Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:00

Бозорга айланган "Опен бюджет"


  • Бепул кола, 1 литр ёғ, 1,5 кило олма. “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси ғолиблари эълон қилинди
  • “Шармандали бюджет”. Тармоқларда лойиҳа учун овоз тўплаш жараёни танқид қилинди
  • Президент мақтови. Мирзиёев “Ташаббусли бюджет” лойиҳасини адолат намунаси дея атади

7 апрель куни ҳукуматнинг “Ташаббусли бюджет” кампаниясининг 1-мавсумига овоз бериш жараёни ўз ниҳоясига етиб, ғолиблар эълон қилинди.

"Очиқ бюджет" портали ҳисоб-китобича, 33680та лойиҳага жами 16 миллиондан зиёд овоз берилган. 1666та лойиҳа ғолиб деб топилган. Бу лойиҳаларга давлат бюджетидан жами 1,6 триллион сўмга яқин пул сарфланади.

Қашқадарё вилояти, Яккабоғ тумани, Дархон МФЙ, Бутасой қишлоғи энг кўп овоз тўплади. Уларнинг 20 кун ичида тўплаган овози 25728тани ташкил қилди. Қишлоқ аҳли 2.5 км йўлни асфальт қилиш учун 1 200 000 000 сўмни қўлга киритишди.

Таклифи ғолиб бўлганлар карнай- сурнай билан ғалабани нишонлашмоқда.

Хўш, овоз бериш жараёни қандай ўтди? Бу жараён президент атагандай адолат намунасими ёки фаоллар таъкидлаганидек навбатдаги шармандалик бўлдими?

Ўзбекистонда 3 йилдан бери давом этаётган “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг янги мавсуми жорий йилнинг 6 февралида бошланди.

  • Ташаббусли ёки партисипатор бюджет– жамоатчилик фикри асосида шаклланган бюджетдир яъни маҳаллий инфратузилмани туман, шаҳар, маҳалла ёки қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларига бюджет маблағларининг бир қисмини бевосита фуқароларнинг ташаббуси асосида йўналтиришдир.

2021 йилда йўлга қўйилган ушбу лойиҳа йилда икки марта февраль ва июль ойларида бўлиб ўтади.

  • Шу ўринда атамалар борасида: “Оpen budget” (Очиқ бюджет)порталнинг номи, “Ташаббусли бюджет” ўша порталдаги лойиҳалардан бири. Халқ орасида ушбу лойиҳа "Опен бюджет" номи билан танилган.

Инфратузилмани яхшилаш, хиёбонлар, болалар ва спорт майдончалари, ички йўллар қуриш, мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш каби лойиҳалар учун 6 февралдан 26 февралгача “Очиқ бюджет” портали орқали таклифлар қабул қилинди.

  • Портал ҳисоб-китоби қуйидагича:

Келиб тушган таклифлар - 55970

Тасдиқланган таклифлар - 33680

Рад этилган таклифлар- 22290

Ғолиб бўлган таклифлар- 1666

18 мартда овоз йиғишга старт берилиши билан лойиҳа иштирокчилари кимўзар мусобақани бошлаб, кўпроқ овоз йиғиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилишди.

Давлат фуқароларига ҳеч бир овоз ва сарсонгарчиликсиз қилиб бериши лозим бўлган ишлар учун одамлар вилоятма-вилоят, уйма-уй сарсон юришга мажбур бўлишди.

Овоз бериш “Очиқ бюджет” портали орқали амалга оширилди. Бунинг учун телефон рақамнинг ўзи етарли, порталда рўйхатдан ўтмасдан туриб ҳам СМС орқали овоз бериш имконияти яратилган.

Фақат бир шарти бор яъни битта телефон рақамидан бир мартагина овоз бериш мумкин. Лекин овоз берувчи аноним қолади ва қўлингизда нечта симкарта бўлса, шунча марта овоз беришингиз мумкин. Маълум бўлишича, овоз бериш жараёни асосан шунга асосланган.

Иштирокчилар кўпроқ овоз тўплаш учун қўллаган усулларнинг сон-саноғи йўқ. Худди аввалги йиллардаги каби овоз олиш имкони бўлган ҳар қандай усулдан фойдаланилди.

Бепул ичимлик улашиш, 5000 мингдан 10 минг сўмгача нақд пул таклиф қилиш, телефон ҳисоби ёки пластик картасига пул ташлаш, бепул ёғ бериш каби бир қанча усуллар жорий йилдаги овоз тўплаш жараёнига ҳам хосдир.

Ўтган йиллардан фарқли бу йил овоз тўплаш жараёнига мактаб ўқувчилари ҳам жалб қилинган бир неча ҳолат аниқланди. Шулардан бири-Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги 17-мактаб ўқувчилари ўтган ҳафта дарсга киритилмай, SIM-карта сотиб олиш учун уйларига пул олиб келишга жўнатилган. Бу воқеага гувоҳ бўлган оққўрғонликлар ҳолатни видеога олиб тармоқларга қўйишди.

Оққўрғондаги ушбу мактаб жамоаси “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида иштирок этди. Улар мактабнинг моддий-техник базасини ривожлантириш бўйича 300 миллион сўмлик лойиҳа учун овоз тўплашди.

17-мактаб тўплаган овозлари сони бўйича туманда охирги ўринлардан бирида эди. Мактаб маъмурияти ғолиб бўлиш учун кенг тарқалган усул - SIM-карта сотиб олиш йўли билан овозлар сонини кўпайтиришга қарор қилган ва бунга ўқувчиларни ҳам жалб қилган.

