Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:30

Эркин матбуот ва Путин пропагандасига қарши кураш. Блинкен Тошкентда нималарни муҳокама қилди?


АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Президент Шавкат Мирзиёев қабулида. Тошкент, 1 март, 2023
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Президент Шавкат Мирзиёев қабулида. Тошкент, 1 март, 2023

28 февраль - 1 март кунлари АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Марказий Осиёга биринчи сафарини амалга оширди. Бу АҚШ Давлат котибининг Россия Украинага бостириб кирганидан буён минтақага илк ташрифи ҳамдир. Ташриф доирасида Блинкен Марказий Осиёнинг икки етакчи давлати - Қозоғистон ва Ўзбекистон пойтахтларида расмийлар билан музокаралар олиб борди.

Россиянинг Украинага тажовузи Москва анъанавий тарзда ўзининг "орқа ҳовлиси" деб ҳисоблайдиган минтақа давлатларини қийин аҳволга солиб қўйган. Уларнинг биронтаси Россия босқинини қораламаган. Айни пайтда Кремль ўзи "махсус ҳарбий операция" деб атаётган Украинага тажовузни қўллаш ёки бетараф туриш борасида бу давлатларга босим ўтказиб келаётганига ишонилади.

Россияга қарши Ғарб санкциялари Москва билан савдо алоқалари, транзит йўллари ҳамда пул ўтказмаларига қарам Марказий Осиё давлатларини иқтисодий жиҳатдан ҳам қийин аҳволга қўйган - Блинкен Остона ва Тошкентдаги чиқишларида Қўшма Штатлар минтақа давлатларига санкциялар таъсирини юмшатиш учун 50 миллион доллар ёрдам ажратганини маълум қилди.

АҚШ мулозими Остона ва Тошкентдаги чиқишларида Вашингтон минтақа давлатларининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини яна бир бор урғулади. Қозоғистон президенти бунинг учун Блинкенга шахсан миннатдорчилик билдирди, президент Мирзиёевнинг эса бу борада бирон нарса дегани расман хабар қилингани йўқ.

Блинкен Тошкентдаги музокараларда Украина билан бир қаторда АҚШ-Ўзбекистон муносабатларининг анъанавий кун тартиби бўлган инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлиги масалаларини ҳам, жумладан, шахсан президент Мирзиёев билан муҳокама қилганини билдирди.


Тошкент сафари

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Тошкентда Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари ва президент Шавкат Мирзиёев билан учрашди.

Маҳаллий нашларнинг хабар қилишича, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов ва АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен учрашувининг асосий қисми ёпиқ эшиклар ортида ўтган.

Учрашувда бизнес учун шароит яратиш, Марказий Осиёда минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва бошқа қатор масалалар муҳокама қилингани айтилди, холос.


Блинкен шунингдек, Тошкентдаги "Хасти имом" комплексини зиёрат қилди Жаҳон тиллари университети талабалари билан ҳам учрашди.

Шу куни тушдан кейин АҚШ Давлат котибини президент Шавкат Мирзиёев қабул қилди.

Президент матбуот хизмати хабарида, Энтони Блинкен бу учрашувда, АҚШ Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини доимо қўллаб-қувватлашини яна бир таъкидлагани алоҳида урғуланди.

АҚШ элчихонасида ўтган матбуот брифингида Блинкен Қорақалпоғистонда 2022 йил июлида юз берган қонли воқеалар юзасидан шаффоф терговнинг муҳимлигини таъкидлади:

"Давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик Ўзбекистоннинг мустақилликка эришган йилларига бориб тақалади. Сўнгги йилларда бу ҳамкорлик янада кучаймоқда. Мен бу ерга келганимдан бери гувоҳ бўлганим бу ҳамкорликни янада кучайтиришга бўлган ўзаро уйғун ҳамда ташаббускор истакдир. Мен бу ўринда 2022 йилнинг июль ойида содир бўлган тартибсизликлар пайтида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан содир этилган инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларининг тўлиқ ва шаффоф тергов қилиниши Ўзбекистон учун жуда муҳимлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман”.

