Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:11

Днестр Россиянинг Украинага ҳужумида роль ўйнайдими?


Молдованинг бўлгинчи Днестр ҳудудида Россия ўн йиллардирки мингдан ортиқ ҳарбий сақлаб келмоқда. Украина расмийлари бундан хавотирда.
Молдованинг бўлгинчи Днестр ҳудудида Россия ўн йиллардирки мингдан ортиқ ҳарбий сақлаб келмоқда. Украина расмийлари бундан хавотирда.

Россия Украинани уч томондан: жанубда Қримдан, шимолда Беларусдан ва ўзининг Украина билан чегарасида қуршаб олган ҳолда 130 мингга яқин аскар ва ҳарбий техникани жойлаштирган.

Украинанинг жануби-ғарбий чегарасида Россия қўшинларининг кичик контингенти камдан-кам тилга олинади.

Баъзи ҳарбий экспертлар фикрича, агар Россия Украинага кенг кўламли ҳарбий юриш бошласа, мазкур минтақа муҳим нуқтага айланиши мумкин.

Вашингтон ҳам бундан хавотирда. 14 февраль куни АҚШ Давлат департаменти АҚШ фуқароларини пандемия ва "Украина атрофидаги ташвишли вазият туфайли , шунингдек, ҳукумат ва Днестр бўлгинчи минтақаси ўртасидаги можаро" сабабли Молдовага бормасликка чақирди.

"АҚШ фуқаролари Днестрни зудлик билан тарк этиши керак", дейилади АҚШ Давлат департаменти баёнотида.

Россия Украинага бостириб киришни режалаштираётгани ҳақидаги айбловларини рад этиб келади. Шу билан бирга, Москва агар Киевнинг НАТОга қўшмаслик талаби бажарилмаса, “ҳарбий-техник” чоралар кўриши мумкинлиги билан огоҳлантирган.

Днестр ҳақида

450 000 га яқин аҳоли истиқомат қиладиган Днестр – Украина ва Молдова ўртасида жойлашган. Ўз пул бирлиги – Днестр рублига эга. Ҳудуд совет давридан қолган кўплаб ҳайкаллар ва коммунизм даври архитектураси билан ажралиб туради.

Асосан русийзабон аҳолига эга минтақа 1990 йилда мустақиллик эълон қилди ва икки йилдан сўнг Молдова қўшинларига қарши беш ойлик уруш олиб борди. 1992 йилда сулҳ имзоланган, аммо можарони ҳал қилиш қийин бўлиб қолди. Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) муаммони ҳал қилиш учун “5+2” формати доирасида ҳаракат қилмоқда.

Днестр аскарлари 2012 йил 2 сентябрь куни пойтахт Тирасполда Мустақиллик кунини нишонлашда иштирок этишмоқда.
Днестр аскарлари 2012 йил 2 сентябрь куни пойтахт Тирасполда Мустақиллик кунини нишонлашда иштирок этишмоқда.

Грузиянинг бўлгинчи Жанубий Осетия ва Абхазия вилоятлари бўлган норасмий республикалар унинг мустақиллигини тан олган, аммо Россия тан олмаган.

Шунга қарамай, Москва ўз таъсирини мазкур минтақада сақлаб турибди. Россия Днестрни энергия билан таъминлайди, бироқ ҳисоб-китобни Молдова билан қилади. Худди бошқа бўлгинчи ҳудудларда бўлгани каби, Москва Днестр аҳолисига ҳам Россия паспортларини берган. 2002 йилдан бери 200 000 га яқин инсон рус фуқаролигини олган.

Рус қўшинлари сони қанча?

1992 йилда сулҳ имзоланганидан кўп ўтмай, рус қўшинлари тинчликпарвар куч сифатида ҳудудга киритилди. Тахминларга кўра у ерда 1200 дан 1500 гача рус ҳарбийлари бор. Уларнинг миссияси Украина билан чегарадан атиги 2 километр узоқликдаги Кобаснада жойлашган Шарқий Европадаги энг йирик ўқ-дорилар омборини (22 минг тонна ўқ-дори сақланади) қўриқлашдан иборат. Молдова ва ЕХҲТ мазкур базани йўқ қилишни талаб қилган, бироқ Россия буни ортга суриб келмоқда.

Москва яқинда НАТО ва Қўшма Штатларнинг қурол назорати бўйича мулоқот эвазига ўз қўшинларини Қримдан, Жанубий Осетия ва Абхазиядан олиб чиқиш ҳақидаги талабларини рад этди. Россия ўз қўшинлари Днестрда Россия фуқароларини ҳимоя қилиш ва жанговар ҳаракатлар қайта бошланмаслиги учун “хавфсизлик омили” ўлароқ зарурлигини важ қилган.

Днестр ҳам 4000 дан 7500 гача ўз қуролли кучларига эга. 2017 йилги ҳисоботларга кўра, уларнинг баъзилари армияга мажбуран киритилган.

Днестр Украина учун яна бир таҳдидми?

Мавжуд кескинлик фонида Украина Днестр давлат рақамларига эга автомобилларнинг мамлакатга киришини 2021 йил 1 сентябрдан тақиқлаган.

Январь ойида Украина разведкаси Россия махсус хизматларини Кобаснада урушга баҳона келтириб чиқариш учун провокациялар режалаштираётганликда айблаганидан сўнг кескинлик янада кучайди.

Орадан бир ой ўтгач, рус қўшинлари Днестрда ҳарбий машғулотлар ўтказгач, Украинанинг хавотирлари ортди.

Молдова ташқи ишлар вазири Нику Попеску яқинда “Foreign Policy” нашрига берган интервьюсида “Айни дамда биз Днестрда ноодатий ҳаракатларни кўрмаяпмиз, аммо вазият ўзгариши мумкинлигидан хавотирдамиз. Биз доимий равишда Россия қўшинларини Молдова ҳудудидан олиб чиқиб кетишга чақириб келамиз ва бу бизнинг суверен ҳуқуқимиз эканлиги таъкидлаймиз”.

NBC News телеканали келтирган разведка маълумотларига кўра, Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинида “Молдовадан кўприк сифатида фойдаланиш ва Қора денгиз қирғоқларининг катта қисмини назорат қилиш” режалаштирилган бўлиши мумкин.

Бошқа таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Қора денгиздаги Россия кучлари "Днестрдаги рус ҳарбийлари билан биргаликда" Украинанинг Одесса шаҳрини нишонга олиши мумкин.

Аввалроқ “Conflict Intelligence Team” таҳлилчилари Қримда катта ҳажмдаги рус қўшинлари ва техникаси, йирик денгиз кучлари тўпланганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG