрсаткич нима учундир 296 тагача оширилган. Спорт мусобақалари тақвим-режасига кўра 2018-2021 йилларда баскетбол, волейбол ва чим устида ҳоккей бўйича республика миқёсида 146 та мусобақа ўтказилиши керак бўлса-да, амалда икки баробар кўп, яъни 273 та чемпионат ташкил этилган. Натижада мазкур спорт турлари бўйича имтиёз асосида ўқишга тавсия этилганлар сони ҳам йилма-йил кўпайиб борган”, дейди Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов.

Сўнгги пайтларда ОТМга кириш борасидаги имтиёзлар жамоатчилик эътирозига сабаб бўлиб келмоқда. Бир тоифа имтиёзларни кескин камайтиришни ёқлаётган бўлса, бошқа тоифа имтиёз Конституция тамойилларига зид эканини айтиб, улардан биратўла воз кечиш лозимлигини талаб қилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” раиси ўринбосари журналистни бўғиб, камерасини тортиб олмоқчи бўлди

“Ўзбекнефтгаз” компанияси бошқаруви раиси ўринбосари Мухтор Темиров 13-Қашқадарё сайлов округи матбуот маркази раҳбари Жаҳонгир Тўйчиевни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлади, икки мансабдор ўртасидаги низони ёритишга уринган “Daryo.uz” нашри мухбири Отабек Қўлдошевга нисбатан эса куч ишлатди (www.daryo.uz, 1 ноябрь).

Воқеа 20 октябрь куни рўй берган. “Ўзбекнефтгаз” бошқаруви раиси ўринбосари Мухтор Темиров сайлов округи матбуот маркази раҳбари билан тортишувни ёритиш учун келган журналистни бўғиб, “таъзирини бериб қўйиши”ни айтган. Шунингдек, у мухбирнинг камерасини тортиб олишга уринган.

Компания матбуот хизматига кўра, мазкур ҳодиса “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида тузилган Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан ўрганилмоқда. Бу ҳодиса жамиятнинг ОАВдаги имижига кескин салбий таъсир кўрсатгани таъкидланган.

2019 йилнинг 14 августида “Kun.uz” нашри мухбири ҳам шундай тажовузга учраган эди. Ўшанда Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов касбий вазифасини бажараётган операторга ташланиб штативни синдирган эди. Ҳокимлик масъули, шунингдек, журналистларга таҳдид қилган.

XS
SM
MD
LG