18 ёшли Жасурбек Рустамхонов ва 16 ёшли Салоҳиддин Азимов Европанинг етакчи хоккей клубларида шайба сураётган ўзбекистонлик хоккейчилардир. Иккаласи ҳам Чехия Экстра-лигаси жамоалари таркибида.
Ўзбекистонлик 18 ёшли Жасурбек Рустамхонов Чехиянинг етакчи жамоаларидан бирида шайба сурмоқда.
У сентябрь ойида "HC Energie Karlovy Vary" жамоасига қўшилди ва шу тариқа Европа ўсмирлар лигасида ўйнаётган биринчи ўзбек хоккейчисига айланди.
“Ўтган йил апрель ойида Осиё чемпионати тугаганидан кейин агентим билан клуб қидираётган эдик. Ривожланишга, бу ерда хоккей спорти юксак даражада. Бу ёқдан таклиф тушди. Июл охирида акам билан бу ерга келдик. Икки ҳафталик просмотр бўлди. Иккита ўртоқлик ўйини ўйнадик. Прагада ўйнаганмиз. Ўйинлардан кейин тренер билан гаплашганимда мени клубга олишганини айтди”.
“Жасурбек Рустамхонов "HC Energie Karlovy Vary" жамоасига қўшилди ва DHL Extraliga ёки Европанинг ҳар қандай ёшлар лигасида ўйнаётган биринчи ўзбек хоккейчиси сифатида тарихга киради”, дейилади клуб хабарида.
“Биринчи бўлсам керак. Энди бизда, Ўзбекистонда энди-энди ривожланяпти хоккей. Бизда “Humo” командаси бор. Яхши ривожланяпти, кўп болалар келяпти хоккейга”, - дейди Жасурбек Рустамхонов.
Тошкентлик Жасур хоккей билан 7 ёшидан шуғулланади.
“Тошкентда 7 ёшимда бошлаганман. Next савдо маркази бор Тошкентда, ўша ерда кичкина муз бўлган, ҳозир каттароқ қилиб қайта қуришди. Акам борардилар синфдошлари билан. Дам олиш куни мен ҳам борганман. Кейин трненерлар билан гаплашиб шу ёққа ёзилганман хоккейга. Шу билан бошланган”, дея эслайди Жасур ўзининг илк бор хоккей дунёсига кириб келган онларини.
Ўтган давр ичида Жасур “Бинокор”, кейин “Ҳумо” жамоасида ўйнади.
“Бинокор” таркибида Ўзбекистон чемпионати-2023 кумуш медали совриндори бўлди.
"Бинокор" клубидан бошлаганман. Ўтган йил “Humo”га қўшилдим. Ўзбекистонда битта катта клуб бор, у “Humo”. “Humo”ни катта командасига ўтганман, у ёқда ўйнаганман".
Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида 18 ёшгача бўлган терма жамоалар ўртасида 2023 йилги Осиё ва Океания чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси сардори Жасурбек Рустамхонов беш ўйинда 14та гол уриб турнирнинг энг яхши ўйинчиси бўлган эди.
"Жас"
Чехиянинг "Energie Krlovy Vary" хоккей клубида жамоадошлари уни “Жас” деб чақиришади.
Клуб мураббийи Павел Арношт ҳужумчи Рустамхоновни энг яхши ўзбек хоккейчиларидан бири деб атайди.
“Жас ўтган йил ёзида Чехияга келганди. Уни бизга агенти таклиф қилди. Биз унда истеъдодни кўрдик ва у бизга ёқди. Кейин уни жамоамизга қабул қилиш жараёни бошланди. Чехияга таклиф қилиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш кўп вақтни олди. Ҳозир унинг учун асосий нарса - чех тилини яхшилаш. Жасни ўзбекнинг энг яхши хоккейчиларидан бири деб биламан. Ҳозир у ёшлар ўртасидаги Осиё ва Океания чемпионатига йўл оляпти, у Ўзбекистон терма жамоаси сардори. Менимча бу ерда орттирган тажрибаси Осиё чемпионати ўйинларида унга асқатади”, - дейди Павел Арношт.
Жасур Рустамхонов чех жамоадошлари билан ҳозирча фақат инглиз тилида гаплашишига тўғри келяпти.
“Тил муаммо бўляпти. Инглиз тилида гаплашишга ҳаракат қиламан командадаги болалар билан. Болалар ҳам тушунишади чех тилини билмаслигимни, улар ҳам ҳаракат қилишади инглиз тилида гаплашишга.. ”, - дейди Рустамхонов.
Старт чизиғида турган Ўзбек хоккейи
Чехия хоккей спорти ривожланган дунёдаги саноқли давлатлардан бири. Бу мамлакатда хоккей энг оммабоп спорт тури ҳисобланади.
