Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:40

"Дарья отасининг ўрнига ўлди”. ФСБ Дугинанинг қотилини топдими?


Александр Дугин қизи Дарья Дугинанинг дафн маросимида. Москва вилояти, 23 август, 2022.
Александр Дугин қизи Дарья Дугинанинг дафн маросимида. Москва вилояти, 23 август, 2022.

Ўнг радикал файласуф ва “рус дунёси”нинг ғоявий отаси сифатида кўриладиган Александр Дугиннинг қизи Дарья Дугина бошқарувидаги автомобиль портлаб кетганидан икки кун ўтиб Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ – ФСБ) қотилликни фош этганини эълон қилди.

ФСБ жиноят Украина махсус хизматлари томонидан тайёрлангани ва содир этилганини иддао қилмоқда. Гумондор – Украина фуқароси, 1979 йилда туғилган Наталья Вовк. ФСБ талқинига кўра, у 12 яшар қизи билан бирга Россияга келиб, Москвада Дугина яшаган уйда ижарада турган. 20 август куни у ота-бола Дугинлар иштирок этган “Традиция” фестивалида бўлгани айтилмоқда.

21 августда Россия Тергов қўмитаси “ижтимоий хавфли усулда қотиллик қилиш” моддаси бўйича жиноят иши очди, уни юритиш қўмита марказий аппаратига ўтказилди. Шундан сўнг айрим тафсилотлар очиқланди: гўё, бомба машина тагига – ҳайдовчи ўриндиғи тарафдан ёпиштирилган бўлган ва гўё, Александр Дугин ҳам шу автомобилда қайтиши керак бўлгану сўнгги дақиқада бошқа уловга ўтирган эмиш.

Дарья Дугина билан ҳамкорлик қилган “Царьград” телеканали, шунингдек RT бош муҳаррири Маргарита Симоньян воқеадан бир неча соат ўтиб қотилликни Украина махсус хизматларига тўнкадилар ва Кремлни Киевдаги қарор қабул қилиш марказлари – Украина президенти маъмурияти, Хавфсизлик хизмати ва Мудофаа вазирлигига зарба беришга чақирдилар. Россия ТИВ вакили Мария Захарова эса ушбу қотилликда “Украинанинг қўли борлиги исботлангудек бўлса, бу Киев режимининг давлат терроризми сиёсатидан дарак” эканини айтди.

Президент офиси раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк қотилликка Украинанинг дахли йўқлигини урғулади. “Биз Россия сингари жинояткор давлат эмасмиз, террорчи давлат-ку инчунун”, деди мулозим. Унинг фикрича, Дарья Дугина ўлими Россиянинг чинакам сафарбарлик ўтказиш хоҳиши ёки сиёсий гуруҳларнинг мамлакат ичидаги мафкуравий маконни қайта тақсимлаш учун кураши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

22 август куни Дарья Дугина ўлимини Миллий республикачилар армияси ўз бўйнига олгани маълум қилинди. “Сова” ахборот-таҳлил маркази раҳбари Александр Верховский мазкур гуруҳ ҳақида шу чоққача ҳеч нима маълум эмаслигини айтди: “Бу ҳақда илк бор куни кеча Илья Пономарёвдан (Давлат думаси собиқ депутати, Украинада яшайди – Озодлик) эшитдим. Очиғи, шунақа ташкилот борлигига амин эмасман. Эҳтимол, ростдан ҳам мавжуддир, лекин у ҳақида ҳеч нима билмаймиз”.

Дарья Дугина отасининг маслакдоши бўлиб, “Украинага қарши ёлғон маълумотлар тарқатгани учун” у билан бирга Буюк Британия ва Австралия санкцияларига йўлиққан. Дарья ҳукуматпараст ва пропагандачи ОАВларда мақолалар чиқарар, гоҳида Украинанинг Россия босиб олган ҳудудларига сафар қиларди. Отаси Алексанр Дугин “русский мир”нинг мафкуравий раҳнамоларидан бири, Украинага қўшин киритиш ва уни тамоман забт этиш тарафдоридир. Россия бошлаган мазкур уруш Дугин ғояларини рўёбга чиқаришга уриниш ўлароқ баҳоланади.