Блинкен маҳаллий ва хорижий журналистлар саволларига жавоб бераркан, Россия пропагандасига қарши самарали курашиш учун оммавий ахборот воситалари эркин бўлиши зарурлигини таъкидлади.

АҚШ мулозимига кўра, Россия Марказий Осиё ва дунёнинг бошқа қисмларида кучли тарғибот ва дезинформация тизимини яратган.

“Кучли, фаол ва барча ресурсларга эга маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг мавжудлиги биз бугун, шу жумладан, президент [Ўзбекистон Шавкат Мирзиёев] билан муҳокама қилган масалалардан биридир. Хусусан, Россиядан ёки бошқа манбалардан келаётган дезинформацияга қарши курашиш учун”, дея таъкидлади Энтони Блинкен.


Ўзбек томони Блинкен ташрифига доир берган расмий хабарларда бу учрашувларда Россиянинг Украинага босқини ёки бу бу уруш ортидан Ўзбекистондаги бугун вазият муҳокама қилингани ҳақида бирор маълумот берилмади.

Сиёсий таҳлилчи Рафаэл Сатторов АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан ёпиқ эшиклар ортида ўтган мулоқотларда Украинага босқини ортидан Россияга қўлланган санкцияларнинг Ўзбекистон учун оқибатлари муҳокама этилганига шубҳа қилмайди.

Бундан ташқари таҳлилчи, Россиянинг Украинага босқини АҚШнинг Марказий Осиё минтақасига ёндошувидаги асосий хавотир - бу минтақанинг ожизлашган Россиядан, унга аввалдан кўз тиккан Хитой томон янада яқинлаштириши мумкинлигидан мавжуд хавотирини ошириши табиий, деган хулосада.

Байденнинг мактуби


Таҳлилчилар фикрича, Украина уруши манзарасида Кремлнинг билвосита агрессияси билан юзма-юз қолган минтақа давлатлари учун Ғарбнинг сиёсий дастагига ҳар доимгидан кўра ҳам кўпроқ эҳтиёж сезмоқда. Бу дастакни ҳис қилиш ва намойиш қилиш бошқа-бошқа нарсалар, дейди таҳлилчилар.

Худди шу манзарада ўтган ой АҚШ президенти Жо Байденнинг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни қўллаб ёзган мактуби таҳлилчилар эътиборини тортди.

“Ўзбекистон билан иқтисодиёт ва энергетика масалаларида ўзаро алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, Сизнинг мамлакат сиёсий тизимини модернизация ва ислоҳ қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларингизни қўллаб-қувватлаш АҚШ учун устувор аҳамиятга эга», дейилади Байден номидан эълон қилинган мактубда.


Лондондаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомовга кўра, аслида энергетика соҳасида АҚШ билан ҳамкорлик - аслида ўзаро манфаатли ҳамкорлик бўлиши мумкин.

Зотан, Россия газ-нефть саноатига санкциялар қўллаган Европанинг ҳозирда Марказий Осиёдаги энергетик заҳираларга эҳтиёжи ортган, деб ҳисоблайди таҳлилчи:

“Агар Марказий Осиё давлатлари ўз энергетик ресурсларини Осиё давлатлари орқали бўлса ҳам жаҳон бозорига олиб чиқа олса, бу Европа учун маълум бир миқдорда фойда келтиради. Яъни, бу ҳолда бизнинг минтақадан бораётган энергоресурслар Яқин шарқ ёки Россия маҳсулотларига рақобатчи бўлади, Европага етказиладиган ресурс кўлами ҳам ортади. Бунинг учун бу ресурсларни жанубий-ғарбий йўналишда узатиш тизимлари, қувурлар ва бошқа тизимларни ривожлантириш керак бўлади. Бу ҳам Ғарб учун стратегик аҳамиятга эга”.