“Билсангиз, ўтган йили Чехия жаҳон чемпиони бўлди. Ўсмирлар командаси учинчи бўлди. Бу ерда хоккей жуда ҳам кучли. Командалар жуда кўп, шунга яраша конкуренция ҳам катта. Хоккей ўйнамоқчи бўлса, бу ерда энг зўри бўлиш керак. Анча кучли ва ўйлайман, Ўзбекистонда ҳам хоккей мана шундай ривожланади”, - дейди Рустамхонов.
Жасур Чехия муз майдонларида шайба сураётган ягона профессионал хоккейчи эмас.
Ўзбекистонлик бошқа бир хоккейчи Салоҳиддин Азимов ўтган ой HC "Motor České Budějovice" U-17 клуби билан шартнома имзолади.
У айнан шу ёш тоифасидаги мамлакат биринчилигида иштирок этмоқда.
15 ёшли хоккейчи мазкур жамоа таркибида ҳозирга қадар 10 та ўйинда музга чиқиб, 6 та шайба киритди ва 2 та ассист қайд этди.
Ўзбекистоннинг 18 ёшгача ўсмирлар терма жамоси бу йилги Осиё ва Океания чемпионатига ҳозирлик кўрмоқда. Cалоҳиддин Азимов ва Жасурбек Рустамхонов терма жамоанинг умидли ўйинчиларидан.
Ўзбекистон иссиқ иқлими туфайли очиқ майдонларда хоккейни ривожлантириш имкониятига эга эмас.
Мамлакат раҳбарияти йиллардан бери хоккей спортини тирилтиришга уриниб келади.
2018 йилда Ўзбекистон Хоккей федерацияси ташкил этилди, Тошкентда тўртта жамоа - “Бинокор”, “Семурғ”, “Тошкент” ва “Ҳумо” иш бошлади.
“Хоккей спортида бошланғич стартда турган Ўзбекистон учун Жасурбек Рустамхоновнинг қобилияти жуда юқори. Энг ёш ўйинчи, кун сайин яхшилашиб боряпти. Ўзини устида кўп ишласа, бундан ҳам яхши бўлади, ривожланиши учун имконият кўп, ҳали ёш . Унга бу ерда бўлишнинг ёрдами катта бўляпти, лекин ўзидан уч-тўрт ёш катта ўйинчилар билан бирга ўйнаш осон эмас”, - дейди чехиялик тренер Павел Арношт.
Бу йилдан Ўзбекистон миллий хоккей жамоаси халқаро хоккей чемпионати энг қуйи тўртинчи дивизионида иштирок этишни бошлашни режалаяпти.
“Қарор чиққан миллий жамоа тузиш ҳақида. 10 февраль куни борганимда гаплашамиз, тренер нима деса, шу бўлади. Катта ўйинчилар ўйнайди у ерда, мен ҳам ўйнайман деган умид бор”, - дейди ўзбек хоккейчиси Жасурбек Рустамхонов.
Ўзбекистон терма жамоаси ҳали ўйин ўтказмаган.
Сўнгги олти йилда Тошкентда сунъий муз билан қопланган тўртта майдон пайдо бўлди.
“Ҳумо Арена” муз майдони асосий арена, 12 500 томошабинга мўлжалланган.
Шунингдек, Самарқанд ва Фарғонада ёпиқ муз саройи қурилди.
Бу 38 миллион аҳолисига эга мамлакатда хоккей спортини ривожлантириш учун етарли эмас.
Муз ареналари учун узлуксиз электр таъминоти муҳим. Узунлиги 61 эни 25 метр бўлган хоккей майдонида 40 минг литр сувни муз ҳолида ушлаб туриш учун соатига 520 kWt энергия керак бўлади.
Хоккей энг қиммат спорт турларидан. Хоккей ўйинчисининг коньки, каска таёқ ва ҳимоя анжомлари қиммат.
“Қиммат спорт. Конькидан шлемгача кийинтириш қиммат туради. Ўшанга кўплар хоккейга келолмайди”, - дейди Рустамхонов.
Ўзбекистонда хоккей спорти тарихи аслида ўтган асрнинг етмишинчи йилларига бориб тақалади.
1972 йилда Ўзбекистон хоккей ривожланган дунёнинг энг жанубий мамлакатига айланган ва Гиннеснинг рекордлар китобига ҳам кирганди.
Айнан етмишинчи йилларнинг бошида Тошкентда "Юбилейний" муз спорт саройи қурилди, бир йил ўтиб унинг негизида "Спартак" жамоаси ташкил этилди.
