Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:53

Бухоро яҳудийларини ҳам ўзбек тили¸ ўзбекча ош ва ўзбек мусиқаси бирлаштиради


Германиянинг Ҳанновер шаҳрида Бухоро яҳудийларининг саккизинчи, Германия ҳудудида эса¸ биринчи халқаро анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда дунëнинг 9 мамлакатидан келган юздан ортиқ Бухоро яҳудийлари ва Германияда истиқомат қиладиган 300 дан зиëд диаспора вакиллари иштирок қилди.

Иши юришганлар қурултойи

Анжуманда уч кун қатнашиб¸ бу тўпландини “иши юришганлар қурултойи” деб аташ фикрига келдим.

Бухоронинг Лабиҳовузида оддий ошпаз бўлиб ишлаган Борис Юсупов бугунга келиб Нью-Йоркда ўзбек таомлари пиширадиган бир неча ресторанлар эгасига айланиб¸ миллионер бўлганидан мамнун.

ЎзТВ симфоник оркестрида оддий солист бўлган тошкентлик Иосиф Шоломоев бугун АҚШ Метрополитен операсида куйлашдек юксак мартаба эгасига айланган.

Тошкентда илк бор буйрак трансплантациясини амалга оширган жарроҳ Роберт Пинхасов бугун Нью-йоркдаги машҳур клиникада таниқли жарроҳ сифатида фаолият юритмоқда.

Озодлик билан суҳбатда улар бугунги моддий муваффақият Ўзбекистонда олинган билим ва таржриба устига қурилганини мамнуният билан гапиришди.

Ўзбек тилли қавм

Бухоро яҳудийларининг Германиядаги бош раввини Йоханан Ëқубов Озодлик мухбири билан суҳбатда анжуманда ўз жамоаси Ўзбекистонга алоҳида меҳр қўйганини таъкидлади:

Бухоро яҳудийларининг Германиядаги бош раввини Йоханан Ëқубов
Бухоро яҳудийларининг Германиядаги бош раввини Йоханан Ëқубов

- Бухоро яҳудийларининг Марказий Осиë, хусусан, Ўзбекистонда икки ярим минг йиллик тарихи бор. Улар бу тарихий меросни эъзозлаб келишмоқда¸ дейди Ëқубов.

Суҳбатдошга кўра¸ Бухоро яҳудийлари форс¸ рус ва ўзбек тилида гаплашишади.

АҚШда чоп қилинадиган The Bukharian times газетаси муҳаррири асли самарқандлик Рафаель Некталов Озодлик билан суҳбатда Бухоро яхудийлари ўзбек тилини она тили сифатида қадрлаб келаëтганини айтади.

"The Bukharian times" газетасининг муҳаррири асли самарқандлик Рафаел Некталов
"The Bukharian times" газетасининг муҳаррири асли самарқандлик Рафаел Некталов

Суҳбатдош АҚШда фаолият олиб бораëтган “Созанда” ансамбли репертуарида ўзбек тилидаги қўшиқлар талай эканига эътибор қаратди.

“Созанда” ансамбли раҳбари Борис Катаев Озодлик билан суҳбатда ўзбек тили дунëнинг қаерида яшашидан қатъий назар¸ Бухоро яхудийлари учун азиз ва ардоқли эканини алоҳида ҳаяжон билан ифода қилди.

Оши-палов атрофида бирлашган миллат

Борис Катаевнинг айтишича¸ Бухоро яҳудийларини ўзбек тили билан биргаликда бухороча палови ҳам бирлаштиради:

- Биз бу таомни жуда қадрлаймиз. Бухороча ош барчаники ва шу жумладан бухоро яҳудийлариники ҳамдир. Бу оши-паловнинг ҳар бир гуручи марвариддан ҳам қадрли. Сабзиси эса Бухоро қуëши каби зарҳал.

Германиянинг Ҳанновер шаҳрига Бухородан икки катта қозон олиб келинди. Асли бухоролик ошпаз Исроил ака дамлаган палов тадбир қатнашчиларининг олқишлари фонида намойишкорона сузилди.

Яхудий раббилари навбатма-навбат келиб паловни капкир билан аралаштириб кетди.

“Aжаб-ажаб” деган ўзбек қўшиғи янгради. Ҳамма қозон атрофида рақсга тушди.

The Bukharian times газетаси муҳаррири Рафаель Некталов “паловнинг аллақачон кулинария термини бўлишдан чиқиб¸ Бухоро яҳудийларини бирлаштирадиган асосий омилларидан бири бўлганини айтади.

Бухоро яҳудийлари қурултойи
Бухоро яҳудийлари қурултойи

Ўзбек қўшиқларини куйлашади

“Созанда” ансамбли солисти¸ асли самарқандлик Тамара Катаева палов егандан кейин¸ ўзбекча қўшиқ айтиш Нью-Йоркда истиқомат қилаëтган 60 мингдан зиëд Бухоро яҳудийлари орасида урф бўлганини айтади. 30 йилдан бери АҚШда яшаëтган Катаева бу қўшиқларни невараси ҳам ўзбек тилида куйлаëтганидан мамнун.