Дарья Дугина ўлимига сабаб бўлган портлаш воқеаси асл нишон унинг отаси бўлган бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. “У Россияни Хитой билан бирга АҚШга қарши иттифоқ тузиш, қолаверса, “археомодерн” концепцияси негизида ва Путин раҳбарлигида қудратли “консерватив инқилоб” ясаш билангина қутқариш мумкин, деб билади. Бунақа улуғвор тарихий миссия Путинга хуш ёқарди – у кўп йиллар Дугинга ишонди ва унинг тили билан гапириб юрди. Дугин орзу қилган “консерватив инқилоб” эса Украина устидан қозонилажак “музаффарона уруш” ва Ғарб билан буткул орани узишдан бошланиши керак эди”, дейди украин сиёсатшуноси Виктор Небожеко.

Россия ва Украинадаги радикал ҳаракатлар бўйича эксперт Антон Шеховцев Дарья Дугинани “отасининг кичик нусхаси эди”, дея таърифлайди: “Қайсидир маънода у мини-Дугин эди, аммо отасида бор нуфузнинг юздан бирига ҳам эришмаган бўлса-да, унинг изидан кетаётганди. Қизгина, отасига ўхшаб Ғарбга, АҚШга, Украинага қарши пропаганда ҳамда ахборот уруши билан шуғулланарди. Менимча, Дарья отасининг ўрнига ўлди”.

Виктор Небоженко Дарья Дугинанинг ўлими ҳозирданоқ Россияда ҳокимият алмашувини хаёл қилаётган ва ўз фарзандларини Владимир Путинга меросхўр ўлароқ кўраётган кишиларни сергак торттириши лозим, деб ҳисоблайди. “Фаҳмимча, Путиннинг теварагида Ғарб ва Украина билан муроса қилиш тарафдори бўлмиш “тинчликпарвар” кучлар билан Дугинга ўхшаган “қирғийлар” ўртасида қаттиқ кураш кечмоқда. Патрушев, Шойгу ва Дугин Украина ва Ғарб билан ғалабага қадар урушиш, оқибатларидан чўчимаган ҳолда ҳар қандай қуролни, керак бўлса ядро қуролини ишга солишни талаб қилишади. “Тинчликсевар” гуруҳ урушқоқларнинг ғоявий раҳбарини йўқ қилишга уриниб ўз мавқеини мустаҳкамламоқчи бўлган”, дея мулоҳаза қилади Небоженко.

Антон Шеховцев Александр Дугин оиласига берилган зарба ким учун фойдали бўлгани хусусида шундай дейди:

“Бундан ким манфаат кўришини айтиш қийин. Россияда Путин режимига қарши партизарлик ҳаракати бор, дейишади. Агар бу рост бўлса, Дугин фашизм идеологи, Кремлнинг афсоналаштирилган мафкуравий падари сифатида улар учун легитим нишон бўла олади. Бинобарин, бу эҳтимолни истисно этмайман. Қотилликни Кремлдаги гуруҳлардан бирининг режаси дейдиган бўлсак, бу Украинадаги урушнинг эскалация бўлиши тарафдорларигагина фойдали бўлади”.

Антон Шеховцевнинг фикрича, Александр Дугин Кремлнинг идеологи саналади ва рамзий нишон ўлароқ аҳамиятга эга, бироқ унинг ўлимидан Украина кўп нарса ютади, деб айтиш қийин.

"Дугин биринчи, иккинчи ёки ҳатто учинчи даражали нишон ҳам бўла олмайди. Ҳа, у легитим нишон, лекин муҳим эмас", дейди таҳлилчи.

Форум

XS
SM
MD
LG