Москвадаги Карнеги фонди эксперти Темур Умаровга кўра, АҚШнинг Марказий Осиёга нисбатан бундай юмшоқ ва сокин ёндашуви бу давлатнинг Россия-Украина урушига ўралашиб қолгани ва бу минтақа учун ажратадиган ресурсларининг ўта чеклангани билан боғлиқ:

“Энтони Блинкеннинг Марказий Осиёга сафари биринчи навбатда Россиянинг Украинага қарши уруши ва минтақа давлатларини Украинадаги вазият борасида нисбатан аниқ позицияни тутишга ундаш мақсадида амалга оширилди. Шунинг учун АҚШ томони иккиламчи санкциялар ва бунинг оқибатида Марказий Осиё давлатлари кўрадиган зарарни қоплашга тайёрлигини тез-тез гапирмоқда. Лекин, бошқа тарафдан Марказий Осиё давлатлари учун АҚШнинг минтақага ёндошуви у қадар ишончли кўринмаётир. Чунки, АҚШ бу минтақан ўз манфаати учун зарурат туғилгандагина ёдга олади, деган скептик қараш мавжуд. Аммо, бу сафар орқали АҚШнинг ишончли стратегик ҳамкор эканини кўрсатиш ҳам мақсад қилинган”.

Россия таъсиридан узоқлашиш

23 февраль куни БМТ томонидан Россиянинг Украинага босқинини зудлик билан тўхтатиш ва Россия қўшинларини Украина ҳудудидан олиб чиқиб кетиш талаби овозга қўйилди.

Ўшанда Марказий Осиёнинг 4 республикаси - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон бетараф қолган 32 давлат сафидан жой олди, Туркманистон эса овоз бермади.

Бу талабни 141 давлат ёқлади, 7 давлат, жумладан, Хитой, Беларус ва Россия қарши овоз берди.

Аммо, Марказий Осиё давлатларининг сукути - ўтган асрда Кремл қарамида бўлган бу ҳудуднинг ҳануз Путин ҳокимиятининг кескин босими остида эканини яққол кўрсатди.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Доналд Лу ҳам буни алоҳида қайд этаркан, АҚШ маъмурияти бу давлатларнинг аста-секинлик билан Россиядан ажралиши учун кўмакка тайёрлигини билдирди.

“Биз ушбу санкциялар натижасида Марказий Осиё иқтисодиётини Россиядан ажратишда ҳақиқий ўсиш бўлаётганини кузатяпмиз. Биз Марказий Осиё республикаларини бу йўналишда рағбатлантиришда давом этамиз”, деди Доналд Лу.

Шу йилнинг 19 февраль куни Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 31 йил тўлди.

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари нисбатан сокин давом этди ва бу муносабатлар кўпроқ “C5+1” лойиҳаси доирасидаги расмий алоқалардангина иборат бўлгани кузатилди.

АҚШ Давлат Департаментига кўра, Ўзбекистон ҳануз Афғонистонга халқаро инсонпарварлик ёрдамини етказиш ва хусусан, бу давлатни электр энергияси билан таъминлашдаги муҳим ҳамкори эканича қолмоқда.

Икки давлат ўртасидаги савдо ҳамкорлик ҳажми ҳам 2020 йилда 277 миллион, 2021 йилда 424 миллион АҚШ долларини ташкил қилган ва ҳозир АҚШ Ўзбекистоннинг 16-ўриндаги савдо ҳамкоридир.

1992 йилдан бери АҚШ Ўзбекистон иқтисодига киритган сармоя миқдори эса атиги 1 миллиард 800 миллион АҚШ долларини ташкил қилади. Қозоғистонда эса АҚШ сармояси миқдори 1993 йилдан бери 62 миллиард доллардан ошган.

Форум

XS
SM
MD
LG