Бухоро яҳудийлари ўзбек қўшиқлари билан бир қаторда инглиз ва итальян тилларида катта саҳналарда опера арияларини ҳам ижро қилишмоқда.

ЎзТВ симфоник оркестрида оддий солист бўлган тошкентлик Иосиф Шоломоев бугун АҚШ Метрополитен операсида куйлашдек юксак мартаба эгасига айланди. Борис Годунов операсидаги Юродивий партиясини ижро қилади.

-Тошкентдан келган оддий қўшиқчини эшитиб кўриб¸ Метрополитен операсига ишга олишгани мен учун мўъжиза бўлди. Пласидо Домингонинг ўзи эшитиб кўриб¸ таҳсин айтди. Албатта¸ бу олқиш¸ бу мартаба Тошкент консерваториясида олган билим натижасида бўлди. Мен Тошкентни қўмсайман. Ўзбекча қўшиқларни хиргойи қиламан¸ дейди Шоломоев.

Ўз ТВ симфоник оркестрида оддий солист бўлган тошкентлик Иосиф Шоломоев
Ўз ТВ симфоник оркестрида оддий солист бўлган тошкентлик Иосиф Шоломоев

Яҳудийларнинг нажот қалъаси

Туркистон ҳудудида яҳудийларнинг қандай ерлашгани ҳақида турли тахмин ва афсоналар бор. Бу тахминлар ичида тарихчилар тарафидан эътироф қилинадиганига кўра¸ Ассуриядаги қирғинлар боис яҳудийларнинг бир қисми Эрон орали қочиб ўтиб¸ бугунги Ўзбекистон ҳудудларига келиб ерлашган.

Анжуманда ҳам яҳудийлар Буxорога Ассуриядаги қатағонлардан Эрон орқали қочиб келиб нажот излагани айтилди.

Буxоро яҳудийлари атамасининг биринчи бўлиб 16-асрда пайдо бўлгани айтилади.

Инглиз миссионери Вольф амир Насруллахон ҳукмронлиги даври (1826—60)да Бухорода 10 минг яҳудий яшаганлигини кўрсатиб ўтган.

Аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, 1926 йилда Ўзбекистонда 18 172, 1989 йилда эса 28 369, шу жумладан Бухорода 4200 Буxоро яҳудийлари яшаган.

Бугунга келиб Бухоро яҳудийлари деб ном олган бу жамоанинг илк даврларда Самарқандда яшагани айтилади.

Миллати яҳудий бўлган испаниялик саёҳатчи Бениамин де Тудел маълумотига кўра, 1165 йилда Самарқандда 30 мингга яқин яҳудий истиқомат қилган.

XVIII асрнинг ўрталарида Нодиршоҳ (1736-1747) Самарқандни босиб олганда¸ унинг лашкарлари орасида яҳудийлар ҳам бўлгани айтилади.

Кейинчалик улар Самарқанднинг Шоҳ-Каш, Чор-Рага, Новадон, Қўшҳовуз каби гузарларида яшаб қолганлар. Бухоро ҳукуматининг Нодиршоҳ даврида яҳудийларга нисбатан юмшоқ муомалада бўлгани ҳам айтилади.

Туркистон Россия тарафидан ишғол қилинганидан кейин рус шарқшунос олимлари аҳоли таркибидаги яҳудийлар турмуш тарзини ҳам ўрганган. Уларга кўра¸ яҳудийлар бир мавзега жам бўлиб бирга яшашни хоҳлаган. Бухорода ҳам, Шаҳрисабз, Каттақўрғон, Кармана каби вилоятларида ҳам яҳудийлар мусулмонлардан ажралган ҳолда яшаб келган.

"Бизгача етиб келган мана бу маълумот эса яҳудийлар маҳаллалари қандай ташкил бўлганига мисол бўлади"¸ дейди Рафаель Некталов Озодлик билан суҳбатда.

- 1843 йилнинг баҳорида маҳаллий яҳудийларга Самарқанднинг шарқий қисмидан 2,5 гектар жойни 10 минг кумуш тангага сотиш ҳақидаги шартнома тузилди. Бу шартномани яҳудийлардан 32 киши имзолади, давлат унинг ҳақиқийлигини тўрт муҳр билан тасдиқлади. Шундай қилиб, яҳудийлар ўзларининг биринчи маҳаллаларига эга бўлдилар.

Паст назарга нойил бўлганлар

Айни пайтда Бухоро яҳудийлари Бухоро амирлигида камситилган эди¸ дейди Некталов.

"Улар жизя солиғига тортилганлар¸чопонлари устидан арқон боғлаб юришган. Мусулмон кишини кўрганда¸ уларга от ë эшакдан тушиб¸ яëв юриш мажбурияти юкланган".

Некталовга кўра¸ совет даврига келиб бу камситишлар бошқа бир тарзда намоëн бўлган.

- 1937 йилдаги сталинча қатағон даврида 1000 га яқин Бухоро яҳудийси ҳибсга олинган, синагогалар, яҳудий мактаблари, театр, музей ва газеталар ёпилган. Қатағондан омон қолган Бухоро яҳудийлари этикдўзлик¸сурат олиш¸кинематография каби соҳаларнинг етук мутахассислари сифатида танилди.

