Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:20

Чўкиб ўлгани айтилган аскарнинг отаси унинг зўравонлик қурбони бўлганини иддао қилмоқда


Асадбек Файзуллаев жорий йилнинг март ойида 1 йиллик ҳарбий хизматга чақирилган.
Асадбек Файзуллаев жорий йилнинг март ойида 1 йиллик ҳарбий хизматга чақирилган.

Ўзбек-афғон чегарасида хизмат қилаётган пайти ўлган аскар Асадбек Файзуллаевнинг отаси ўғлининг ўлими бўйича жиноят иши очилишини талаб қилмоқда.

20 яшар Асадбек Файзуллаев жорий йилнинг 26 июль куни Термиз шаҳридаги 9221-сонли ҳарбий қисмда хизмат қилаётган пайти “Амузанг” каналидан ўлик ҳолда топилган.

Ўзбекистон ҳарбий прокуратурасига кўра, оддий аскар Файзуллаев “Амузанг” каналида чўмилиш вақтида чўкиб кетиши оқибатида вафот этган.

Асадбекнинг отаси Анвар Шодиев эса ўғлини ўлдириб, кейин сувга ташлашганини иддао қилмоқда.

Жиззах вилояти, Жиззах шаҳри, Маданият маҳалласида яшовчи Анвар Шодиев Термиз шаҳридаги 9221-сонли ҳарбий қисмда хизмат қилаётган пайти ўлган ўғли Асадбекнинг жасадини эксгумация қилишни ва унинг ўлими бўйича жиноят иши очишни талаб қилмоқда.

- Мен ўғлимни эксгумация қилишни талаб қиламан. Жиноят иши очилишини талаб қиламиз,- дейди Анвар Шодиев Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон ҳарбий прокуратураси томонидан Асадбек оиласига жўнатилган ҳужжатда А. Файзуллаев хизмат давомида “Амузанг” каналида чўмилиш вақтида чўкиб кетиши оқибатида вафот этгани айтилган.

Бироқ Анвар Шодиев ўғлининг чўкиб ўлганига ишонмаслигини айтади:

- Ўғлимнинг жасадини кўрдим, баданидаги жароҳатларни кўрдим. Бу чўкиб ўлган одамнинг жароҳатларига умуман ўхшамайди. Ўғлимни биринчи уриб ўлдиришган. Кейин сувга ташлаб қўйишган, “чўкди” деб ўйлашлари учун. Жағининг ўнг томони синиб, ичкарига кириб кетган. Қовурғасининг чап томони синиб ётибди. Ўнг қўлида учта бармоғини синдириб ташланган. Чап қўл панжаси иккига бўлиниб кетган. Ёпиштириб қўйилди. Оёғида ҳам кўкаришлар бор эди. Биз фақат оғзини очиб кўра олмадик. Оғзини очсак, тинимсиз қон келаётганди. Бунча жароҳат чўкиш натижасида бўлмайди. Чўккан, деган канални бориб кўрдик. У ҳатто бетонланмаган канал экан. Қамиш кўп каналда, лекин баданида тирналган излари йўқ.

Шодиев бу иддаолари ҳақида турли ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилгани, бироқ ўғлининг ўлими бўйича жиноят иши очилмаганини айтмоқда.

Терговга қадар суриштирув ишлари натижасига кўра, Асадбек Файзуллаев жорий йилнинг 26 июль куни “Амузанг” каналига чўкиб кетган ва унинг жасади 28 июль куни топилган.

Асадбек Файзуллаев жасади топилган жой.
Асадбек Файзуллаев жасади топилган жой.

Отанинг сўзларига кўра, Асадбекнинг онаси Дилдора Зокирова ўғлининг жасади топилган пайтда ҳодиса жойида бўлган ва ўғлининг жасадини видеога олган.

- Онаси ўғлимнинг жасадини қирғоқ бўйига чиқариб қўйган пайти борган. Ўғлим кийимида бўлган. Шимининг ремени, қўлида соати, оёғида этиги ҳам бўлган. Бу шубҳа уйғотган, одам кийим билан чўмилмайдику,- дейди Анвар Шодиев.

Шодиевнинг айтишича, ҳодиса гувоҳларининг ўз кўрсатмаларини бир неча бор ўзгартиргани ҳам уларнинг шубҳаларини оширган.

Ўлимидан сал аввал Асадбек Файзуллаев мукофотланган.
Ўлимидан сал аввал Асадбек Файзуллаев мукофотланган.

Озодликка тақдим қилинган терговга қадар суриштирув тафсилотлари келтирилган ҳужжат нусхасига кўра, ҳодиса гувоҳларидан бири Асадбек бир хизматдоши билан тарвуз сўйиб егани ва кейин қўлини каналдан юваётган пайти сирпаниб, сувга тушиб кетгани ҳақида айтган.

Кейинги ҳужжатларда, жумладан, Ўзбекистон ҳарбий прокуратураси ҳужжатларида ҳам Асадбек Файзуллаев каналда чўмилиш пайти чўкиб кетгани қайд қилинган.

Бошқа бир ҳужжатда эса ҳодиса “Чегара қўшинларига қарашли фермага соқчилик нарядига тайинланган” пайти содир бўлгани ёзилган.

Анвар Шодиев ўғли Асадбек ўлимидан аввал ҳарбий қисмда ўзига нисбатан тазйиқ бўлганидан шикоят қилганини айтади:

- Ўғлим мендан яширган, лекин 2 ойдан бери онасига айтиб келаётган экан. “Она, командир батальон билан камандир взвод манга кўп тазйиқ ўтказяпти. Акамларга айтинг, телефон қилиб, қўйсинлар”, деган. Менга бир оғиз айтмаган-да. Уришган уни 3-4талашиб, буни дедовшина дейиларди, союз пайти. Лекин у пайтлари ўлим ҳолати бўлмаган”.

Термиз ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар ўтказилган текширув натижасига кўра, “Асадбек Файзуллаевнинг сувда чўкиб, вафот этганлиги ҳолатида катта лейтенант М.М.Акбаров ва бошқаларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят таркиби аниқланмаганилиги сабабли, 2021 йил 25 август куни Ўзбекистон жиноят-процессуал кодекси 83-моддасининг 2-банди (реабилитация учун асослар, унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса)га асосоан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган”.

Ушбу қарор Республика Ҳарбий прокуратураси томонидан назорат тартибида ўрганиб чиқилган ва уни бекор қилиш учун асослар аниқланмагани айтилган расмий ҳужжатда.

Суд тиббий экспертизаси хулосасига кўра, “марҳум Файзуллаев А.А.ни ўлими юқори нафас йўлларини сув билан беркилишидан келиб чиққан механик асфиксия натижасида содир бўлган”.

Ҳарбий қисмдан олинган маълумотга кўра, аскар Файзуллаев ўлими бўйича қисм бошлиқларига огоҳлантириш берилган.

Мудофаа расмийлари Ўзбекистонда ҳарбий хизматга борган янги аскарларни тахқирлаш (дедовшина) муаммоси йўқлигини айтиб келишади.

XS
SM
MD
LG