Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:45

Москвадаги намойишлар пайтида ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли ҳибс этилди (ВИДЕО)


Б.Ҳамроев қолган ушланган митингчилар билан "автозак"да.
Б.Ҳамроев қолган ушланган митингчилар билан "автозак"да.

Шанба куни Москвада эркин сайлов ўтказилишини талаб қилиб чиққан ва полиция томонидан ҳибсга олинганлар орасида асли ўзбекистонлик таниқли ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев ҳам бор.

5 август куни Кунцево туман судига олиб келинган Баҳром Ҳамроев “митинг ва намойишларда қатнашиш тартибини қайта бузганликда” айбланмоқда.

Шанба, 3 август куни Москванинг марказий қисмида мингдан зиёд одам ҳибсга олинди.

Москвада эркин сайлов ўтказилиши талаб қилган москваликларни тарқатиш пайтида пойтахт полицияси томонидан таниқли ҳуқуқ фаоли, “Мемориал”ҳуқуқ ҳимояси ҳаракати аъзоси ва “Ёрдам” Инсон ҳуқуқлари ҳимояси маркази раҳбари Баҳром Ҳамроев ҳибсга олингани маълум бўлди.

Бу хабарни Озодликка тасдиқлаган ҳуқуқ фаолининг рафиқаси Зуҳра Ҳамроевага кўра, 5 август куни кечга Ҳамроев Кунцево туман судига олиб келинган.

- У 3 август куни Москванинг Цветной бульвар мавзесида эди. У ерда митинг бўлаётган экан – кузатувчи сифатида борган экан. Аммо бевосита норозилик намойишида иштирок этмаган -у бир одам билан учрашиши керак бўлган. Уни бошқа шу атрофда турган одамлар билан бирга олиб кетишибди. Менинг акам у билан Кунцево ИИБсида учрашди. Аҳволи дуруст, унга керакли дори-дармонни берворибди. У телефонини беришмаётгани ва уй калитларини олиб қўйишганидан адвокатига арз қилибди. Квартирамизда бирор нарса ташлаб қўйишларидан хавотирда, деди ҳозирда ўзи ҳам Москвада эмаслигини таъкидлаган Зуҳро Ҳамроева.

Кунцево туман судида олинган маълумотга биноан, ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев “митинг ўтказиш тартибларини қайта бузгани учун” Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 20.2 моддаси 8 қисми асосида маъмурий жавобгарликка тортилган.

Шу йилнинг май ойида Москванинг Тверской туман суди Баҳром Ҳамроевни айни модда билан 15 минг рублга жаримага тортган эди. Ҳуқуқ ҳимоячиси 2019 йилнинг 17 апрелида Кремль майдонида Москвага ташриф буюрган Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонга қарши “Раҳмон! Сиёсий маҳкумларни озод қил!” плакатини кўтариб чиққани учун жавобгарликка тортилганди.

Ўша норозилик чиқишида у Тожикистонда сиёсий репрессияларни тўхтатиш талаби билан чиққанини гапирган эди.

"Мемориал" ташкилоти аъзоси бўлган 54 ёшли Баҳром Ҳамроев 1992 йилдан буён Россияда инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш билан шуғулланиб келади.

У сўнги йилларда Россияда исломий ақидапарастлик ва диний айбловлар билан ҳибсга олинган инсонларни ҳимоя этиш билан танилган.

Бундан ташқари Баҳром Ҳамроев Марказий Осиё, хусусан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг муаммоларини ечишда фаолият кўрсатиб келади.

2016 йил сентябрда Ҳамроевнинг квартирасида ФСБ ходимлари тинтув ўтказганди.

2018 йилда унга нисбатан икки ўзбекистонлик муҳожирни ўз квартирасида қайдга қўйгани учун жиноий иш очилгани тўғрисида Озодлик хабар қилганди.

2019 йилнинг март ойида Бутирский туман суди Баҳром Ҳамроевга нисбатан очилган жиноят ишини бекор қилиб, қайта кўриб чиқиш учун қуйи инстанцияга қайтариб юборди.

Сентябрь ойида Москва шаҳар Думасига бўлиб ўтадиган сайловда қатнашиш учун бир қанча мухолифат номзоди рўйхатга олинмагандан сўнг июль ойида пойтахтда бир неча норозилик намойиши бўлиб ўтган эди.

Москва шаҳар думасига сайловда қатнашиш учун рўйхатга олинмаган мухолиф ва мустақил номзодлар 3 августда Москва бульвари бўйлаб норозилик юришини режалаштирганди.

Москва шаҳар думасига сайланадиган 45 депутатнинг анча ваколати бўлиб, улар қонун лойиҳаларини таклиф этиши, 43 миллиард долларлик бюджет қандай сарфланаётганини текшириб туриши мумкин.

......

Кунцево туман судининг 5 августдаги қарори билан ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев, суд ҳаками фикрича, мегафон ёрдамида “2000 мингга яқин митингчиларни норозилик акциясига тўплагани учун” 20 минг рубл жаримага тортилди.

XS
SM
MD
LG