Шунингдек улар савдо, мусиқашунослик, тилшунослик¸ актëрлик, ҳунармандчилик бўлиб, кейинчалик маиший хизмат, педагоглик соҳалари, муҳандис, врачлик касбларини эгаллашган. Бухоро яҳудийлари орасидан фан ва маданиятнинг йирик арбоблари етишиб чиққан.

Ўзбекистонда етишган фан докторлари — профессор Исҳоқов, Калантаров, Пинхасов, Маллаев; композиторлар — Левиев, Юдаков; рассомлар — Елизаров; Ўзбекистон халқ артистлари — Бобохонов, Давидова, Оқилов, Ёқубова, Шамаева шулар жумласидандир.

Тошкентда илк бор бўйрак трансплантациясини амалга оширган жаррох Роберт Пинхасов
Тошкентда илк бор бўйрак трансплантациясини амалга оширган жаррох Роберт Пинхасов

Сусамбил истаги

Ўтган асрнинг 70-йилларидан бошлаб Ўзбекистондаги Бухоро яҳудийлари Исроилдаги тарихий ватанларига кета бошлашди.

Ўтган асрнинг 90-йилларига келиб бу жараëн оммавий тус олди - қадим яҳудий маҳаллалари бўшаб қолди.

Рафаель Некталов Озодлик билан суҳбатда яҳудийларни колибри қушларига менгзайди. "Улар қаерда яхши ҳаëт бўлса¸ ўша ерда яшашади"¸ дейди Некталов.

Бухоро яҳудийлари ўзлари билан бирга тор ва рубобларини¸ ошпазлик ва тужжорлик маҳоратларини Исроил ва Америкага олиб кетишди. Биргина Нью -Йоркнинг ўзида Бухоро яҳудийларининг икки театри ишлаб турибди.

Бу театрлардан бирида Бухоро амирининг саройдаги қўшиқчиси Левича Бобохоновга бағишланган спектакль қўйилмоқда.

Бу спектакл режиссери Борис Каттаев Озодлик билан суҳбатда бу асар марказида шашмақомга муҳаббат турганини айтади.

Бухоро яҳудийларининг Германиядаги бош раввини Йоханан Ëқубовнинг айтишича бугунги Ўзбекистон раҳбарияти бухоро яхудийларига алоҳида эҳтироми билан ажралиб туради:

- Ҳофиз Левича Бобохонов номига Бухорода кўча қўйилган¸ Бухородаги яҳудий қабристонида эса "Бухоро Шаляпини" деб донг чиқарган ҳофиз қабри бор. Сал нарида канисо. Яҳудийларнинг ибодатгоҳи. Довуднинг олти қирали юлдузи Бухоро зардўзисида тўқилган бу канисо ичида Исроил байроғи ҳам осиғлик. Бу ибодатгоҳ Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган саккизта синагогадан бири.

Ëқубовнинг айтишича¸ Бухоро яҳудийларидан бирортаси АҚШ ва Германияда ишсиз қолмади:

- Физикада бордан йўқ бўлмайди¸ деган гап бор¸ Ўзбекистондан кетган ошпазлару қандолатфуруш¸ этикдўзу сартарошлар бугун ўз касбларини Америка ва Европада давом эттиришмоқда. Грин карта ютган ўзбеклар ҳам улар очган этикдўзлик устахоналари ва кабобхоналарига дастëрликка ишга киришмоқда. Дўстлик давом этмоқда.

Ўзбекистон гулзор, ҳар шаҳри лолазор

1990 йилда Бухоронинг Лабиҳовузида оддий ошпаз бўлиб ишлаган Борис Юсупов хотирасида Ўзбекистон доимий байрамдан иборат катта бир гулзор каби қолган:

- Отам Шароф Рашидовнинг хос ошпази бўлган. Қора чайкада эгнига оқ пиджак ва бошига оқ шляпа кийган Шароф Рашидовнинг табассумли сиймоси эсимда қолган. Ҳамма ëқ гулзор эди. Одамларда бир-бирига меҳр бор эди¸ дея эслашди Борис Юсупов ва унинг хотини Зоя Юсупова.

Бухоронинг Лаби ховузида оддий ошпаз бўлиб ишлаган Борис Юсупов
Бухоронинг Лаби ховузида оддий ошпаз бўлиб ишлаган Борис Юсупов

Ўзбекистондаги Шашмақом ижрочиси Фрида Муллоқандованиг АҚШда 30 йилдан бери яшаëтган қизи Тамара Катаеванинг “Ўзбекистон гулзор” қўшиғи Германияда йиғилган Бухоро яҳудийларинин ностальгик кайфиятига уйғун жаранглади.

Ўзбекистон гулзор,

ҳар шаҳри лолазор

Қандай гўзал бу боғлар,

келинг, келинг меҳмонлар!!!

Жон-жоооон

Жоним Ўзбекистон!!

XS
SM
MD
LG