Воқеа тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлгач, мутасаддилар мактаб маъмуриятини жазолашга мажбур бўлди. Тошкент вилоят ҳокимлиги 17-мактаб директори ишдан бўшатилгани, ўқувчиларни овоз йиғиш кампаниясига жалб қилган синф раҳбарларига эса интизомий жазо берилгани ҳақида хабар қилди.

"Очиқ бюджет" сайтидаги маълумотга кўра, ушбу мактаб керакли овозни тўплай олмагани сабаб ғолиблар сафига киритилмаган.

Жорий йилда “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига овоз тўплаш жараёнида шифокорлар ва ўқитувчиларни мажбуран жалб қилиш ҳолатлари кўплаб кузатилди. Ҳар бир ўқитувчи ёки шифокорга камида 80 ёки 100та овоз йиғиш мажбурияти юклангани айтилди.

"Барча тизимлар ходимларини “опен бюджет”га овоз тўплашга мажбурламоқдалар, соғлиқни сақлаш тизими, халқ таълими тизими, матабгача таълим тизими, олий таълим тизими, маҳалла тизими ва бошқа барча тизимларда шиддат билан раҳбарлар ходимларни овоз йиғишга мажбурламокдалар. Марҳамат қилиб, ҳукумат аъзолари ва маҳаллий ижро ҳокимият- барчалари тўлиқ таркибда истеъфо беришсин, бундай ҳолатга тушиб қолингандан кейин", деб ёзди шифокор ва блогер Отабек Аҳлиддинов.

OzodNazar: Битта овоз берингиз қишлоғимизга – “Ташаббусли бюджет” манзаралари
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:44:31 0:00

Тармоқларда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси учун ишчи-ходимларни овоз йиғишга мажбурланаётгани кескин танқидларга сабаб бўлди. Бу ҳолат мажбурий меҳнатга қиёсланиб, лойиҳани тўхтатиш таклифлари ҳам илгари сурилди.

Собиқ депутат Расул Кушербоев эса ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилганларга оид жазони кучайтириш таклифини ўртага ташлади. Кушербоев “ташаббусли бюджет” лойиҳасини танқид қилиб, давлатни ўз бўйнидаги ишларни фуқароларга юклаб қўйганликда айблади.

Тармоқларнинг ўзбек сигментига бу мавзуга оид мэмлар, карикатуралар, шеърлар ва ҳазил видеолар қўлма-қўл бўлди.

Овоз йиғишнинг яна бир жиҳати - вилоятлардаги лойиҳа иштирокчилари пойтахтга келиб, бозорлар ва одамлар гавжум жойларда овоз тўплашди. Улар тошкентликларга овоз эвазига бепул ичимликлар ва маълум суммадаги пул таклиф қилишди.

Ўзбекистонда “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига ҳаракатлар 2018 йилда бошланган. Шу йили президент Мирзиёев қарорида бюджет жараёнига фуқароларни ҳам таклиф қилиш масаласи киритилган. Орадан уч йил ўтиб, 2021 йилнинг 13 апрелдаги президент қарори билан “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларига старт берилди.

"Аслида опен бюджет лойиҳаси жамиятнинг сиёсий онги учун жуда фойдали лойиҳа. Кейинги босқичда жамиятнинг фаоллари партияларга аъзо бўлиб, депутатликка номзодини қўйса ва халқ ўз номзодлари учун мана шундай тарғибот қилиб юрса, нафақат опен бюджет, балки давлат бюджети ҳам келгусида янада самарали ишлатилади", дея ёзди Саид Комил Муҳаммад Карим.

Мирзиёев ҳар йили “Ташаббусли бюджет” борасида нутқлар ирод қилиб, лойиҳани олқишлаб келмоқда.

“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси дунё таржибасида бор амалиёт бўлиб, кўплаб давлатларда мувафаққиятли амалга ошириб келинмоқда. Илк бор 1989 йилда Бразилияда синалган бу таржиба ҳозирда дунёнинг ўнлаб давлатларида, жумладан, АҚШ, Канада, Франция, Италия, Германия, Россия ва Қирғизистон каби давлатларда мувафаққиятли қўлланилмоқда.

Жанубий Кореяда ҳам бу амалиёт бор. Озодлик жамоаси ўтган йилнинг августида Кореяга сафари давомида “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига овоз йиғиш жараёнига гувоҳ бўлган. У ерда овоз йиғиш Ўзбекистондан фарқли бўлиб, одамлар ўзлари танлаган таклиф учун сайлов шаклида овоз беришлари лозим. Яъни онлайн эмас, балки сайлов участкасига шахсан бориб овоз беришлари керак.

Кореяда ҳам овоз эвазига одамларга ҳадя берилганига гувоҳ бўлдик. Кореяликларга кўра, бу совға одамларга маҳалла тақдирига бефарқ бўлмагани учун рағбатлантириш тарзида берилади.

Бироқ Ўзбекистонда “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари савол остига олиниб келинмоқда. Овоз бериш жараёнидан ташқари, таклифларни тасдиқлаш ва лойиҳаларнинг ижросига ҳам шубҳа билан қаралмоқда.

Лойиҳага коррупция аралашгани ва ғолиб лойиҳаларга ажратилган пулларни ўзлаштирилишига оид тахминлар ҳам мавжуд.

Ушбу лойиҳага қўйилаётган таклифлар асосан давлат бюджетидан биринчи навбатда маблағ ажратилиши зарур бўлган муаммолардир.

Айни пайтда нафақат ушбу лойиҳа, балки давлат бюджетининг назорати йўқ. Ҳукумат 2019 йилдан бери бюджетга оид рақамларни очиқлаётган бўлсада, бюджетнинг ижро механизми ҳануз шаффоф эмас.

Форум

XS
SM
MD
LG