1973 йилда жамоа “Главташкентстрой” балансига ўтди ва номи "Бинокор" ("Қурувчи") деб ўзгартирилди.
Ўзбекистонда хоккейчилар бўлмагани учун “Бинокор” таркиби асосан қўшни давлатлар, Россиядан бўлган спортчилардан ташкил топди.
Кейинчалик клубга маҳаллий хоккейчилар ҳам қўшилди.
1976 йилда «Бинокор» зона турнирида ғолиб чиқди ва биринчи лигага йўл олди. У ерда кетма-кет саккиз мавсумни ўтказди.
Энг яхши натижани тошкентликлар 1977/1978 йилги мавсумда кўрсатиб, тўртинчи ўринни эгаллашган.
1978 йилда "Бинокор" ягона марта халқаро миқёсда ўйнади: Чехословакия Таборида у "Олтин Колоссус" турнирида ўйнади ва у ерда учинчи ўринни эгаллади.
Саксонинчи йиллар ўртасига келиб “Бинокор” биринчи лигадан тушиб кетди ва 1988 йилда тарқатиб юборилди.
Совет Иттифоқи тарқагач Ўзбекистонда хоккей спорти ҳам ўтмишга айланди. “Юбилейний” саройи “Алпомиш” концерт саройига айланди.
Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач хоккейни қайтадан тирилтириш бошланди.
Мирзиёев оиласи хоккей спорти ишқибозларидан. Олдинроқ президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева ўғли Шавкатнинг Ҳумо-Аренада хоккей ўйнаётгани суратини ижтимоий тармоқ саҳифасига жойлаганди.
Ўзбекистон Халқаро Хоккей федерацияси аъзоси, бу йилдан мамлакат миллий хоккей жамоаси халқаро хоккей турнирида иштирок этишни бошлаш ниятида.
2019 йилда Ўзбекистон хоккей лигаси ташкил этилиб, унга Тошкентнинг тўртта жамоаси кирди: “Бинокор”, “Семурғ”, “Тошкент” ва “Ҳумо”.
Ўзбекистон Хоккей федерацияси маълумотига кўра, мамлакатда 369 нафар хоккейчи (113 нафар эркак, 4 нафар аёл, 252 нафар ўсмир) ва 8 нафар ҳакам бор.
“Ўзбекистонда жуда кўп болалар бор. Савияси яхши болалар. Энди ҳамма ҳам чет элга бориб яшай олмайди. Бизда ўйинчиларнинг бошқа жойга бориб ўйнаши унча ривожланмаган. Мен биринчиларданман, ёш хоккейчилар кўриб кетишга ҳаракат қилишади, чунки бу ёқда савия бошқача”, дейди ўзбек хоккейчиси Жасурбек Рустамхонов.
Украинадаги уруш ва рус хоккейчилари
2022 йилда Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан сўнг Ўзбекистон хоккей спорти тарихи янги босқичга ўтди.
Халқаро Хоккей федерацияси агрессор давлатлар - Россия ва Беларус терма жамоаларини халқаро мусобақалардан четлатди.
Уларнинг ўйинчилари ва мураббийлари халқаро турнирларда иштирок этолмаяпти, уларнинг дисквалификацияси 2024/2025 йилги мавсум учун ҳам узайтирилди.
Натижада, кўплаб рус хоккейчилари дунёнинг бошқа мамлакатларига оқиб кетишни бошлади. Уларнинг бир қисми Ўзбекистонга ҳам келди.
Баъзилари ўзбек ватандошлигини олди, 2025 йилда Ўзбекистон терма жамоаси федерациянинг 4-дивизионида дебют қилади.
Чемпионат Ереванда 13-19 апрел кунлари бўлиб ўтади. Ўзбекистон бу чемпионатда Арманистон, Эрон, Қувайт, Малайзия каби давлат хоккей жамоалари билан беллашади.
Жаҳон хоккейидаги энг машҳур ўзбекистонлик АҚШ ватандоши, ҳужумчи Артур Калиевдир.
У Тошкентда туғилган, лекин болалигида ота-онаси билан АҚШга кўчиб ўтган. Артур Онтарио хоккей лигасида “Лос-Анжелес Кингс” таркибига кирувчи “Ҳамилтон Буллдогс” жамоасида ўйнайди.
У АҚШ терма жамоаси сафида ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этган.
Ўзбек хоккейчиси Жасур Рустамхоновнинг ҳам орзуси NHL да ўйнаш.
“Менда ҳам ҳамма хоккейчилардай энг зўр лигада ўйнаш орзуйим бор, NHL да , ўшанга ҳаракат қиламан”, - дейди ўзбек хоккейчиси.
Форум