Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:20

Боғчаларга ҳомийлик қилиш вазифаси фермер ва тадбиркорларга юклатилади


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мактабгача таълим тизимига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди. Давлат раҳбари боғчаларда болаларни овқатлантириш учун ажратиладиган маблағ оширилажаги, ҳар бир боғчага фермер ва тадбиркорлик субъектлари бириктирилажаги тўғрисида гапирди.

Озодлик суҳбатга тортган фермерларнинг баъзилари боғча учун ўзларига қарашли биноларни ажратишга тайёр эканлигини билдирса, бошқалари, "энди биз пул бермаган боғча ҳам бор эканми?" деб зорланди.

Боғчаларга ҳомийлик қилиш вазифаси фермер ва тадбиркорларга юклатилади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:54 0:00
Бевосита линк

19 декабрь куни ўтказилган видеослекторда фермер ва тадбиркорларнинг боғчаларга ҳомийлиги қандай шаклда бўлишига изоҳ бермаган.

Жиззах вилоят фермерлар уюшмасининг ўзини таништирмаган мулозими, президентнинг бу гапларидан хабари борлигини айтар экан, ҳали бу ҳақда аниқ бир топшириқ олинмаганини айтди:

“Биз ҳам селекторда эшитдик бу гапларни. Энди бу учун махсус дастур ишлаб чиқилса керак. Ҳозир бу таъминот қай шаклда бўлади, фермерлар пул билан ёрдам берадими ёки маҳсулот биланми, бу ҳақда бир гап айта олмайман”, деди мулозим.

Фарғона вилоятининг Фурқат туманидаги илғор фермерлардан бири Очил Бегматов 20 декабрь куни эрталаб маҳалла оқсоқоли бу масалада кенгашгани унинг олдига келганини айтди:

- Эрталаб оқсоқол, президентимиз шунақа топшириқ берибди, нима қиламиз деб маслаҳат солди. Мен қизимга деб тўрт хонали уй қуриб қўйганман. Янги боғча қургунча мана шу жойни бераман, дедим. Ёки ер берса ўзим янги боғча қуриб бераман, дедим. Савоб учун қиламан. Буғдой, гуруч, гўшт ўзимдан чиқади. Лекин боғча мудираларини, ишчиларини ўзим қўяман. Чунки ҳозирги боғча мудираларига ишонмайман, улар болалар ҳақига кўп хиёнат қилишади. Менку, ўзимга тўқ, ишларим юришган фермерман. Аммо, аксарият фермерлар қарзга ботиб, ёки учма-уч қилиб зўрға кун кўришяпти. Агар ўшаларга ҳам мажбурий қилиб қўйса, яхши бўлмайди, деди фермер Очил Бегматов.

Исми сир қолишини сўраган қашқадарёлик фермер бозор иқтисодиёти шароитида бировни ҳомийлик қилишга мажбурлаш иқтисодий босим эканини айтади:

- Масалан, мен ғалла етиштираман. Бу йил бозордаги нархи 2000 сўм бўлиб турган пайтда, давлат биздан 450 сўмдан олди. Агар, боғчага керак бўлган маҳсулотни ҳам шундай паст нарх қилиб оладиган бўлса ёки текинга спонсорлик қиласан деса, фермер ўлди ҳисоб. Бозор нархидан 300-500 сўм арзон олса ҳам майли, лекин инсофсизлик қилмаслик керак. Бозор иқтисодиёти шароитида бировни мажбурлаб, зўрлаб бўлмайди. Бу иқтисодий босим ҳисобланади. Фермерга юкланмаган нима қолди ўзи?! Камолотга бер, болалар спортига бер, қурилишга бер, стадионга бер, металлоломга бер, обунага бер, ободончиликка бер, энди бир ками боғча қолувди, дейди фермер.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг қайд қилишича, сўнгги 20 йил давомида мамлакатдаги мактабгача таълим муассасалари қарийб тенг яримга, 45 фоизга қисқарган. Қарийб 2,5 миллион нафар боладан 818 минги боғчаларга қамраб олинган.

“Боғчаларда болани ижтимоий, шахсий, ҳиссий, нутқий, математик, физио-психологик, жисмоний ва ижодий ривожлантириш бўйича таълим дастурлари жорий этилмаган. Қисқа қилиб айтганда, боғчалар таълим муассасаси вазифасини бажариш ўрнига ота-она ишда бўлган вақтда болага қараб турадиган муассасага айланиб қолган”, деган президент.

Президент давлат-хусусий шериклик асосида янги турдаги мактабгача таълим муассасалари фаол ташкил этилишини ҳам айтган.

Шавкат Мирзиёев президентликка келганидан сўнг боғчаларни ислоҳ қилиш мақсадида бир қатор ҳужжатларни имзолади.

30 сентябрда президент "Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолади.

19 октябрда Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи директори, сенатор Агриппина Васильевна Шин янги ташкил этилган Мактабгача таълим вазирлигининг раҳбари этиб тайинланди.

"Биз мактабгача таълим соҳасида ҳар жиҳатдан замонавий тизим яратишимиз керак. Келгуси 3-4 йилда 5-6 ёшдаги барча болаларни мактабгача таълимга тўлиқ қамраб олишга эришмоғимиз шарт. Бу эртанги кунимизни ҳал қиладиган масала ва биз буни албатта амалга оширамиз", деди президент Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилишда.

Ўзбекистонда болалар боғчаси ташкил этиш мақсадида бўлган инвесторларга ер участкалари ва бўш бинолар 50 йил муддатга беғараз ижарага берилади.

Бу ҳақда Президент Мирзиёев томонидан 9 сентябрда имзоланган "Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорга берилган расмий шарҳда айтилган.

XS
SM
MD
LG